Навоийда Конституция куни кенг миқёсда нишонланди

14:34 09 Декабрь 2025 Жамият
245 0

Навоий вилоятида ҳам 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинган кун тинч ва осойишта ҳаёт, фаровон турмушнинг қонуний кафолати, эришилган барча ютуқларнинг мустаҳкам таянчи сифатида кенг миқёсда нишонланди.

Байрам арафасида вилоят бунёдкорлари томонидан ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари ва маданий маиший иншоотлар фойдаланишга топширилиб, саховатпеша кишилар кўмаги билан юзлаб оилаларга байрам кайфияти туҳфа этилди.

Байрамнинг бош тантанаси Навоий шаҳридаги “Фарҳод” Маданият саройига барча шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган меҳнат илғорлари, маҳалла фаоллари ва илм аҳли ҳамда ёшларни тўплади.

Анжуман аввалида вилоят ҳокими Н. Турсунов тантана иштирокчиларини Конституцияси куни билан қутлаб, 2023 йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали янги таҳрирда қабул қилинган Асосий Қонунимиз мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам сифатида халқимизнинг ўз кучи ва салоҳиятига бўлган ишончи нақадар мустаҳкам экани, унинг сиёсий-ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги, Ватанимизнинг бугуни ва эртанги тақдири учун дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётганини амалда яққол намоён этганлигини таъкидлади. Конституция эришилаётган ютуқларнинг пойдевори бўлаётганлигига вилоят бўйича аниқ мисоллар орқали эътибор қаратди.

— Узоқ йиллар давомида ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигидан азоб тортдим, — дейди нуроталик Келдиёр Сойипов. — Очиғи, ҳаётдан умидимни узган эдим. Ўтган йили вилоятдаги шифохонада буйрак кўчириб ўтқазилиб, дарддан фориғ бўлдим. Албатта, бу мамлакатимизда инсон қадри улуғланиб, унинг манфаатлари, конституциявий ҳуқуқлари таъминланганлигининг ифодаси. Шу жиҳатдан ушбу байрамни энг улуғ байрам, деб биламан.

Анжуманнинг бадиий қисмида вилоят санъат усталари ва эстрада йўналишидаги ёш санъаткорлар ижросида Катта байрам концерт дастури намойиш этилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер