Оймонанд юлдузлар маскани ёхуд биргина кўшкининг ўзига 4 килодан зиёд тилла ишлатилган гўшада бўлганмисиз?
Бухоро амирларининг Ситораи Мохи Хосса ёзги саройи XIX-XX асрлар Шарқ нафис меъморчилик санъатидаги ноёб тарихий-меъморий обидалардан саналади.
Ёзги саройнинг асосий бинолари Бухоронинг сўнгги амири Мир Саййид Олимхон ҳукмронлиги даврида қурилган. Умумий майдони 6,7 гектарни ташкил қилади. Унда қабулхона, меҳмонхона, ётоқхона, ҳарамхона, кўшк, масжид ва филхоналар бўлган. Сарой ичкарисига ҳашаматли қилиб қурилган маҳобатли дарвозахонадан кирилади. Дарвозахона кошин ва рангли шишалар билан зеб берилган муҳташам тоққа эга. Икки бурчаги кошинли гулдасталар қурилган пештоқ билан безатилган.
Дарвозахонадан ташқи ҳовли (ҳавли берун)га кирилади. Унинг уч томонига енгил қилиб ёғочдан қурилган, нақшлар билан ганчкорлик услубида безатилган чоркунж устунли айвонлар жойлашган. Ташқари қисм ҳунармандлар ҳовлиси деб ҳам номланган. Долоннинг қайрилма йўлагидан саройнинг асосий ичкари ҳовлиси (рўйи ҳавли дарун)га кирилади.\
Бухоро амирлигининг Россия вассалига айлангани сарой қурилиши услубида ўз ифодасини топган. Амир Олимхон уни лойиҳалаштиришда рус муҳандислари Маргулес ва Саковичлар хизматидан фойдаланган. Шу боисдан кўпчилик биноларнинг ташқи кўриниши европача. Аммо ички безаклари миллий услубда.
Ичкари ҳовлидаги саройнинг асосий қисми “П” ҳарфи шаклида барпо этилган. Унинг шимол томонида ҳашаматли айвон жойлашган. Айвон тўрт аркали, саккиз ёғоч устунли, ости мовий фируза рангда. Уст қисми геометрик гирих нақшлар, пасти мажнунтоллар тасвири билан безатилган. У “Саломхона” деб номланган. Ҳар эрталаб ётоқхонасидан чиқиб кўриниш берганида, айвонга йиғилган сарой аҳли, уламолар амирга салом бериб кутиб олишган. Қабулхона биносининг ғарб томонида “Оқ хона” (Хонаи Сафед), даҳлизхона, хобхона, кутиш зали, жануб томонда эса ойнаванд айвон “Чойхона”, зиёфатлар зали, мирзахона ва шахмат заллари жойлашган.
Ҳовли ўртасида доирасимон кичкина фаввора ўрнатилган. Уни Германиядан келтирилган керосинда ишлайдиган генератор ҳаракатга келтирган.
1915-1916 йилларда қурилган “Хонаи-Ҳашт” — саккиз хоналик кўшк лойиҳасига кўра, европача кўринишда. Унинг меҳмонхонаси томи майда оқ тунука билан гумбазсимон қилиб ёпилган. Арка шаклидаги деразалар ташқаридан қараганда европалик бойларнинг уйларини эслатади. Аммо кўшкка кираверишдаги айвончанинг қарама-қарши деворлари ва шифти юқорига қараб тарвақайлаб кетган ажойиб гулдасталар билан безатилган бўлиб, чинакам шарқона санъат намунасидир.
Кўшкнинг марказида саккиз бурчакли “Хонхона” жойлашган. Унда наққошлик санъатининг нозик ечимларини кўрасиз. Девор ва шифтига олтин ва кумушдан ҳал бериб “кундал” нақшлари туширилган. Кўшкни безатиш ишларига 4 килограмму 250 грамм тилла сарфланган.
XX аср бошларида Бухоро атрофида “Оймонанд юлдузлар маскани” деган таърифланган Ситораи Моҳи Хоссага ўхшаган саройларнинг бир нечтаси бор эди. Карманадаги Абдулаҳадхон, Ширбуддиндаги Музаффархон ёзги саройлари шулар жумласидан. Бироқ бу қароргоҳлар эътиборсизлик, қаровсизлик қурбони бўлди. Фақатгина Ситораи Моҳи Хосса саройигина ҳаёт тўфонларига бардош бериб, бизгача етиб келди. Шу боисдан бу ердаги ҳар бир осори атиқа бой тарихий меросимизнинг ажралмас бир бўлаги сифатида қадрли. Мана, ҳарам биносини олиб кўринг. Унинг “хонаи калон”ни, яъни катта уйи сақланиб қолган. Ҳарамда амирнинг аёллари, энагалар ва канизаклар яшаган бўлиб, улар асосан тахт ворисларини, шаҳзодаларни тарбиялаш билан машғул бўлишган. Ҳарам биноси ҳам катта тарихий аҳамиятга эга. Чунки у Ситораи Мохи Хосса мажмуасининг ажралмас қисмидир. Лойиҳаси эса ноёб. Унда Европа ва Исфахон саройлари ҳамда Бухоро меъморчилигининг энг яхши жиҳатлари уйғунлашган.
Ҳозир ҳовлининг олд ва ташқари томонлари меъморий безак кўринишларини, бино бузилган қисмини тиклаш вазифаси турибди. Ҳарам – ҳовлининг қиёфаси фотоҳужжатлар асосида асл ҳолига келтирилса ва Бухоро этнография музейи ташкил этилса, бу қадриятларимизни, миллий анъаналаримизни янада чуқур ўрганишга қўшилган катта ҳисса бўлур эди. Зеро, бу кўҳна гўша нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларни ҳам ўзига оҳанрабодек тортиб келмоқда. Ундаги айрим экспонатларнинг нодирлиги, камёблигини эса биргина чинни буюмлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Дейлик, Япониядаги устахоналарда махсус тайёрлатиб келтирилган безакли чинни ва фаянс гулдонлар, деворларига кунчиқар юрт тимсоли саналган хризантема, сафора, бахт тимсоли – турналар, елпиғич тутган аёллар, афсонавий қуш ва ҳайвонлар тасвири акс этган туваклар бор. Асосий қисмига нақшларни фақат бир уста туширган. Бошқача айтганда, уни Япония музейларида ҳам учратмайсиз.
Наргиза ЖУМАЕВА,
Бухоро шаҳридаги Ситораи Мохи Хосса халқ амалий
безак санъати музейи филиали илмий ходими.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг