Оиладаги зўравонликни олдини олишда давлат сиёсати ва янги ҳуқуқий механизмлар
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида жамият хавфсизлиги, ҳуқуқий барқарорлик ва фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида кечаётган ўзгаришлар, аҳолининг ҳуқуқий онги ошиши ва оила институтининг мустаҳкамланиши жиноятчиликка қарши курашда ҳам янги ёндашувларни талаб этмоқда. Айниқса, оила ва ундаги муносабатлар хавфсизлигини таъминлаш бугунги даврнинг энг муҳим ижтимоий вазифаларидан бирига айланган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда сезиларли ижобий натижаларга эришиш имконини берди. Илгари ўнлаб йиллар давомида шаклланган жиноятчиликнинг олдини олиш тизими, асосан, идоралараро усулларга таянилган, бир хил таъсир механизмига асосланган ва кўп ҳолларда жамоат ташкилотлари, касаба уюшмалари ҳамда меҳнат жамоалари зиммасига юклатилган эди.
Сўнгги йилларда эса мамлакатимизда жиноят-ҳуқуқий воситалар орқали оила, унинг аъзолари ва инсон ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. «Оила» институтининг Конституцияда алоҳида қадрият сифатида белгиланиши, жиноят қонунчилигида оилага қарши қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш, хотин-қизларни ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлашни давлат сиёсати даражасида устувор вазифа сифатида белгилаш ана шулар жумласидандир.
Хусусан, «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик муҳитини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга манзилли ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатиш вазифаларининг белгилангани ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг ўта долзарб эканидан далолат беради.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадида инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тамойили туради. Бу жараёнда эса ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оиланинг ўрни беқиёсдир. Жамиятдаги ҳар қандай салбий иллатга қарши курашни аввало оиладан бошласаккина, унинг илдизини занжирли тарзда бартараф этиш мумкин. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини экани, унинг жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши қатъий белгиланган. Шунингдек, Конституциянинг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги конституциявий кафолат сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.
Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўп ҳолларда аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш билан узвий боғлиқ. Чунки ҳуқуқий маданиятнинг юксалиши ижтимоий хавфли хулқ-атворнинг шаклланишига бевосита таъсир қиладиган омиллардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий детерминантларга таъсир этиш ҳам профилактиканинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, у зўравонликка мойил хулқнинг сабаб ва шарт-шароитларини илдизидан бартараф этишга қаратилган чораларни ўз ичига олади.
Маълумки, оиладаги зўравонликларнинг олдини олишда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш алоҳида устувор аҳамиятга эга. Шу мақсадда 2019 йил 22 апрелдаги Президент қарори билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил – омбудсман ўринбосари институти жорий этилди. Бу институт болаларнинг ҳуқуқлари таъминланишини парламент даражасида назорат қилиш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2024 йил 29 февраль куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги Қонунда мазкур институтнинг мақоми, вазифалари ва ваколатлари янада аниқ белгилаб қўйилди. Жумладан, Болалар омбудсмани болага нисбатан қийноқ, шафқатсиз ёки ғайриинсоний муомала ҳолатларининг олдини олиш, давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш вазифаси юкланган.
Шу нуқтаи назардан, миллий амалиётда «Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти»нинг таъсирчанлигини янада ошириш, унинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки нотўғри ахборот тақдим этиш каби ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бу эса нафақат институтнинг ваколатларини мустаҳкамлайди, балки оиладаги зўравонликка қарши курашда тизимли ёндашувни кучайтиради.
Оиладаги зўравонликка таъсир этувчи омиллар турлича бўлиб, улар орасида хотин-қизларнинг ҳуқуқий нигилизми, ўз ҳуқуқларига бефарқлиги ёки қонун бузилишларини енгил қабул қилиш ҳолатлари профилактиканинг муҳим объекти сифатида кўрсатилади. Шу боис Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунида ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида гендер сиёсатини, давлат дастурлари ва стратегияларни ишлаб чиқиш; жамиятда зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш; хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш; ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш; тазйиқ ҳолатларини аниқлаш ва чек қўйишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратиш; зўравонликка сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш ва давлат органлари, маҳалла, ННТ ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш каби вазифалар белгиланган.
Бугунги кунда оиладаги зўравонликни олдини олиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда ва бу жараён жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонликка қарши қатъий муросасизлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашни назарда тутувчи «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунида қонунийлик, демократизм, тенглик, камситишга йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби принципларнинг мустаҳкамланиши ушбу сиёсатнинг изчиллигини таъминламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олиш ва зўравонликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун илмий тадқиқотларни кенгайтириш, амалиётга замонавий ва инновацион таклифларни жорий этиш муҳим стратегик вазифадир. Бу нафақат оила ва жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашга, балки инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий ислоҳотларнинг узвий давом этишига хизмат қилади.
Ашуров Улуғбек Эркинович
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси, ю.ф.ф.д. (PhD).
Рахманов Шохруҳ Фахридинович
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори,
1-даражали юрист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг