“Навоийуран” давлат корхонаси халқаро кредит рейтингини қўлга киритди

17:35 25 Ноябрь 2024 Жамият
240 0

Темур ЭШБОЕВ/“Халқ сўзи”. “Навоийуран” давлат корхонаси халқаро даражада энг юқори кредит рейтингига эга бўлган ташкилотлар қаторига кирди. Президентнинг 2022 йил 14 июлдаги ПҚ-319-сонли қарорига асосан, трансформация дастури натижасида корхона инвестицион жозибадорлигини ошириш ва халқаро рейтинг олиш вазифалари белгиланган эди. Ушбу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бериб, “Навоийуран“ ДК Standard & Poorʼs Global Ratings агентлиги томонидан узоқ муддатли дефолт рейтингида (Long term issuer default rating) BB-/барқарор (Stable) даражаси билан баҳоланди. Шу тариқа, корхона Ўзбекистондаги йирик саноат давлат корхоналари орасида иккинчи ўринни эгаллади.

— “Навоийуран” давлат корхонаси балансидаги 17 та муҳим конларнинг уран захиралари Австралиянинг JORC code стандартларига мувофиқ 71 минг тонна этиб баҳоланди, — дейди “Навоий уран” ДК бош директорининг трансформация ва рақамлаштириш бўйича ўринбосари Ҳасан Ҳайдаров. — 2022-2023 йиллар учун Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS) талаблари асосида биринчи бор тайёрланган молиявий ҳисоботларига “Катта тўртлик (BIG FOUR)” сафига кирувчи Deloitte халқаро аудиторлик ташкилотидан “ижобий” аудиторлик хулосасини берди.

Standard&Poorʼs Global Ratings ҳисоботига кўра “Навоийуран” ДК жаҳонда уран ишлаб чиқариш бўйича 5-ўриндалиги ҳамда ишлаб чиқариш харажатлари бўйича бошқа уран ишлаб чиқарувчи нуфузли хорижий компанияларга нисбатан энг паст эканлиги таъкидланди.

Халқаро рейтинг агентлиги, корхонанинг трансформация дастури асосида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди. Хусусан, корхонанинг узоқ йиллик стратегияси ва мақсадли кўрсаткичлари, операцион самарадорлик тадбирлари, корхона бошқарувига жалб қилинган хорижий мутахассислар фаолияти, корпоратив бошқарув тизими трансформацияси, атроф муҳит, ижтимоий ва корпоратив (ESG) тамойилларини жорий этиш мақсадида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги (ISO 45001), энергия самарадорлигини бошқариш (ISO 50001), ахборот хавфсизлиги (ISO 27001) экологик (ISO 14001) ва сифат менежменти (ISO 9001) бўйича қўлга киритилган халқаро сертификатлар, Global Reporting Initiative стандартларига асосан 2022 ва 2023 йиллар учун ишлаб чиқилган “Барқарорлик ҳисоботлари” (Sustainability report) ўрганиб чиқилди.

Шу билан бирга, Standard&Poorʼs Global Ratings агентлиги Франциянинг “Orano mining” ва Япониянинг “JOGMEC” ва “ITOCHU” каби хорижий компаниялар билан тузилган стратегик ҳамкорлик келишувларига мувофиқ олиб борилаётган инвестиция лойиҳалари корхонани янги босқичга олиб чиқиш имконияти борлигини эътироф этди.

Маълумот учун: Standard&Poorʼs Global Ratings — халқаро рейтинг агентликларидан бири бўлиб, агентлик халқаро молия бозорлари иштирокчилари учун халқаро рейтингга эга бўлган компаниялар тўғрисида мустақил таҳлил асосида маълумотлар ва хулосалар беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?