Навоийни ёд этиб

19:22 09 Февраль 2025 Жамият
267 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Улуғ шоир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Самарқандда қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Дастлаб, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, талабалар ҳамда ўқувчилар иштирок этдилар.

Боғ марказида ўрнатилган буюк мутафаккир ҳайкали пойида ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Самарқанд давлат чет тиллар институти профессори Дилором Салоҳий ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Хуршид Нуруллаев сўзга чиқиб, Навоий ҳаёти, бой маданий мероси ва унинг бугунги кунда ёшлар тарбиясида тутган ўрни ҳақида фикр юритдилар. Тадбирда Навоий асарларининг дунё халқлари учун бебаҳо маънавий мерос эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг, Самарқанд давлат университети ва Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабалари томонидан Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди. Вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари томонидан Навоий сиймоси акс эттирилган саҳнавий кўринишлар намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, улуғ мутафаккир хотирасига эҳтиром билдирдилар.

Шунингдек, Вилоят Ёшлар марказида Алишер Навоий таваллуди муносабати билан «Назм ва наво» номли бадиий кеча ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?