Очиқлик ва масъулият — коррупцияга қарши энг кучли қурол

18:42 05 Ноябрь 2025 Жамият
237 0

Жамият тараққиётининг асосий шартларидан бири — адолат ва шаффофлик. Агар давлат бошқарувида, иқтисодий ислоҳотларда ёки маҳаллий ташаббусларда коррупцияга йўл қўйилса, жамиятнинг тараққиёт суръати секинлашади, одамларнинг ишончи сўнади. Шу боис мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Шу маънода, Жарқўрғон туманида Олий Мажлис Сенати Раиси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева бошчилигида ўтказилган кенгашнинг сайёр мажлиси долзарб аҳамиятга эга бўлди. Унда миллий ва ҳудудий кенгаш аъзолари, Бош прокуратура, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, Ёшлар парламенти, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сурхондарё вилоятида коррупцияга қарши курашиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Президентимиз раҳбарлигида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Сурхондарёда 2 миллиард долларлик инвестицияларни жалб этиш, 425 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш, экспорт ҳажмини 320 миллион долларга етказиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган. Шунингдек, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштириш йўналишида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, коррупциянинг олдини олиш — давлат бошқарувида очиқлик, самарадорлик ва жамоатчилик ишончини таъминлайдиган асосий омил. Шу нуқтаи назардан, энергетика, қурилиш ва кадастр соҳаларида мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.

Ўрганишлар жараёнида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳолатлари аниқлангани қайд этилди. Бу эса тизимли профилактика ишлари ва назорат механизмларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Мажлис якунида мутасаддилар олдига барча соҳаларда коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш, аҳоли мурожаатларига тезкор ва самарали жавоб бериш, маҳаллий Кенгашлар фаоллигини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Шу билан бирга, ўз хизмат бурчига совуққонлик билан ёндашган масъул шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Сурхондарёдаги бу йиғилиш нафақат мавжуд муаммоларни кўрсатиб берди, балки уларнинг ечимини излашда янги ёндашувлар, замонавий ечимлар зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Коррупцияга қарши кураш бу фақат жазо чоралари эмас, балки жамиятда адолат, очиқлик ва масъулият муҳитини шакллантиришдир. Ана шундагина мамлакатимизда барқарор тараққиёт ва халқ фаровонлигига эришиш мумкин бўлади.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?