Ниҳоятда мураккаб, зиддиятлар ва синовларга тўла ҳаёт йўли
“Бобурнома”ни варақларканмиз, кўз олдимиздан Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларига хос бўлган фазилат ва нуқсонлар, уларнинг тафаккур оламини кенглиги ва мураккаблиги билан бирга, ўша даврдаги ҳаёт муаммолари, Бобур давлатидаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг тўлиқ манзараси намоён бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркардадир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило туркий тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, “Мубаййин” (“Баён этилган”), “Хатти Бобурий”, “Ҳарб иши”, Аруз ҳақидаги рисоласи эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Адабиёт, нафис санъат, табиат гўзаллигига ёшлигидан меҳр қўйган Заҳириддин, барча Темурий шаҳзодалар каби бу илмларнинг асосини отаси саройида етук устозлар раҳбарлигида эгаллади. Бироқ унинг беташвиш ёшлиги узоққа чўзилмади. 1494 йили отадан етим қолди. 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими этиб кўтарилган Бобур қаламни қиличга алмаштириб, Андижон тахти учун укаси Жаҳонгир Мирзо, амакиси Султон Аҳмад Мирзо, тоғаси Султон Маҳмудхон ва бошқа рақибларга қарши курашишга мажбур бўлди. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан муросага келиш учун унга ён беришга Фарғона улусини иккига тақсимлаб, ярмини укасига топширишга қарор қилди ва ўзи Самарқанд учун олиб борилаётган курашга киришиб кетди. Бир неча йил давом этган бу кураш қирғинбаротдан бошқа бирор натижа бермади: унда катта ҳарбий куч билан аралашган Шайбонийхоннинг қўли баланд келди ва Бобур Самарқандни ташлаб кетишга мажбур бўлди. 1504 йили Шайбонийхон Андижонни ҳам қўлга киритгандан сўнг Бобур жанубга қараб йўл олди ва Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатди. 1505–1515 йилларда у Марказий Осиёга қайтишга бир неча бор уриниб кўрди. Аммо бу уринишлардан ҳеч қандай натижа чиқмади. Сўнг ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида, 1519–1525 йиллар давомида Ҳиндистонни қўлга киритиш учун бир неча бор жанглар олиб борди. 1526 йил апрель ойида Панипатда Ҳиндистон Султони Иброҳим Лўди билан ва 1527 йили март ойида Читора ҳокими Рано Санго билан бўлган жангларда Бобурнинг қўли баланд келди. Тарихий маълумотларнинг баён қилишича, Бобурнинг Ҳиндистонга юришида Деҳли ҳукмдори Иброҳим Султон сиёсатидан норози бўлган Панжоб ҳокимлари ҳам Бобурни қўллаганлар ва Сикри жангидаги бу ғалаба Бобурга Ҳиндистонда ўз ҳукмронлигини узил кесил ўрнатиш ва Бобурийлар сулоласини барпо этиш имкониятини берди.
Европа тарихчилигида “Буюк мўғуллар” номи билан “ғалати машҳур” бўлган, аслида “Бобурийлар сулоласи” Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди. Бобур бу ғалабадан кейин узоқ яшамади – 1530 йил декабрь ойида Агра шаҳрида вафот этди. Кейинроқ унинг васиятига кўра фарзандлари унинг хокини Кобулга олиб келиб дафн этдилар.
Бироқ қисқа бир вақт ичида Бобур Ҳиндистонда сиёсий муҳитни барқарорлаштириш, Ҳиндистон ерларини бирлаштириш, шаҳарларни ободонлаштириш, савдо-сотиқ масалаларини тўғри йўлга қўйиш, боғ-роғлар яратиш ишларига ҳомийлик қилди. Ҳиндистонни ободонлаштириш, унда ҳозиргача машҳур бўлган меъморий ёдгорликлар, боғлар, кутубхоналар, карвонсаройлар қурдириш, айниқса, унинг ўғиллари ва авлодлари даврида кенг миқёсга ёйилди. Ҳиндистон санъати ва меъморчилигига Марказий Осиё услубининг кириб келиши сезила бошлади.
Бобур ва унинг ҳукмдор авлодлари ҳузурида ўша даврнинг илғор ва зеҳни ўткир олимлари, шоирлари, мусиқашунослари ва давлат арбобларини мужассам этган мукаммал бир маънавий, руҳий муҳит вужудга келди. Бобурийлар давлатидаги маданий муҳитнинг Ҳиндистон учун аҳамияти ҳақида Жаваҳарлаъл Неру шундай ёзган эди: “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди”.
