Одамларга яхшилик қиламан...

19:13 20 Сентябр 2022 Жамият
824 0

Фото: Халқ сўзи

Тошкент шаҳридан «Насаф» тезюрар поездига чиқдим. Купедаги ҳамроҳлар билан тез тил топишиб кетдик. Ҳаш-паш дегунча Самарқандга етиб келдик. Поезд Самарқандда 31 дақиқа тўхтар экан. Пастга тушдим, одамлар нимадир харид қиляпти. Йўловчиларнинг кўпчилиги Самарқанд нонини кўтариб олишган. Вокзалнинг торгина йўлагида иккитагина «қўлбола» дўконда егуликлар, салқин ичимликлар сотилмоқда. Шунда мен ҳам уйга ҳеч нарса харид қилмаганим ёдимга тушиб, дўкон ёнига бордим. Конфет, қанд-қурс, нон харид қилиш тараддудига тушдим.

Қарасам, чўнтакда нақд пул чатоқ, пластик картада эса етарлича бор. Аксига олиб сотувчи «бизда пластик ишламайди» деб қолди. «Энди уйга қуруқ қўл билан бораманми?» деб ўйланиб қолдим.

Шунда бир нотаниш йигитча жонимга аро кирди. «Сиз истаган нарсангизни харид қилинг, мен нақд пул бераман» деди. Қувониб кетдим. Анча мунча, тўғрироғи, 100 минг сўм атрофида савдо қилдим. Шунда бояги йигитча сотувчидан неча сўм бўлганини сўради ва менинг харидим учун тўловни амалга оширди.

Мен чўнтагимдан телефонимни олиб, «ҳозир сизга «клик» қилиб, пулни ўтказиб бераман» дедим. Ҳожатбарор йигитча ўзининг вагонига чиқиб кетар экан, «қўяверинг ака, сиз ҳам кимгадир яхшилик қилинг» деди ва қўллари билан «хайр» ишорасини қилиб ғойиб бўлди.

Мен эса қўлимдаги шунча нарса билан йўл ўртасида тўхтаб қолдим. Проводникнинг «тез келинг ака, поезд юради» деган гапи хаёлимни бўлиб юборди. Ўзимнинг «16» вагонимга қараб югурдим. Ўриндиққа келиб ўтирганимда қўлимдаги нарсаларга қараб ўша йигитча ҳақида ўйладим. «Наҳотки, дунёда шундай ҳожатбарорлар ҳам бор, наҳотки, бировга чин юракдан яхшилик қилишнинг қадри шунчалар улуғ бўлса». Шунда Уинстон Черчиллнинг «Нима қилсанг сенга қайтади» деган ҳикмати ёдимга тушди ва ўзимга ўзим ваъда бердим: энди мен ҳам одамларга қўлимдан келганича яхшилик қиламан...

Фахриддин БОЗОРОВ,  «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер