“Оилавий болалар уйи” тарбияланувчиларига Президент совғалари топширилди

21:57 28 Декабрь 2023 Жамият
399 0

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам оилавий меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан айрилган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларига Президент совғалари топширилмоқда.

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев Тахиатош “Болалар уйи”да тарбияланаётган болажонлар ҳузурида бўлиб, Янги йил байрами билан табриклади, Президент совғаларини тақдим қилди. Ўз навбатида болажонлар ҳам Янги йил арчаси атрофида ташкил этилган байрам тадбирида чиройли рақсга тушиб, қўшиқлар айтиб, меҳмонларни хурсанд қилди.

Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси ҳудуддаги бир қатор оилавий болалар уйларидаги байрам тадбирларида иштирок этиб, жажжи болажонлар қўлига Президент совғаларини тутқазди. Ҳозирги кунда Тахиатош туманидаги 1-оилавий болалар уйида 6 нафар, 2-оилавий болалар уйида 9 нафар бола тарбияланмоқда.

Бағрикенглик, болаларни севиш, меҳр-мурувватли бўлиш халқимизнинг энг юксак инсоний фазилатлари саналади. Айниқса, жажжигина келажагимиз ворислари кўнглига шодлик олиб кириш, қувончига шерик бўлиш нақадар завқли. Бинобарин, юртимизда болалар камоли йўлида олиб борилаётган давлат даражасидаги саъй-ҳаракатлар таҳсинга сазовор.

Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?