Ойбекнинг асари орадан 81 йил ўтиб қайта саҳналаштирилди

11:56 30 Октябр 2025 Жамият
251 0

Гап Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Маҳмуд Торобий” асари ҳақида бормоқда. Маълумотларга қараганда, у суронли 1941 йилнинг кузида, атиги 25 кунда ёзиб тугалланган ва кейинчалик драматик достон сифатида эълон қилинган. Асар 1944 йилда илк бор Алишер Навоий театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган.

— Биздаги маълумотларга кўра, шундан сўнг бу асар саҳна юзини кўрмаган, — дейди Бухоро вилоят мусиқали драма театри адабий бўлими мудири Моҳигул Назарова. — У театримиз режиссёри Равшан Расулов томонидан саҳналаштирилди. Спектаклда ўзбек мусиқа санъатининг дарғаларидан бири, атоқли бастакор Мустафо Бафоевнинг мусиқаларидан ўринли фойдаланилган. Маҳмуд Торобий ролини ёш актёр Амирхон Ғаффоров ижро этган. Асар ёш авлоднинг она-Ватанни севиш, ардоқлаш, унга содиқ бўлиш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тарихий манбалар Жондор туманида туғилиб ўсган Маҳмуд Торобийнинг кучли шахс бўлганини тасдиқлайди. У юрт ва миллат озодлиги учун курашган халқ қаҳрамони саналади. 1238 йилдаги Торобий қўзғолони шу нуқтаи назардан кўплаб хорижий тарихчилар, мозийшунослар эътиборини тортган. Буюк адиб Ойбекнинг юрт босқинчиларига қарши курашган бу фидойи инсонга бағишлаб асар ёзиши ҳам бежиз эмас, албатта. Ана шулардан келиб чиқиб айтиш жоизки, театр жамоасининг бу асарга мурожаат қилиши хайрли иш бўлди. Зеро, аҳоли, хусусан, ёшларимиз халқ қаҳрамонлари ҳақида билиши, улар билан фахрланиши, юртпарвар ота-боболаримиз ҳаёти ва фаолиятидан ибрат олиши мақсадга мувофиқдир.

Дарвоқе, куни кеча жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, театр ихлосмандлари, ёшлар иштирокида мазкур спектаклнинг премьераси бўлиб ўтди.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?