Нега ёшларимиз музейга бормай қўйди?
Фото: Халқ сўзи
Тасодифан хорижий сайёҳнинг қадимий Бухоро ҳақидаги таассуротларини ўқиб қолдик. Меҳмон унинг эртакнамо шаҳарлигини, одамлари меҳмондўстлигини таъкидлаган ҳолда ўзини бир ҳолат ҳайрон қолдирганини айтади. “Айрим маҳаллий аҳоли вакилларидан у ёки бу музей жойлашган манзилни сўраганимизда улар елка қисишди, билишмас экан. Бундан очиғи, таажжубландим”, дея ёзади у.Бу бизга баъзи фуқароларимизнинг бефарқлиги, эътиборсизлиги оқибати бўлиб туюлди. Ахир, инсон касбидан қатъий назар ўзи яшаб турган гўшадаги музейлар, кутубхоналар, қадимий осори атиқалар ҳақида тушунчага эга бўлиши керак эмасми? Қолаверса, ўзини маърифатли инсон деб билган ҳар бир киши бундай масканларга кириб туради.
Айрим ривожланган давлатларда музей эшиги олдида навбат кутишлари ҳақида эшитганимиз бор. Негаки, музей бой маънавий озуқа беради, киши руҳини тозартиради, тасаввурини кенгайтиради. Хусусан, халқимизнинг бебаҳо тарихий меросидан ёшларимизни баҳраманд этиш ҳаётий заруратдир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, шаҳар атрофидаги мактаблардан бирида юқори синф ўқувчилари ўртасида аноним сўров ўтказдик. У ҳам кўплаб ўғил-қизларнинг Бухорода қандай музейлар борлигини билмасликларини кўрсатди. Болалар орасида ота – онаси билан музейга тушганлари бармоқ билан санарли даражада оз эканлиги равшан бўлди.
— Менимча, ёшларга музей ҳақида дастлабки тушунчаларни бериш оиладан бошланиши, у мактабгача таълим муассасалари ва мактабдаги таълим – тарбия жараёнида давом эттирилиши керак,— дейди Бухоро тасвирий санъат музейи масъул ходими Раъно Эшонқулова. — Ота-она, бобо-бувиларнинг болажонларга содда тильда юртимиз тарихи, ўтмиш қаҳрамонлари ҳақида сўзлаб бериши мақсадга мувофиқ. Экспонатларни томоша қилишни ўрганиш, тегишли тартиб-қоидаларга амал қилмоқни ўрганишни эса таълим-тарбиянинг асосий қисми деб ўйлайман. Афсуски, маҳаллий аҳоли орасида шундай одамлар борки, уларнинг музей ҳақида умуман тушунчаси ҳам, бу масканга киришга қизиқиши ҳам йўқ. Шу сабабли бундай кишилар музейлар қаерда жойлашганини ҳам билишмайди.
Фикримизча, масаланинг оғриқли нуқтаси ҳам шунда. Ўттиз беш — қирқ ёшни қоралаб қўйган, икки-уч фарзандли бўлган, аммо музейга бирор марта ҳам кирмаган, қўлига бадиий китоб тутмаган, газета-журнал мутолаа қилмаган кишилар ўз болаларининг маънавий эҳтиёжларини қандай қондиришади?!
— Болаларга мактаб давридан бошлаб ўлкамиз тарихини чуқур ўргатиб бориш керак, — дея мулоҳаза юритади бухоролик ёш олим, Тошкент давлат педагогика университети доценти вазифасини бажарувчи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожонов. — Мактабларда болаларни музейларга олиб боришни кенг йўлга қўйиш лозим. Дейлик, Европада мактабгача ёшдаги болаларнинг айрим машғулотларини музейларда ўтказишади. Умуман, аҳолида музейларга бориш, санъат асарларидан эстетик завқ олиш маданиятини шакллантириш зарур. Бу маданият тарихни севиш, оила даврасида тарихий асарлар мутолааси, мозий билан боғлиқ суҳбатлар ўтказиб туриш орқали шаклланади. Ҳар бир маърифатли оилада дам олиш кунлари музейга бориш анъанаси шаклланса дуруст бўларди.
Бу масаланинг бир жиҳати. Назаримизда, аҳоли, хусусан, ёшларни музейга жалб этиш, улар қизиқишини ошириш борасида соҳа масъуллари ва ходимлари зиммасида ҳам катта масъулият турибди. Дейлик, тарғибот ишлари талаб даражасида эмас. Масалан, Мирзо Улуғбек “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деган ҳадисни ёздирган китоба музей-қўриқхонанинг Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги филиалида сақланмоқда” деган биргина хабар ўнлаб кишиларда шу осори атиқани кўриш истагини уйғотиши муқаррар.
— Масаланинг яна бир томони бор, — давом этади Ш.Бобожонов. — Европа музейлари тарихи бизникига нисбатан хийла олисга бориб тақалади. У ерда дастлабки музейлар ХVIII асрда шаклланган. Бу мозийхоналар ҳақида туркистонликлар матбуот хабарлари орқали воқиф бўлишган. Бизда эса мустамлакачилик, аниқроғи, чоризм даврида музейлар очиш, тарихни тарғиб этишга йўл берилмаган. Шу сабаб музейларнинг элга танилиш жараёни орқага сурилган. Муҳим масалалардан яна бири шуки, Европанинг йирик музейларида бутун жаҳон тарихи, маданияти ва санъати намойиш этилади. Бизда эса локал тарих, умуман олганда, Ўрта Осиё тарихи ёритилади. Бинобарин, аҳолини музейларга жалб қилиш, фуқароларимиз онгу шуурида мозий осори атиқаларидан эстетик завқ олиш маданиятини шакллантириш учун жуда кўп иш қилиш керак.
Бу фикрларга қўшилган ҳолда айтиш лозимки, музейларимизда халқимиз ақлу заковати, салоҳияти, маҳоратидан дарак берувчи жуда кўп осори атиқалар жамланган. Масалан, биргина Арк ўлкашунослик музейида 2450 тадан зиёд экспонат намойишга қўйилган. Бухоро вилоятида ”Ситораи Моҳи Хосса” халқ амалий безак санъати, “Қадимий Пойкент шаҳарчаси тарихи”, Файзулла Хўжаев, Мутал Бурҳонов уй-музейлари, Абу Али ибн Сино мемориал музейи каби йигирма чоғли мозийхона ва кўргазмалар фаолият юритаётгани инобатга олинса, чиндан ҳам жуда катта маънавий меросга эгалигимиз кўзга яққол ташланади.
Бухородаги биринчи музей ташаббускори, жадид аждодимиз Йўлдош қори Пўлатов шу муносабат билан 1922 йилда ўтказилган маросимда “Биз бу йўлда ғоят оз ишлаб, кичик бир нарсани майдонга келтирдик. Халқимизнинг бой ўтмиши, ота-боболардан қолғон маданий мерос ўнлаб музейга сиғмайди”, деган экан.
Не бахтки, бу меросни ўрганиш, унинг қадру қимматига етиш бизнинг авлод зиммасига тушди. Бинобарин, музейларга тушиш, фарзанду невараларимизни ўлмас қадриятларимиздан баҳраманд этишни бурчимиз деб билайлик. Зеро, Абдулла Қодирий таъкидлаганидек, “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрликдир ”.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг