Нури «сўнаётган» зиё маскани

Абдулазиз Йўлдошев/«Халқ сўзи». Бир пайтлар Самарқанд шаҳрининг Сартепа мавзесидаги кутубхона шаҳардаги энг намунали зиё масканларидан бўлган. Афсуски, бугун ушбу кутубхонанинг тилга тушган шон-шуҳрати ўтмишда қолди. Илгари кутубхонада 12 та бўлим бўлиб, ўндан ортиқ ходимлар ўн мингдан ортиқ китоб ихлосмандларига хизмат кўрсатган. Айни пайтда кутубхона жойлашган бинони ўз номи билан аташга тил бормайди. Зиё маскани шаҳар маданият бўлими тасарруфига ўтказилгач, унинг мақоми ҳам ўзгариб «маданият маркази» деб атала бошланди. Янги ном остида юритилаётган кутубхонага тегишли минглаб китоблар бир хонага тўпланди. Бу хонада китобларни сақлаш учун мутлақо шароит йўқ. Поллар эскирган, иситиш тизими издан чиққан. Бошқа нарсалар ҳақида ҳатто ўйлашга ҳам уяласан, киши! Вақтида бу китоб жавонларини тўлдиришнинг ўзи бўлганми?
— Мазкур зиё маскани илгари энг гавжум мутолаа маскани бўлган. Бу китоблар қанча инсонларнинг ҳаётини ўзгартириб, қобилиятини ривожлантирган, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Бахтиёр Шарипов. — Шундай бебаҳо муассасанинг китоблари заха тортиб бораётганини шунчаки кузатиш оғир. Кутубхонадаги илмий-оммабоп адабиётлар, мумтоз адабиёт, сифатли нашр этилган болалар китобларини ўқишга ҳали кўп йиллар давомида эҳтиёж сезилади.
Илгари кутубхонада ўндан ортиқ ходимлар фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ҳатто қоровуллик штати ҳам қолмаган. Кўп қаватли турар-жойнинг биринчи қаватида жойлашган бино жиддий таъмирга муҳтож. Шароити оғир хонада сақланаётган 60 мингдан ортиқ китоблар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Китобхонлар сони камайиб, бутун жамоатчилик эътиборидаги шундай машҳур қироатхонанинг номи ҳам, нуфузи ҳам йўқолиб бормоқда. Ҳолбуки, мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига биноан кутубхона ва унинг тармоқларини замонавий технологиялар билан таъминлаш, фондини шакллантириш, янги китоблар билан бойитиш асосий талаб сифатида белгиланган. Шу билан бирга, кутубхонани маданий, маърифий марказ сифатида янада кучайтириш кўзда тутилган. Афсуски, биз фикр юритаётган кутубхона фаолиятида бу қулайликларни яратиш масъулларнинг эътиборидан четда. Ёки улар ҳам кўз ўнгида нураб бораётган кутубхонани кўриб-кўрмасликка олмоқда. Айни пайтда маданият маркази ҳамда кутубхона жойлашган бинонинг эшигига қулф осилган. Бинони қайсидир тадбиркор сотиб олгани ҳақида тахминлар мавжуд. Агар бу рост бўлиб чиқса, эндиликда бу кутубхона бирор савдо-тижорат марказига айланиб кетиш эҳтимоли юқори. Жамиятимиз учун ҳам жуда зарур бўлган бебаҳо кутубхонани «қўлдан кетиш»и наҳотки, бирорта мутасадди ёки зиёли хайрия эгаларини ташвишга солмаса?! Биз яна мавзуга қайтамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг