Нега репетитор хизматига эҳтиёж сезилмоқда?

14:35 27 Май 2025 Жамият
265 0

Аччиқ, аммо очиқ гап

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Мустақил ҳаётга қадам қўяётган Жаҳонгир Болтаевнинг эртасидан ота-онасининг ҳам, у таҳсил олган Бухоро шаҳридаги 38 – умумтаълим мактаби жамоасининг ҳам кўнгли тўқ. Негаки, бу иқтидорли юртдошимиз бир эмас, учта хорижий давлатнинг нуфузли олий ўқув юртига муддатидан аввал грант асосида ўқиш имкониятини қўлга киритди. Хўш, унинг бу ютуғида кимнинг улуши кўпроқ? Мактабдаги устозлариними ёки репетиторнинг?

— Репетиторга борганман, албатта, — дейди у. — Ўқув марказига асосан хорижий тилларни чуқурроқ ўрганиш учун қатнаганман. Ойига 700 минг сўм тўлаб ўқиганман. Аммо мактабдаги устозларим берган билимни алоҳида қадрлайман. Қолаверса, шу билим сабабли репетиторга борганимда сабоқларни қийинчиликларсиз ўзлаштирганман.

Сирасини айтганда, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириши борасида бухоролик ўқувчилар қатор йиллардан буён республикада етакчи ўринда. Буни Билим ва кўникмаларни баҳолаш агентлиги таҳлиллари ҳам кўрсатиб турибди. Масалан, 2024 йилги натижаларга кўра, вилоят 89, 1 балл тўплашга муваффақ бўлган. Шу аснода бу ютуқда мактаб жамоасининг улуши кўпми ёки ўқув марказлари яъни репетиторларнинг ҳиссаси, деган масала атрофида кўплаб баҳс-мунозаралар юзага чиқаётганни ҳам рост. Ўқувчи мактабда олган билими билан нега олий ўқув юртига киришда қийналмоқда, деган савол жамоатчиликни ҳам безовта қиляпти.

— Ўғлим мактабда «аъло» баҳоларда ўқиганди, — дейди ғиждувонлик уй бекаси Манзура Эргашева. — Аммо тест синовларида олий ўқув юртига ўқишга кириш учун етарли балл тўплай олмади. Шундан сўнг ўқув марказларидан бирига бориб, етти – саккиз ой давомида таҳсил олди. Бунинг учун анча-мунча маблағ сарфлашимизга тўғри келди, албатта. Лекин ҳаракатлари зое кетмади. У ҳозир университетда давлат гранти асосида таҳсил ўқимоқда.

Шу каби кўплаб ҳаётий мисоллар бизни ўқитувчилару репетиторлар ҳузурига чорлади.

— Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам шодиёнасида сўзлаган нутқида «Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир. Шу сабабли мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур қабул қилдик», дея таъкидлагани бежиз эмас, — дейди Бухоро шаҳридаги 2 – умумтаълим мактаби директори Замира Аҳмедова. — Чиндан ҳам барча эшикларни очадиган калит бу таълим ва тарбия саналади. Шу билан бирга, бу борада ечимини кутаётган масалалар тўпланиб қолганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Мана, битирувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириш масаласини олиб кўринг. Очиғини айта қолайлик, мактаб дарсликлари орқали бериладиган билим билан олий ўқув юрти талабаси бўлмоқ мушкул. Негаки, тест саволларига жавобни мактаб дарсликларидан тополмайсиз. Шу сабабли ота-оналар ўз фарзандини репетиторга беришга мажбур бўляпти.

Таассуфки, танганинг орқа томони ҳам бор. Репетитор хизматидан фойдаланган, давлат тест синовларидан ўтиб талабаликка қабул қилинган аксарият ўғил-қизларимиз мантиқий фикрлаш, матнни эътибор бериб тинглаш, деган тушунчалардан узоқлашди. Ҳуснихатни-ку айтмай қўя қолайлик. Уларда тест саволларининг жавобини ёд олиш устувор масалага айланди. Ҳатто таваккал қилиб тест ечган, натижада керакли балл тўплаган ва олий ўқув юрти талабасига айланганлар бор.

Бир пайтлар иншо, диктантларни қойилмақом қилиб ёзган, ўқиган китоби мазмун-моҳиятини ширали тарзда тушунтира олган ота-оналарнинг фарзанду невараларини бугун тест жавобларини ёдлаш билан бандлигини кўриш афсусланарли, албатта.

— Олий ўқув юртига кириш учун репетиторга боришимга тўғри келган, — дейди 2 – умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гулчеҳра Раҳматова. — Чунки мактаб дастури билан институт ёки университетга ўқишга киришнинг амалда имкони йўқ. Қолаверса, мактаб ўқитувчиси билан репетитор фаолияти ўртасида анча тафовут бор. Ўқитувчи бир синфда 30 – 35, ҳатто 40 нафар ўқувчи билан машғулот ўтказади. Уларнинг тарбияси билан ҳам шуғулланади. Касб фаолиятига дахлдор бўлган ёки бўлмаган юмушлари ҳам оз эмас. Репетитор ўн, нари борса ўн беш нафар ўғил-қизга сабоқ беради. У бор эътиборини болага таълим беришга қаратади. Яна бир жиҳати борки¸ унинг ҳузурига олий ўқув юртига кириб ўқиш ниятидаги ёшларгина боришади.

Мактаб ўқитувчилари билан суҳбат жараёнида яна бир муаммо алоҳида тилга олинди. Айрим дарсликлар боланинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда ёзилмаган. Оддийликдан мураккаблик сари эмас, аксинча, мураккабликдан оддийлик сари тамойили асосида яратилган дарсликлар учрамоқда. Дейлик, 5 – синф математика фани дарслиги мураккаб ва саёз. Айрим дарсликлар мактаб ҳаётини чуқур билмаган муаллифлар томонидан ёзилгани сезилиб туради.

— 3-синф дарслигида мисол йўқ, кўпайтириш, бўлиниш ҳақда гап йўқ, — дейди педагог Дилфуза Муҳаммедова. — Масала шарти мураккаб. У ҳатто ўқитувчини ҳам ўйлантириб қўяди.

Бу ҳақда қисқача бўлса-да тўхталишимиз бежиз эмас. Дарсликларимиз пишиқ-пухта, тушунарли, ўқувчи ёшига мос тарзда, муҳими, олий ўқув юртига кириш имконини берувчи тестларга мувофиқ ёзилмас экан, ўғил-қизларнинг билими ҳаминқадар бўлади. Репетиторга келсак...

— Биз 2020 йилдан буён фаолият юритиб келяпмиз, — дейди Бухоро шаҳридаги «Qorakoʻl taʻlim» ўқув маркази раҳбари Оғабек Нарзиев. — 4 – 11 – синф ўқувчиларига математика ҳамда инглиз тили фанлари йўналишида сабоқ беряпмиз. Натижаларимиз яхши. 35 нафар шогирдимиз хориж ҳамда республикамизнинг нуфузли олий ўқув юртларига муддатидан олдин ўқишга кириш бахтига муяссар бўлди. Мактаб дарслиги асосида берилган билим билан олий ўқув юртига кириш қийин, деган фикрга қўшиламан. Фикримча, мактаб таълими соҳасида ҳали қилинажак ишлар кўп. Билим ҳаётдан узилиб қолмаслиги керак. Масалан, Буюк Британияда дарслар ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ тарзда ўтилади. Қолаверса, хорижда олий ўқув юртига ўқишга кириш осон, аммо ўқиб кетиш қийин. Бизда бунинг тескарисини кўрасиз. Назаримда, бу биз ўрганишимиз керак бўлган муҳим жиҳатдир.

— Президент мактаби ўқувчилари орасида ҳам бизда таҳсил олган ўғил-қизларни кўриш мумкин, — дея суҳбатга қўшилади мазкур ўқув маркази ташкилотчиларидан яна бири Шоҳжаҳон Йўлдошев. — Биз болаларни билими, тушунчаси, салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда уч поғонага ажратганмиз. Шундан келиб чиққан ҳолда улар билан ишлаймиз. Бошқача айтганда, «касали»га қараб даволаймиз.

Назаримизда, педагог билан репетиторнинг қарашлари айни шу нуқтада туташади.

— Худди тиббиётда бўлгани каби таълимда ҳам ташхис қўйиш жуда муҳим, — дейди жумладан Замира Аҳмедова. — Агар ташхис тўғри қўйилса бемор тузалади. Саломатлиги тикланади. Бинобарин, биз таълимда ҳам ташхис қўйишда адашмаслигимиз керак. Бугун мактабни аранг битириб, ота-онасининг маблағи эвазига репетитор қўлида ўқиган, кейин эса қайсидир бир хусусий олий ўқув юрти талабасига айланган ёшларни ҳам кўриб турибмиз.

Тажрибали педагогнинг айтганича бор. Эртага шундай ёшлардан қанақанги кадр етишиб чиқади? Дейлик, билими сайёз, аммо шартнома асосида институтда ўқиб, шифокорлик дипломини қўлга киритган бундай кадр саломатлик ҳимоячиси эмас, балки одамлар ҳаёти кушандасига айланиб қолмайдими?

Бинобарин, гап давлат ва жамият учун сув ва ҳаводек зарур малакали кадрлар тайёрлаш ҳақида борар экан, таълимдаги кўплаб масалалар қаторида «Фарзандларимиз нега репетитор хизматига эҳтиёж сезишмоқда?» деган саволга ҳам жўяли жавоб бериш мавриди аллақачон келди!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?