Навоийлик 134 нафар ўқитувчи 1000 доллардан зиёд маош олмоқда

15:04 21 Август 2025 Жамият
139 0

Вилоятда 368 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларнинг 11 таси сўнгги саккиз йилда мутлақо янгидан қурилди. 200 тага яқин мактаб капитал таъмирдан чиқарилиб, моддий техник базаси тубдан такомиллаштирилди.

Ушбу мактабларда 2024-2025-ўқув йили давомида 189 470 нафар ўқувчи ёшларга 21 077 нафар педагог таълим-тарбия беришди. Бу ўқитувчиларнинг 3 326 нафари олий, 4 961 нафари биринчи, 5 367 нафари иккинчи ҳамда 6 129 нафари мутахассислик тоифаларига эга.

—Сўнгги 3 йилда олий ва 1-тоифали ўқитувчилар улуши 26 ҳамда 40 фоизга ошди, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Нурали Ҳошимов. — Натижада бугунги кунда вилоят бўйича 134 нафар ўқитувчи 1000 ва ундан ортиқ, 600 нафари эса 800 — 900 АҚШ долларига тенг миқдорда маош олмоқда. Шунингдек, 2025 йилда тест ва суҳбатдан муваффақиятли ўтган 68 нафар педагог вазир жамғармасидан устама олади.

Навоийлик қанча ўқитувчи тўлиқ ставкада дарс билан таъминланмаган ёки олис ҳудудларда алоҳида фанлар бўйича ўқитувчиларга эҳтиёж қандай? деган савол туғилиши табиий. Бу борада вилоятдаги ҳолат бошқа ҳудудлардан унчалик фарқ қилмайди. Бироқ, Навоий шаҳридаги 1- ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг ажойиб натижасини бошқа жойда учратиш мушкул. Жорий йилда ушбу мактабнинг 60 нафар битирувчисининг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. 42 нафари давлат гранти, 18 нафари эса тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилди.

Энг муҳими уларнинг ҳар бири янги Ўзбекистоннинг изланувчан ва интилувчан фарзандлари, — дейди мактаб директори Одил Норов. — Бу нафақат улардаги шижоат, балки мамлакатимизда таълимга қаратилган эътибор самараси ҳамдир.

Темур ЭШБОЕВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?