Нукусда аҳоли турмуши фаровон бўлмоқда

12:35 13 Сентябр 2022 Жамият
524 0

Фото: Халқ сўзи

Айни кунларда Нукус шаҳри чин маънода қурилиш майдонига айланган. Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига қилган ҳар бир ташрифи ҳудудда янги имконият ва имтиёзлар, бунёдкорлик ва одамлар ҳаётини ўзгартиришга қодир бўлган туб бурилишларга замин яратмоқда.  

Президенти­мизнинг шу йил февраль ойидаги ташрифи доирасида ҳам бир неча йирик лойиҳаларга асос солиниб, Нукус шаҳридаги маҳаллаларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошланган эди.

Сир эмаски, Қорақалпоғистон Республикасининг маркази бўлган Нукус шаҳрида ҳам ечимини кутаётган қатор муаммолар бор эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, шаҳардаги барча маҳаллалар ички йўллар, инфратузилма ва ободонлаштириш ҳолати нуқтаи назаридан тоифаларга бўлиниб ўрганилди ва амалга ошириладиган чора-тадбирлар режалари шакллантирилди.

Шу тариқа Давлатимиз раҳбари белгилаб берган «Халқни рози қилиш керак» деган устувор вазифалар доирасидаги ишлар Нукуснинг ҳар бир маҳалласи, кўчаси ва хонадонларгача кириб бордиқ.

Бу ўзгаришлар, одамларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилаётгани шубҳасиз. Айни вақтда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан шаҳар аҳли мамнун.

Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Нукус шаҳридаги маҳаллаларда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида маҳаллаларда бўлди. Шаҳардаги «Альтын жағыс» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчаларга (ЩПС) қум-шағал ётқизиш ишлари, бу борадаги ишларнинг сифати билан яқиндан танишди.

Шунингдек, маҳалладаги аҳоли билан учрашиб, уларнинг таклифларини тинглади. Аҳолининг билдирган таклиф илтимослари юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Президентимизнинг юқорида қайд этилган ташрифи доирасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Нукус шаҳридаги шароити оғир ҳисобланган 7 та маҳаллани обод қилиш мақсадида 75 млрд. сўм маблағ ажратилди.

— Бугунги кунгача белгиланган вазифалар дорасида 51 километрдан ортиқ ичимлик сув тармоқларини тортиш ва реконструкция қилиш, 9 километр пиёдалар йўлакчаси қуриш, 99 километр узунликдаги автомобиль йўлларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди, — дейди Нукус шаҳар ҳокимининг ўринбосари Қабилбек Айтбаев. — Шунингдек, 1 минг 579 дона электр тармоқларининг таянч устунлари ва 92 километр узунликдаги кўчаларга тунги ёритгичлар ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларига мувофиқ, Инвестиция дастурлари асосида ижтимоий соҳа объектларининг қурилиш ишлари ҳам давом этмоқда. Биргина жорий йилнинг якунига қадар Нукус шаҳрида 9 та мактаб, 6 та мактабгача таълим ташкилотининг янги иморатлари қурилиб фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Нукус шаҳридаги бунёдкорлик ишлари дастлаб, 7 та шароити оғир маҳаллаларда бошланган бўлса, кейинчалик бу ишлар 9 та маҳаллада давом қилдирилди. Айни пайтда ушбу маҳаллалардан ташқари яна 28 та маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур маҳаллалардаги 459 та кўчаларга шағал-қум қопламаси ва ички йўлларга асфальт ётқизиш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, тунги чироқлар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида Нукус шаҳрининг 110 км. ички йўлларига асфальт ётқизиш ишларини бажариш ҳам назарда тутилган.

— Амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида Нукус шаҳридаги маҳаллалар қиёфаси бутунлай янгиланиб, кўркам манзилларга айланмоқда, — дейди «Таслақ» МФЙ раиси Ғайратдин Азизов. — Табиий газ, электр энергияси тармоқлари таъмирланиб, қатор муаммолар ҳал этилмоқда. Албатта бундан шаҳар аҳли мамнун ва кайфияти кўтаринки. Биргина бизнинг маҳаллада 6 километр узунликдаги йўлларга асфальт ётқизилмоқда.

Дарҳақиқат, мазкур маҳаллалардаги ички йўллар олдин абгор ҳолатда эди. Қишда лой, ёзда чанг-тўзонга ботиб одамлар ишга, ўқувчилар мактабга, кичкинтойлар боғчаларга қатнарди. Эшигининг олдигача шундай кенг ва равон йўллар қурилиши улар учун орзу эди.

Нукусда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқни рози қилишга қаратилган эзгу ишлар бугун ўз самарасини бераётир. Равон йўллар, обод кўчалар, яхши шароитлар, бир сўз билан айтганда аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ишлардан ҳудуд аҳолиси чин маънода рози бўлмоқда.

Ғайрат Отажонов, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?