“Обиҳаёт парк” мажмуаси қурилиши бошланди

11:01 08 Сентябр 2025 Жамият
64 0

Сурхондарё вилояти сўнгги йилларда нафақат иқтисодий, балки шаҳарсозлик ва туризм салоҳияти бўйича ҳам улкан салоҳиятга эга ҳудуд сифатида тараққий этмоқда. Дарё ва кўллар бўйларидаги бўш ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли ҳамда сайёҳлар учун замонавий, қулай ва жозибадор масканлар барпо этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу каби кенг қамровли ташаббуслардан бири умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи “Обиҳаёт парк” мажмуасидир. Янги мажмуа Сурхон дарёсининг Термиз туманидан ўтувчи соҳил қисмида, 20 гектар майдонда қад ростлайди.

Туризм, савдо ва шаҳарсозлик — бир лойиҳа доирасида жами 42 та турар ва нотурар объектлар қурилиши режалаштирилган. Хусусан, замонавий кўп қаватли уй-жойлар (1-2 қаватларида савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, юқори қаватларида тураржойлар), 250 ўринли иккита мослашувчан ва сервисга бой меҳмонхона, миллий ва халқаро ошхоналарни тақдим этувчи ресторан ҳамда кафелар, фитнес клублар, кўнгилочар масканлар ва 24 соат фаолият кўрсатувчи туризм кўчалари мажмуанинг асосий қисмларини ташкил этади.

— Лойиҳани амалга оширишда экология ва хавфсизлик масалалари биринчи ўринга қўйилган, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Алишер Амиров. — Дарёнинг табиий оқими сақланади, соҳиллар мустаҳкамланади, замонавий кўприклар ва қулай логистика ечимлари яратилади. Шу билан бирга, сув хавфсизлиги ва муҳитни муҳофаза қилиш талаблари тўлиқ инобатга олинади. “Обиҳаёт парк” нафақат шаҳар кўриниши ва инфратузилмасини ўзгартириши, балки юзлаб янги иш ўринлари яратилишига, маҳаллий аҳолининг даромад манбалари кенгайишига ва иқтисодий барқарорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ва ижтимоий барқарорлигига катта ҳисса қўшади.

Лойиҳанинг тамал тошини қўйиш маросими Сурхондарё вилояти жамоатчилиги учун катта воқеа бўлди. Унда вилоят ҳокимлиги раҳбарияти, нуронийлар, фаоллар, давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирда лойиҳанинг аҳамияти, унинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшадиган ҳиссаси ва аҳоли турмуш сифатига таъсири алоҳида таъкидлаб ўтилди.

“Обиҳаёт парк” нафақат замонавий қурилиш объекти, балки Сурхоннинг эртанги куни учун мустаҳкам пойдевор, туризм ва тадбиркорлик учун янги имкониятлар эшиги демакдир.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?