Нукус шаҳрида пиёдалар ҳаракати бўйича ОАВ иштирокида рейд ўтказилди
Маълумотларга қараганда, Қорақалпоғистон Республикасида автомобиллар сони жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига 197 минг 946 тага, шундан енгил автомобиллар сони 166 минг 511 тага етган. Албатта, автомобиллар кўпайиши яхши. Улар халқимизнинг турмуш шароитларини юксалтиришга, аҳолининг узоғини яқин қилишга хизмат қилади.
Лекин, автомобиллар сони ортиши билан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши, натижада авариялар ҳам кўпайиб бораётгани бор гап. Бу ҳолатларнинг сабаблари таҳлил қилинганида уларнинг кўпчилиги пиёдаларнинг ҳаракатлари билан боғлиқ эканлиги маълум бўлмоқда.
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида йўл транспорт ҳодисаларининг олдин олиш, айниқса, пиёдалар иштирокидаги қоидабузарликларни аниқлаб, уларга йўл ҳаракати қоидаларини тушунтириш юзасидан рейд тадбирлари ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб, Нукус шаҳрида пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидалари кўпроқ бузилаётган ўринларда бўлиб, тадбир давомида пиёдаларга тушунтириш ва тарғибот тадбирлари олиб бордилар.
Тадбир давомида Нукус шаҳридаги марказий бозор олдидаги кесишмада пиёдалардинг йўлдан бемалол ўтиши учун йўл ости ва йўл устидан иккита ўринда пиёдалар ўтиш жойлари бўлишига қарамай, кўплаб пиёдалар йўлнинг тақиқланган қисмидан кесиб ўтганига гувоҳ бўлдик.
— Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг 10 ойи давомида жами 367 йўл транспорт ҳодисаси юз берди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Ахборот гуруҳи катта инспектори, майор Қалбай Муратов. — Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 тага камайганини кўрсатади. Йўл транспорт ҳодисаси натижасида вафот этганлар сони эса, умумий 75 нафарни ташкил қилиб, бу ҳам 22 тага камайган. Лекин, йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаблари ва турлари бўйича таҳлил қилганимизда, пиёдалар билан боғлиқ ҳолатлар камаймаяпти. Масалан, пиёдаларни автомобиллар уриб юбориш жами 141 та ҳолатда юз бериб, бу биттага кўпайган.
Бугунги рейд тадбирларини оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказаётганимизнинг асосий сабаби ҳам пиёдалар орасида йўл-қоидаларини кенгроқ тарғиб қилишдир.
Нукус шаҳрида журналистлар иштирокида ўтказилган рейд тадбирлари давомида юзга яқин ҳолатда пиёдалар томонидан қоидабузарликлар аниқланди. Уларнинг кўпчилигига йўл ҳаракати қоидалари тушунтирилган бўлса, қўпол равишда қоида бузган пиёдаларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва қоидаларни тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг