Нуротанинг сайёҳлик жозибаси АҚШ компанияси томонидан тасвирга олинди

10:11 27 Апрель 2021 Welcome to uzbekistan
5943 0

Американинг "Mystery box" компанияси ижодий гуруҳи Нурота туманининг ғаройиб тарихий-маданий ландшафти ҳақида видеоролик тайёрлаш мақсадида Навоий вилоятида бўлишди.

Тасвирга олиш жараёнлари асосан табиатнинг ноёб туҳфаси бўлган «Чашма» мажмуаси маданий-мерос объектида амалга оширилди. Хорижлик киноижодкорларда Нуротанинг нафақат ёқимли табиати, балки ушбу мажмуадаги исломга қадар қурилган антик- археологик ёдгорлик - Нур қалъаси ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Ноанъанавий нуқталардан суратга олинган видеотасвирлар спорт ҳамда маданият туризми ривожига катта туртки бериши билан бирга, ўлкамиз сайёҳлик жозибадорлигининг халқаро майдондаги тарғиботига ҳам муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, "Mystery box“ – АҚШнинг видеоконтент ишлаб чиқарувчи нуфузли компанияси. Компания фильмлар, ҳужжатли фильмлар, телевизион саҳналар, реклама роликлари, мусиқий клиплар, сюжетли видеолавҳалар, веб-сайтлар яратиш ва бошқа кўплаб видео хизматлари кўрсатишга ихтисослашган. ”Mystery box" UltraHD + форматида сифатли контент ишлаб чиқаради.

Бугунги кунда "Mystery box" Panasonic, Dell, Sony, VIZIO, NVIDIA, Samsung, SES ва Harmonic каби инновацион етакчилар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. "Mystery box" компанияси RED 8K va Phantom 4K Slow-Mo камералари, Digital Sputnik RGB ёритгичлари, MōVI стабилизаторлари ва бошқа замонавий қурилмаларидан фойдаланади.

Темур ЭШБОЕВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?