Обод маҳаллада обод кўнгил бўлади

16:45 18 Июнь 2025 Жамият
297 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимизда маҳаллалар қиёфаси янгиланиб бормоқда. Кўп қаватли уйлар, кўча ва йўлаклар таъмирланиб, ҳудудлар ободонлаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбари қайси вилоятга ташриф буюрмасин, уйма-уй юриб ҳар бир оиланинг талаб-истакларини ўрганиш, муаммоси бўлса ёрдам бериш, тадбиркорларни жалб этиб, ишчи жойлар яратиш зарурлигини таъкидламоқда. Бу ердаги одамларнинг ҳам бола-чақаси, эртанги кундан умидлари бор. Мамлакатимиздаги ўзгаришларни, қабул қилинаётган дастурлар натижасини ўз уйларида сезишни хоҳлайди.

Андижонда маҳаллалар инфратузилмасини шакллантириш учун «Обод маҳалла» дастурига мувофиқ иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан шароити оғир ҳудудлар танлаб олинди. Балиқчидаги Зулфиқор маҳалласида 2300 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу манзилда деярли барча йўналишларда муаммолар тўпланиб қолганди. Ишсизлик, камбағаллик, коммунал соҳалардаги масалалар ечимини кутиб турганди.

— Маҳалламиздаги йўллар абгор, электр таъминотидаги узилишлар кўп кузатиларди, — дейди шу маҳаллада яшовчи Иброҳимжон Қамчиев. — Дастлаб йўлга катта эътибор қаратилди. 6 км.дан иборат асосий йўлга асфальт босилгач, техник воситаларнинг эркин ҳаракатланишлари учун қулайлик яратилди. Йўл четидан пиёдалар учун алоҳида йўлак қурилиши айниқса, ота-оналарнинг хурсандчилигига сабаб бўлди. Боиси, энди уларнинг кўнгли тўқ: фарзандлари мактабга бемалол, хавотирсиз бориб келадиган бўлди. Маҳалламиз энг намунали ҳудудлардан бирига айланди.

— Йўлнинг икки четига ток экилиб, сўритоклар қуриб берилди, — дейди тадбиркор Зуҳрахон Ашурматова. — Томорқамиз катта бўлгани учун йилига 50-60 миллион сўм даромад оламиз. Кўчамизга экилган токлар келгусида қўшимча даромад манбаига айланади. Сабаби, ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, узум ҳосилидан бир йилда 10 миллион сўмгача даромад олсак бўларкан. Ваҳоланки, бу ер бир умр фойдаланилмай, бекор ётганди. Бир кафт майдон шунча даромад беришини билиб олгач, томорқамиздан ҳам ўринли фойдаланишга киришдик. Шу ҳовлимизнинг ўзи катта даромад манбаига айланди.

— Ҳудуднинг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 70 фоиздан иборат эди, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ ходими Марҳабохон Насриддинова. — Айрим кўчаларда яшовчи аҳоли сувни маълум масофадан ташиб келишига тўғри келарди. Ҳудудда ичимлик суви таъминотига доир муаммоларнинг ижобий ечимини таъминлаш мақсадида 10,5 км. масофага янги сув қувури тортилиб, 1 та қудуқ ишга туширилди. Ҳар бир хонадонга сув жўмраклари ўрнатилди. Амалга оширилган лойиҳа ишларидан сўнг сувлашганлик даражаси 85 фоизга етказилди.

— Турмуш ҳаётимизда сувнинг аҳамияти катта, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Озодахон Аҳмедова. — Электр энергиясида узилиш бўлса, дарров шам ёқамиз. Табиий газ бўлмай қолса ўтиндан фойдаланиш мумкин. Сув бўлмасачи? Унинг муқобил тури йўқку! Шу боис сув таъминотига доир қурилиш ишларидан хурсандмиз. Яқин-яқинда ҳам сувни қўшни кўчалардан ташиб келардик. Энди бўлса сув жўмраклари хонадонимизга ўрнатиб берилди. Ундаги сув ҳисоблаш ускуналарининг ҳам афзаллик жиҳатлари кўп. У орқали нафақат сувни, балки сув учун тўланадиган пулимизни ҳам 4-5 баробарга иқтисод қилсак бўлади.

Маҳаллада электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам бартараф этилди. Бунинг учун иккита янги трансформатор, 100 та эски симёғочларни янги темир бетон устунларга алмаштириш ишларига киришилди.

— Маҳалламизда аҳоли бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга қилиш, камбағалликдан чиқариш бўйича ҳам самарали ишлар йўлга қўйилган, — дейди маҳалла раиси Обиджон Қосимов. — Томорқачилик, деҳқончилик ва чорвачилик йўналишларида янгича ислоҳотларни жорий этишга киришганмиз. Бунинг учун вилоятимиздаги намунали маҳаллаларда бўлиб, тажриба алмашиб келдик. Илғор иш услубларини ўзимизда қўллаш орқали аҳоли даромадини оширишга эришмоқдамиз. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш натижасида янги иш ўринларини ташкил этишга эришяпмиз. Маҳалладошимиз Моҳирўё Сойибназаровага молиявий кўмак бериш орқали 20 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Улар орқали тайёрланган тикувчилик маҳсулотлари ички бозорда харидоргир.

— Ушбу корхонанинг айнан маҳалламизда ташкил этилгани айни муддао бўлди, — дейди тикувчи Соҳибахон Тиллаева. — Илгари фақат далада ишлаб, даромад топиш мумкин эди. Ҳозир қулай шароитларга эга бўлган цехда меҳнат қиляпмиз. Бунинг афзаллик жиҳатидан бири ишимизнинг доимийлигидир. Йил давомида меҳнат қилиб, тайин даромад олиш имконига эгамиз. Ойлик маошларимиз ўртача 3 миллион сўмни ташкил этяпти.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги икки йилда маҳаллада камбағаллар ва ижтимоий ночор оилалар сони 50 фоизга қисқарган. Йил бошидан буён 250 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич янада ортади. Бундай хайрли ишлар юрт ободлигини таъминлаб қолмасдан, юртдошларимизнинг бугунидан миннатдор бўлиб яшашига сабаб бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?