Ноқонуний товарлар божхоначилар томонидан ушлаб қолинди
Шодиёр МУТАҲАРОВ/«Халқ сўзи». Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Тошкент вилояти Божхона бошқармаси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойлардаги муаммоларни бартараф этишда учрашувлар, суҳбатлар, тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар яхши самара бермоқда. «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимини кенг қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳудудда жойлашган 117 та ташкилотларда учрашувлар ўтказилди.
— Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайлик яратилди. Экспорт-импорт айланмасини доимий назорат қилиш, ҳужжатларни тезкор расмийлаштиришда шаффофликни таъминлаш тизими муваффақият билан ишламоқда, — дейди Тошкент вилояти Божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров. — Хусусан «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими, «Экспорт уч қадам» тизимларининг афзаллиги ўз самарасини бермоқда. Мутахассисларимиз жамоатчилик билан доим мулоқотда.

Бошқарма ходимлари томонидан «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан муайян ишларни амалга оширди. Жумладан, жами
6,5 трлн сўмлик божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларига 3,2 трлн сўм имтиёзлар берилди, 3,3 трлн сўм давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.
Вилоятда экспорт-импорт айланмасида асосан, саноат корхоналари, хусусий секторлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи субъектлар фаол иштирок этмоқда. Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари, металл хомашёлари ташкил этади.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 11 млрд 11 млн доллардан ортиқ товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилган. Вилоят божхона хизмати орқали Туркия, Қозоғистон, Хитой, Россия ва Афғонистон ва Бельгия давлатларига металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, мева ва сабзавот, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди. Божхона юк декларацияларини Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, декларацияларнинг 26% «яшил йўлак», 54% «сариқ йўлак», 18% «қизил йўлак» тартибида расмийлаштирилди. Тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида барча бўлинма, гуруҳ ва божхона постларида фуқароларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бошқарма ходимлари томонидан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 40 та ҳолатда 37 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 1 547 та ҳолатда 60 млрд 395 млн сўмга тенг товарлар ушлаб қолинди.
Давлатимиз Акциз маркаси билан маркаланмаган 65 минг қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Шунингдек, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 17,5 млрд сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона тўловларини тўлиқ таъминлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишини кучайтириш орқали экспортни кўпайтириш, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ишларини мувофиқлаштириш ва озиқ-овқат таъминотини ривожлантириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг