Оилавий тадбиркорлик шарофати

14:19 09 Январь 2025 Жамият
130 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Меҳнат қилган, изланиб, интилган одам ҳеч қачон кам бўлмаслигини Фориш туманидаги Ойбек номли маҳалласида яшовчи Адҳам Ўсаровнинг тадбиркорлик фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Унинг асли касби ҳисобчилик. Кўп йиллар собиқ “Фориш” ширкат хўжалигида меҳнат қилган.

Ҳисоб-китобнинг ҳадисини олган А.Ўсаров томорқасидан унумли фойдаланиш мақсадида бир сотих майдонга иссиқхона қуриб, унга лимон кўчатларини экди. Бундан ташқари, қорамол, қўй, товуқ боқишни ҳам йўлга қўйиб, оиласи аъзоларининг бандлигини таъминлади. Шу боис ҳеч ким бекор ўтирмайди. Эрта тонгдан зиммасидаги юмушларни бажаришга киришади.

Самарали меҳнат ўз натижасини ҳам кўрсатиб турибди. Ҳар йили иссиқхона, чорвачилик ва паррандачилик ҳисобидан 45-50 миллион сўмгача даромад олинади. Оила эҳтиёжи учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари томорқада етиштирилади, ортгани бозорга олиб чиқиб сотилади.

Тадбиркор хонадонида кичик новвойхона ҳам ташкил этиб, нон ва нон маҳсулотлари пешма-пеш тумандаги савдо дўконлари орқали аҳоли дастурхонига етказиб берилишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Яқинда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Адҳам Ўсаровнинг хонадонида бўлиб, оилавий тадбиркорлик фаолияти билан танишди. Бу оиланинг иссиқхонадан унумли фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик бўйича тажрибасини оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам А.Ўсаровнинг оилавий тадбиркорлик фаолияти барчага намуна бўла олади. Унинг тажрибасини амалда қўллаб, меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер