Нидерландия мактабларида смартфонларни тақиқлаш таълим сифатини яхшилади

12:52 05 Июль 2025 Дунё
304 0

Нидерландияда мактабларда смартфонлардан фойдаланишга жорий этилган тақиқ ўқувчиларнинг диққатини ошириб, ижтимоий муҳитни яхшилаган. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати топшириғи асосида ўтказилган тадқиқот натижалари маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил январидан бошлаб Нидерландияда мактабларда смартфонлардан фойдаланишни чеклаш тавсия этилган миллий қўлланма кучга кирганди. Аксарият мактаблар бу қоидаларга риоя қилмоқда: ўрта мактабларнинг деярли икки уч қисмида ўқувчилардан телефонларини уйда қолдириш ёки шкафчаларга жойлаштириш сўралади, ҳар бешта мактабдан бирида эса дарс бошланишидан аввал телефонлар йиғиб олинади.

Тадқиқот доирасида 317 та ўрта мактаб, 313 та бошланғич мактаб ва 12 та фокус-гуруҳ — ўқитувчилар, ёрдамчи педагоглар, ўқувчилар ҳамда ота-оналар иштирокида сўров ўтказилган. Натижаларга кўра, ўрта мактабларда ўқувчиларнинг диққатини жамлаш осонлашган (75 фоиз), ижтимоий муҳит яхшиланган (59 фоиз), айрим мактабларда эса баҳолар яхшиланган (28 фоиз).

Тадқиқотчи доктор Александр Крепелнинг айтишича, айниқса ўқувчилар ўртасидаги мулоқот ва ижтимоий хавфсизлик яхшилангани сезилган. «Энди ҳеч ким яширинча кимнидир суратга олиб, уни «WҳатсАпп» гуруҳларида тарқатолмайди. Танаффус вақтида болалар илгари телефон билан овора бўлса, энди улар мажбуран мулоқот қилмоқда. Балки жанжал кўпроқ бўлаётгандир, лекин умумий муҳит анча яхши», — дейди у.

VO-raad таълим кенгаши вакили Фрея Сихма дастлабки хавотирлар асоссиз чиққанини билдирган. «Бошланишида мактаблар, ўқитувчилар, ўқувчилар ва ота-оналардан кўплаб саволлар ва эътирозлар бўлган эди. Аммо ҳозир ҳамма деярли мамнун», — дейди у.

Тадқиқотда кўрсатилишича, алоҳида эҳтиёжли болалар учун истисно қилинган махсус мактабларда ҳам ушбу тақиқ ижобий ёки жуда ижобий таъсир кўрсатган. Бошланғич мактабларда эса смартфонларнинг таъсири олдиндан унчалик сезилмаган бўлсада, чорак қисми тақиқдан ижобий натижа кутаётганини билдирган.

Мамлакат бошланғич ва ўрта таълим вазири Мариëлле Паулнинг сўзларига кўра, умумий қўлланма интизомни таъминлашга ёрдам берган. «Авваллари алоҳида ўқитувчи дарсда телефонни тақиқласа, бунга ҳар доим баҳс бўларди. Тажрибасиз ўқитувчилар учун эса бу ишни назорат қилиш жуда қийин эди», — деди вазир.

Статистика маълумотларига кўра, Нидерландияда 96 фоиз бола деярли ҳар куни интернетдан фойдаланади. Шу сабабли ҳукумат яқинда ота-оналарга 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш ва экран олдида ўтказиладиган вақтни чеклашни тавсия қилди. Айрим депутатлар эса мактабларда смартфонларга тўлиқ тақиқ жорий этишни таклиф қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер