Наврўз байрами Сурхондарёга тароват бағишламоқда

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилоятининг Наврўз шодиёналарига бағишланган асосий байрам сайли Термиз шаҳридаги Санъат саройи боғида бўлиб ўтди. Шарқона янги йил боши, гўзаллик, бунёдкорлик ва янгиланиш айёми эрта тонгдан карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда бошланди.
Воҳанинг ҳар бир тумани ўзига ажратилган қўрғонларни, ўтовларини ҳудуднинг миллий қадриятларига хос безатиб, турли кўргазмалар ташкил этди. Санъаткорларнинг концерт дастурлари, театрлашган саҳна кўринишлари, фольклор-этнографик ансамбллар ва бахшилар ижросидаги куй-қўшиқ, лапар, терма ва достонлардан парчалар, дорбозларнинг маҳорати, миллий халқ ўйинлари барчага бир олам завқу шавқ улашди. Сумалак ва бошқа баҳор таомларини тайёрлаб, байрам иштирокчиларига улашди.
«Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» шиори остидаги тантанали байрам тадбирида шаҳар ва туманлардан келган жамоатчилик вакиллари, миллий маданий марказлар, корхона ва ташкилотлар, муассаса ва маҳаллалар масъуллари, ўз беминнат хизмати билан ҳурмат-эътибор қозонган фидойилар, меҳнат фахрийлари, фаол ёшлар вакиллари, сайёҳлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов воҳа аҳлини яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат байрами билан самимий қутлаб, Ватанимизга тинчлик, юртимизга ободлик, халқимизга фаровонлик ва амалга ошираётган ислоҳотларимизга бардавомлик тилади.
— Ўтган 2024 йил вилоятимиз учун ютуқларга бой, сермаҳсул йил бўлди, — деди вилоят раҳбари. — Юртбошимизнинг алоҳида эътибори туфайли сўнгги йиллардаги янгиланишлар натижасида ўтмишдан илму фан, маънавият, маърифат ва маданият бешиги бўлиб келган Сурхон воҳаси ҳам янада обод, гўзал ва фаровон масканга айланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Фармон, қарор ва топшириқлари билан йиллар давомида тўпланиб келган кўплаб масалаларимиз ҳал этиб берилди. Бу жараёнда аҳолининг асосий муаммолари ҳисобланган йўл, ичимлик суви, электр таъминотига алоҳида эътибор қаратилди. Таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳаларда улкан янгиланишлар юз берди. Биргина мисол: ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун Тўпаланг лойиҳаси доирасида 5 та туманнинг 1 миллиондан ошиқ аҳолиси тоза ичимлик суви билан узлуксиз баҳраманд бўлишига шароит яратилди.
Президентимиз белгилаб берган бош мақсадимиз — инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, яъни халқимизни рози қилишдир. Бу борада белгилаб олинган дастурлар жадал тарзда амалга оширилиб, шу эзгу йўлда қатъиятли ҳаракат қилинаётганини мамнуният билан қайд этиш мумкин.
Жамиятимизда хотин-қизларнинг роли ва мавқеини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини вилоятда аёлларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибордан ҳам англаш мумкин.
Ўтган йилда вилоятда «Аёллар дафтари» орқали 64 минг нафардан ортиқ хотин-қизга ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, 42 минг нафарга яқин ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 12 минг нафарга яқин аёл тадбиркорликка жалб этилди.
Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган воҳалик хотин-қизлар ўзларининг меҳнатлари билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишмоқда. Ўтган йиллар давомида 80 нафардан ортиқ хотин-қиз давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Яқинда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимизнинг қарори билан бир қатор хотин-қизлар мукофотланди: Термиз тумани ободонлаштириш бошқармасининг гул етиштирувчиси Ойгул Шомуратова «Дўстлик» ордени, Денов туманидаги 1-оилавий болалар уйи раҳбари Озода Жўраева, Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Фарида Равшанова ҳамда Шўрчи туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, темирчи-уста Қизлархон Тошпулатова «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.
Шунингдек, икки нафар истеъдодли қиз ––Тошкент давлат юридик университети талабаси Гулрухсорабегим Абдусаидова ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таянч докторанти Рушана Зарипова Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди.
Дунёнинг энг руҳлантирувчи «Топ-100» аёли рўйхатига кирган деновлик Дилором Йўлдошева ногиронлиги бор бўлсада, тикув корхонасини очиб, 40 нафар камбағал хотин-қизни ишли қилганини шахсан давлатимиз раҳбари эътироф этиб, «Мардлик» ордени билан тақдирлагани сурхондарёлик хотин-қизларнинг меҳнати ва изланишларига берилган юксак баҳо деб билиш мумкин.
— Наврўз яшариш ва янгиланиш айёми, хайр-саховат байрамидир, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курси директори Райҳон Раҳимова. — Бу кун меҳр-муҳаббат улашиш куни. Бу кун қалблардаги яхшилик ва саховат уйғонади, ҳар ким ўзининг меҳрини яқинларига улашишга ҳаракат қилади. Бу йилги Наврўзи олам биз, сурхондарёлик аёллар учун ҳар йилгиданда омад ва қувончлар олиб келди. Юртбошимиз янги марралар, мақсадлар сари илҳомлантирди. Биз бу юксак ишончни ўз меҳнатимиз билан, албатта, оқлаймиз. Янги Ўзбекистонимизнинг порлоқ келажаги учун бор имконият ва матонатимизни сафарбар этамиз.
Вилоятнинг қулай инвестицион муҳити хорижий инвесторлар ва йирик компанияларнинг қизиқишларини оширмоқда. Буни вилоят делегациясининг Хитой, Япония, Венгрия ва Россияга ташрифлари давомида эришилган натижалар ҳам исботлаб турибди. Ушбу ташрифлар давомида 8,3 миллиард АҚШ долларилик 63 та лойиҳага инвестициялар жалб этиш бўйича келишувларга эришилди.
Вилоятда хорижий компаниялар иштирокида 30 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Масалан, Германия, Франция ва Нидерландия инвесторлари билан Ангор туман ида 1,2 миллиард долларлик, қуввати 1 500 МВТга тенг бўлган иссиқлик электр станцияси, Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда Шеробод туманида йирик қуёш станцияси, хитойлик тадбиркорлар билан Сариосиё ва Олтинсой туманларида кўмир конларини ўзлаштириш, Россия тадбиркорлари билан Қўмқўрғон туманида йирик тўқимачилик фабрикасини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, туризмни ривожлантириш мақсадида Бойсун тумани «Омонхона» ва Сариосиё тумани «Сангардак» ва Жарқўрғон тумани «Оқтепа» массивларида мастер режа асосида йирик лойиҳалар бошлаб юборилган.
Вилоятда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Термиз шаҳри ва барча туманларда «Ёшлар ва туризм кўчалари» ташкил этилмоқда. Денов туманидаги «Қизилсув» дарёси қирғоқлари мустаҳкамланиб, туну кун ишлайдиган савдо, сервис ва кўнгилочар нуқталар ташкил этилган. Бу 500 та янги иш ўрни яратишга имкон берди. Термиз шаҳрида ИТ-парк ташкил этилиб, 500 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.
Вилоят марказидаги «Тинчлик» ёшлар саноат зонаси тажрибаси асосида Қумқўрғон, Бандихон, Жарқўрғон, Ангор ва Денов туманларида ёшлар саноат зоналари ташкил этилди. 200 дан зиёд ёш тадбиркорга шароит яратилди. Бу йил 425 минг янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
26 гектар майдонда барпо этилган «Термиз халқаро савдо маркази» қўшни давлатлар билан савдо ва иқтисодий алоқаларда муҳим аҳамият касб этиб, вилоят нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Сурхондарёликлар бу йилги Наврўзни мана шундай катта ютуқлар билан қарши олмоқда. Воҳада яшаётган 20 дан зиёд миллат ва элат вакилларини ушбу байрам тадбирлари бирлаштириб, буюк марралар сари илҳомлантирмоқда. Зеро, тинч ва фаровон юртда байрамлар янада гўзал ва ширин бўлади.
Пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар, воҳадаги бадиий дасталар, фольклор жамоалари, истеъдодли ёшларнинг қизиқарли концерт дастурлари барчага байрамона кайфият бағишлади.
Наврўз шодиёналари вилоятнинг барча ҳудудлари бўлиб давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг