Оғзибирчилиги мустаҳкам маҳаллалар бирдамлигини намоён этмоқдалар
Фото: Халқ сўзи
Ҳозирги кунга келиб “Опен бюджет”, “Фуқаролар учун бюджет” тушунчалари аҳолининг кўпчилик вакилларига маълум бўлган тизимга айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил қилинган мазкур механизм бюджет маблағларини фуқаролар ташаббуси асосида янада такомиллаштирилмоқда.
Яқинда 2023 йилги «Ташаббусли бюджет»нинг 3-босқичига овоз бериш якунланиб, ғолиблар аниқланди. Бу борадаги айрим ташаббускорлар ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгани ҳам бор гап.
Биз, Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари бўйича «Ташаббусли бюджет»да энг кўп маблағ ажратилган Амударё туманида бўлиб, ташаббускор фуқаролар билан суҳбатлашдик.
-Маҳалламизга келадиган йўлни асфальт қилиш учун учинчи бор «Ташаббусли бюджет»да иштирок қилиб, ғолибликни қўлга киритдик, - дейди Амударё туманидаги “Тор-ёп” маҳалласидан Қудрат Жумабаев. – Маҳалламиз магистрал йўлдан уч ярим-тўрт километр ичкирида бўлиб, қишда лой, ёзда эса чангли йўллардан ҳаракатланиб маҳалламизга етиб олардик. Баъзан тўй ёки бошқа тадбирларга маҳалламизга келган меҳмонлар йўлимиздан шкоят қилса ҳижолат бўлардик.
Ўтган йил «Ташаббусли бюджет»ни эшитиб маҳалламиз аҳли ташаббускор Нозакат Жумамуратова раҳбарлигида 2022 йилнинг апрель ойида йўлнинг дастлабки 1-километр қисмига маблағ ажратилишига эришилган эди. Кейин ноябрь ойида Зокир Қаландаров ташаббуси қўллаб-қувватланиб яна ушбу йўлнинг 1,5 километр қисмига асфальт ётқизилди.
Лекин, бу йўл ҳали энди қўшни маҳаллалардан ўтиб, биз томонга чиқиш қисмигагина келган эди халос. Шу боис “Ташаббусли бюджет”нинг 3-босқичида ташаббускор Юсуф Худойберганов атрофида жипслашиб, фаол иштирок қилишди. Мазкур лойиҳага овоз тўплаш жараёнида “Тор-ёп” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи барча маҳалладошларимиз оғзибирчиликда фаол иштирок қилдилар. Натижада етарли овоз тўпланди ва маҳалламизгача асфальт йўл келадиган бўлди.
Биз, ушбу маҳалладаги ташаббускорлар билан суҳбатлашиб, нима сабабдан Амударё тумани ажратилаётган маблағлар бўйича энг юқори ўринни эгаллагани ва ушбу маблағлар қандай ишларга сарфланаётганига жавоб топгандек бўлдик.
Ташаббускорларнинг айтишича маҳалласигача бўлган йўл 3,5 ярим километр қисмига бир ташаббусда маблағ ажратиш имкони бўлмаган. Шу боис йўлни таъмирлаш учун 3 маротаба иштирок қилишга тўғри келган. Хўжа овул Қилчибой ДФХ йўлининг нолинчи километридан иккинчи километригача асфальт ётқизиш ташаббусида ғолибликни қўлга киритишда маҳалладаги Ж.Ҳайтбоев, М.Уразимбетов, О.Гулманов, Ж.Уразимбетов, И.Ўтабойев, Қ.Қодиров, Ш.Ўтабоев, Б.Ўразимбетов, Ф.Ҳайтбоев, Х.Очилов, Ш.Жумабаев, Г.Ўризимбетов, Ж.Ўтабоевларнинг хизматлари катта бўлганини маҳалладошлари эътироф қилишди. Ушбу маҳалла фаоллари қўшни маҳалла вакилларига ҳам олдинги асфальт қилинган йўллар мисолида “ташаббусли бюджет” натижасини кенг тушунтириб, маҳалласининг обод бўлишига муносиб ҳисса қўшган.
Шунингдек, ушбу маҳаллада ўтган йилнинг апрель ойида ички йўлларни таъмирлаш бўйича Озод Гулмонов ташаббуси қўллаб-қувватланиб, “Деҳқонбирлик” кўчасининг 1 километр узунликдаги қисми таъмирланган.
Қорақалпоғистонлик ёши улуғ оқсоқоллар “оғзибирчиликда гап кўп”, деган ҳикматли иборани бот-бот таъкидлашади. Ҳа, оғзибирчилиги мустаҳкам бўлган маҳаллалар аҳолиси “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғиш бўйича ҳам бирдамлигини намоён этмоқдалар. Эришилган натижа эса, маҳаллани обод қилиш, йўлларни равон бўлишига хизмат қилаётир.
Маълумот учун: “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги 3-босқичида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2 минг 95 та ташаббуслар учун 121 миллиард 641 миллион сўм маблағ ажратилган. Шундан Амударё туманига 133 та ташаббускорлар лойиҳаси учун 18 миллиард 970 миллион сўм маблағ ажратилган. Тўрткўл туманидаги 170 та ташаббускорлар лойиҳаси учун 14 млрд. 728 миллион, Нукус шаҳридаги 231 та ғолиб бўлган ташаббускорларга14 млрд. 474 миллион сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Ғ.Отажонов, “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг