Навоийда туркий халқлар адиблари иштирокида «Мумтоз шеърият» халқаро фестивали бўлиб ўтмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 29 июлдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шу йилнинг март ойида Навоий шаҳрида туркий халқлар адиблари иштирокида «Мумтоз шеърият» халқаро фестивалини ўтказиш вазифаси қўйилган эди.
Шу кунларда Навоий шаҳрида ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида «Мумтоз шеърият» халқаро фестивалига старт берилди.
Таъкидлаш жоизки, ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги яқинда Анқара шаҳрида туркий тилли давлатлар ижодий ташкилотлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда таъсис этилиб, унинг илк йиғилишини Навоий шаҳрида ўтказиладиган «Мумтоз шеърият» фестивали доирасида ташкил этиш таклифи барча иштирокчилар томонидан бир овоздан маъқулланган эди.
Ушбу нуфузли фестивалнинг улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий номи билан аталган шаҳарда ўтаётгани нафақат юртдошларимиз, балки бутун туркий олам аҳли қалбида чексиз фахр ва ғурур туйғуларини уйғотиб, ҳазрат сиймосига улкан эҳтиром тимсоли бўлиб хизмат қилаётир. Боиси ҳазрат Навоий турк (ўзбек) тилини дағал тил, унда нозик ҳис-туйғуларни нафис тарзда ифодалаб бўлмайди, деган ғайри илмий фикрлар ҳукмрон бир шароитда ушбу тилни ҳимоя қилиш учун кураш байроқдори сифатида майдонга чиқиб, унинг бойлигини, қудрат ва салобатини,чексиз имкониятларга эга эканлигини ҳам манзум, ҳам мансур асарлари орқали исботлаб берган эди.
Фестивалга ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби Султон Раев, Турксой Ёзарлар бирлиги фахрий раиси, жаҳон адабиётининг ёрқин вакили Анор Рзаев, Турксой Ёзарлар бирлиги ҳамда Қозоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат билан бир қаторда Евроосиё, Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Татаристон, Бошқирдистон Ёзувчилар уюшмаларининг вакиллари ҳам ташриф буюрди. Фестиваль иштирокчилари очилиш маросимида мазкур тадбир нафақат адабиётлар, балки халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштиришига хизмат қилишини таъкидладилар.
— Биз бир қушнинг икки қанотимиз, — деди Улуғбек Есдавлат. — Адабий алоқаларимиз ниҳоятда узоқ тарихга эга. Шу алоқалар туфайли, маънавиятимиз, миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз бир-бирини тўлдириб бойиб келади.
Фестиваль дастури адабий тадбирлар билан чекланиб қолмайди. Тадбир иштирокчилари адабий анжуман доирасида юртимизнинг гўзал ва обод масканларини бориб кўрадилар, чеҳраси ва қалбида нур балққан юртдошларимиз билан самимий суҳбатлар қуришлари ҳам фестиваль мундарижасидан ўрин олган.
Бугун эса ўз шукуҳи билан олам-олам қувонч бахш этаётган баҳорнинг гўзаллигидан завқланиб, шаҳарнинг «Маърифат боғи»да сумалак сайли ва фольклор-этнографик жамоаларнинг қўшиқ ва томошаларидан, «Фарҳод» маданият саройида ўтадиган «Ватан манзумаси» адабий-маърифий дастурдан баҳраманд бўлдилар.
Туркий дунё адабий муҳитида ғоят нуфузли мазкур халқаро анжуман мамлакатимизда кейинги йилларда барча тармоқларда бўлгани каби сўз санъати соҳасида ҳам чуқур ислоҳотлар, янгиланишлар самарасидир. Шу ҳақда сўз кетаркан, аввало, «Туркий адабиёт дурдоналари» 100 жилдлиги ҳамда «Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги» китобининг 30 жилдлиги, Алишер Навоийнинг қозоқ тилида чоп этилган «Хамса» асари тақдимотлари туркий тилларда ижод қиладиган шоир-ёзувчиларда чуқур таассурот қолдириши шубҳасиз.
Фестиваль ўз ишини давом эттирмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг