Нуристон шаҳарчаси аҳолиси электр тез-тез ўчиб қолаётганидан норози

17:03 29 Январь 2021 Жамият
1880 0

Талимаржон ИЭС ва «Шўртан газ-кимё» мажмуаси мутахассислари ва уларнинг оилалари истиқомат қилаётган Нуристон шаҳарчаси, унга ёндош бир қатор қишлоқларда электр тез-тез ўчиб қоляпти. Мамлакатнинг гигант электр корхонаси — Талимаржон ИЭС жойлашган ҳудудда,қолаверса ўзлари шу соҳада меҳнат қилаётган кишилар электрдан тўлиқ баҳраманд бўла олмаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Яқинда OʼzLiDePдан сайланган Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати Иброҳим Ҳалилов, партиялар фаоллари, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ўқитувчилари, Нишон тумани Кенгаши депутатлари, котибияти бош мутахассислари иштирокида Нуристон шаҳарчасидаги маданият саройида «Депутат ва сайловчилар» учрашуви ўтказилаётган пайтда ҳам электр ўчган, анжуманлар саройи жуда совуқ эди.

И. Ҳалилов сайловчиларга ҳисобот берар экан, айнан электр масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

— 2021 йилнинг январь ойида Нишон туманидаги корхона, ташкилот ва муассасаларига 28 та депутатлик сўрови чиқариб, шундан 5 тасига жавоб олдим, холос, — деди у. — Нишон тумани электр тармоқлари корхонасига шу йилнинг 11 январь куни депутатлик сўрови чиқарган бўлсам, 10 кун ичида жавоб олишим керак эди. Лекин улар жавоб беришни ўзларига эп кўришмади. Эътибор беринглар, депутатлик сўровига айтилган масала ҳал этилиши ёки этилмаслигидан қатъи назар жавоб берилиши керак. Чунки нега муаммо ечилмаётганини депутат сифатида мен билишим ва масалани ҳал этиш учун вилоятдаги ёки республикадаги ташкилотларга мурожаат қилишим учун асос бўлади. Агар сайловчиларга бу ҳақда холис ахборотни етказсак, улар тушунишади. Масалан, Талимаржон ИЭСда носозлик рўй бергани, бу тўхталишларга барҳам берилаётгани ёки Нишон туманининг баъзи маҳаллаларида газ йўқлиги сабабли аҳоли қишнинг совуқ пайтида электрдан кўп фойдаланаётгани, натижада электр кучланишининг ошиб кетиши туфайли трансформаторлар дош бера олмаётганини нега халқдан яширишимиз керак. Халқ билан учрашувлар ўтказмай, уларнинг қўнғироқларига, сўровларга жавоб бермай юриш халқ ўртасида ишончсизликни кучайишига сабаб бўлади.

Халқ вакили — Иброҳим Ҳалиловнинг фикрларини аҳоли тўғри қабул қилди ва нафақат электр билан боғлиқ балки бошқа ижтимоий муаммолар бўйича мурожаат қилишди. аҳамиятли жиҳати шундаки, И. Ҳалилов анжуманлар саройига йиғилган 200 нафардан зиёд аҳоли вакиллари орасидан нечта киши мурожаат қилган бўлса, ҳаммаси билан гаплашиб чиқди. Залда бирорта мурожаатчи қолмаганидан сўнг у қабулни тўхтатди.

Масалан, «Жайрон» МФЙда яшовчи Эргаш ота Ҳусунов, «Нуристон» МФЙ ҳудудидан Ойсоат Қўчқорова ичимлик суви масаласида, «Нурчи» МФЙдан Мақсуда Бўриева тадбиркорлик қилиш учун кредит олиш бўйича, «Кимёгар» МФЙдан Фотима Жумаева ва Райҳон Хуррамова ҳамда бошқа кўплаб сайловчилар электр, ичимлик суви, йўл, давлат шерикчилиги асосида боғча қуриш, ҚВП, мактаб, транспорт муаммолари юзасидан депутатга мурожаат қилишди. Энг муҳими, аҳоли томонидан кўтарилган барча муаммолар депутат назоратига ўтди. Буёғи депутатнинг халқ томонидан туриб, ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда ижро этувчи маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди раҳбарлар эътиборини шу муаммоларга қаратишига ҳамда ҳал этилишида қолди.

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?