Мозийнинг кўҳна саҳифалари шундан далолат берадики, она юртимизда кўплаб сўз санъаткорлари, маърифат дарғалари камол топди. Улар авлодлар хотирасида мангу яшайдиган ўлмас сиймоларга айланди. Замонлар ўзгаради, инсонларнинг яшаш тарзида рўй бергани каби дунёқарашида ҳам ўзгаришлар содир бўлади, аммо бу зотларнинг номи барҳаёт қолаверади. Алишер Навоий, Мавлоно Лутфий, Атоий, Саккокий, Огаҳий, Сўфи Оллоёр… Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ана шу муборак номлар билан бир қаторда шубҳасиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи ҳам тилга олинади.
Шарқдаги уйғониш даврининг буюк намояндалари орасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси алоҳида ажралиб туради. Бобурнинг ижодий фаолиятига баҳо бериш чоғида шоир фаолиятининг кенг тармоқли эканига аҳамият қаратиш зарур. Бу тоифага мансуб ижодкорлар шарқ адабиётида унчалик кўп эмас. Бобурнинг ҳаёт йўли эса ниҳоятда мураккаб, зиддиятлар ва синовларга тўла.
Бу шафқатсиз ҳаётда 12 ёшда отасиз қолиш, бутун тожу тахтни қўлга олиш осон иш эмас эди. Ўз яқинлари, жону жигарлари томонидан бир неча сотқинлик, хиёнат ва суиқасдлар, тақдирнинг чидаб бўлмас синовлари, саргардонлик, Ватандан жудо бўлишга бардош бера олган бу инсон адабиётимиз учун ҳам улкан мерос қолдириб кетди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ва фаолияти ўз замонасининг қарама-қаршиликлари негизида шаклланган. Айтиш мумкинки, у ҳам барча ижодкорлар сингари ўз даврининг фарзанди. Шунинг учун ҳам Бобур шеърларидаги кайфиятга қараб шоир яшаган даврни тасаввур этиш мумкин. Унинг адабий меросида адабиёт учун ҳеч қачон эскирмайдиган ва ўзининг бадиий аҳамиятини йўқотмайдиган ғоялар бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз шеърияти билан инсон юрагининг соҳир манзараларини кашф эта олган. Шоир шеърларида гоҳ толеъ йўқлигидан шикоят қилади, гоҳида баҳор чоғидаги гўзалликларни ёшликка қиёслайди ва бу қиёслардан ўзи ҳам завқ олади. Таъбир жоиз бўлса, Бобур ижодида бахт ва кулфат, ишқ ва нафрат, висол ва айрилиқ, нажот ва иложсизлик ёнма-ён юради. Шоир ўз ижоди воситасида ўзаро қарама-қарши бўлган бу туйғуларнинг бетакрор мутаносиблигига эриша олган.
Бобур ўзидан олдин яшаб ўтган шоирлардан фарқли тарзда ижодида халқ тили билан адабий тил ўртасидаги ўртамиёна бир услубни танлаб олади. Унинг адабиётда эришган муваффақиятлари ҳам ижодининг мазкур фазилати билан чамбарчас боғлиқдир. Maълумки, Алишер Навоий ижодий фаолияти давомида шакл ва мазмун уйғунлигига эришиш йўлида жуда кўп эзгу ишларни амалга оширди. Кейинчалик Навоийнинг маънавий шогирди бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам устози изидан борди. Шоирнинг дилбар ғазаллари, рубоийлари, илмий асарлари бадиий тафаккурнинг ноёб гавҳарларига айланди.Бобур ўзбек шеъриятига ўзига хос янгича руҳни олиб кирди. Шеърларидаги содда ва барчага бирдек тушунарли бўлган ифодалар, самимий дил изҳорлари, дарднинг дилкаш оҳанглари ила кўнгилларни забт этди.Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърияти ўз хусусиятлари билан Мавлоно Лутфий шеъриятига яқин туради. Унинг ғазаллари бошқа шарқ шоирлари сингари мураккаб эмас. Аксинча, ҳар бир ўқувчи учун тушунарли ҳамда равон услубда ёзилган. Вазн жиҳатидан ҳам Бобур ва Лутфий шеърияти ўртасида ўзаро ўхшашлик бор. Адабиётшунос олимларимиздан Иброҳим Ҳаққул Лутфий ва Бобур ижодидаги ўхшашликларни ўз изланишларида биринчилардан бўлиб қайд эта олган. Дарҳақиқат, Бобур дилбар шоир. У – сўз мусаввири. Бундай дейишга тўлиқ асосимиз бор. Негаки шоир сўз воситасида она юрт манзараларини, табиат гўзалликларини тасвирлайди. Бобур ғазалларида субҳидам чоғи ғунча узра ёғилган шабнам нафислиги, ёмғирдан сўнг осмон тоқига нарвон солган камалак жилоси, муҳаббатли кўнгилнинг жамики сирлари ўз мужассамини топган.
Беҳзод АДИЗОВ, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети таянч докторанти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- «Ўзбекистон –2030» стратегиясининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади
- Ўзбекистонга нечта давлатдан туристлар келаётгани очиқланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг