Навоийда сўнгги етти йилда 8 миллиард долларлик 6,5 мингта лойиҳа ишга туширилди

12:36 01 Ноябрь 2024 Сиёсат
238 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги етти йилда Навоийда 8 миллиард долларлик 6,5 мингта лойиҳа ишга тушиб, 27 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратилди. Бу ҳақда вилоятда Президент раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.

Вилоятдаги тадбиркорлар сони 3 карра кўпайди. Уларнинг саъй-ҳаракати билан ўтган етти йилда 1 миллиард долларлик экспорт бўлди. Бу йил ҳам вилоятда 2,2 миллиард долларлик 577 та лойиҳа ишга тушиб, 10 мингта юқори даромадли иш ўрни пайдо бўлади.

Ўтган даврда Навоий иқтисодиёти тўққизинчи ўриндан учинчи ўринга чиқиб, 82 триллион сўмга етди. Бунақаси Навоий тарихида бўлмаган.

Шу билан бирга вилоят ҳокимлиги ҳозирги кўрсаткичларни бир неча карра ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. 

Масалан, вилоятда каолин, фосфорит, гранит, мармар, кварц қумлари каби хомашё захиралари бўлган яна 100 та кон ва участкаларни тадбиркорларга таклиф қилиш мумкин. 

Бу ишлар кўламини кенгайтириш учун геологияда янги тизим бўлади. Барча стратегик ресурсли конлар ҳалқаро баҳолашдан ўтади. Бунинг учун тажрибали халқаро компаниялар жалб қилинади.

Президент маҳаллийлаштириш масаласида мутасаддилар корхоналар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Тадбиркорларимизга керакли стандартлар етказилса, импорт бўлаётган маҳсулотларни бемалол ўзимизда чиқариш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Минглаб иш ўрни ҳам яратилади.

Дарё, сой ва каналларни бетонлаш, кичик ГЭС қуришга ҳам хусусий секторни фаол жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. 

Кичик ГЭСлар “саноат ипотекаси” асосида тадбиркорларга берилади. Бу сув бўйларида замонавий савдо ва сервис объектлари ҳам ташкил қилинади. Бу Навоий тажрибаси бўлади.

Вилоят аҳолиси йилдан-йилга кўпаймоқда. Одамларнинг талаби ҳам, тадбиркорликка қизиқиши ҳам кундан-кунга ошаяпти.

Лекин, шундай салоҳият туриб, Навоийда ҳалигача камбағал оилалар борлиги шунча йирик корхонаси бор вилоятга ярашмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга четга ишлашга кетган одамлар билан гаплашиш, уларнинг оила аъзоларидан хабар олиш, даромадини ошириш учун шароит яратиш топширилди. 

Бу масалаларга жиддий қарамаган раҳбарларга хулоса ҳам жиддий бўлиши қайд этилди.     

Кичик бизнес, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва балиқчиликда мавжуд имкониятларни ишга солиб аҳоли даромадини ошириш, 4 та туман тажрибаси асосида 140 минг аҳолини банд қилиш, келгуси йилда Навоийга 500 минг хорижий туристни жалб қилиб, экспортни 150 миллион долларга етказиш бўйича топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?