Навоийда электр энергияси таъминотида муаммолар бўлмайди

14:32 06 Сентябр 2024 Жамият
148 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда Навоий вилоятининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб, аҳолининг «аҳвол ҳалитдан шундай бўлса», деган хавотирига сабаб бўлмоқда.

Аслида вилоят энергетиклари кузнинг илиқ кунларидан самарали фойдаланган ҳолда 2024/2025 йил куз қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини ниҳоясига етказиш жараёнларида у ёки бу ҳудудни электр таъминотидан узиб қўймоқда.

— Жорий йилда туман ва шаҳар ҳудудларининг электр таъминотини яхшилаш учун 0,4-110 кВли 1 489,9 км ҳаво электр узатиш тармоқлари, 7 дона 110-35 кВли подстанция ва 367 дона 0,4/6/10 кВли трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Навоий ҳудудий филиали бош муҳандиси Ойбек Райимов. — 1 сентябрь ҳолатига 1248,0 км 0,4-110 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари, режадаги 110-35 кВли подстанцияларнинг барчаси мукаммал таъмирланди. Айни кунларда 0,4/6/10 кВли трансформатор пунктлари мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоятдаги аҳоли истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлашда узилишларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий бюджетдан ажратилган 5 миллиард сўм маблағ ҳамда жамиятимиз маблағлари ҳисобидан корхонада 90 дона турли қувватли трансформатор пунктлари ва 35,3 тонна трансформатор мойи, 77 километр кабель, 7,76 тонна сим, 215 дона кабель муфталари, 210 дона темир бетон таянч ҳамда 3562 дона ҳар хил турдаги ҳимоя воситаларининг захиралари яратилди.

Шунингдек, электр тармоқларида юзага келадиган аварияларни бартараф этиш мақсадида 75 та махсус бригада ташкил этилиб, 334 нафар ишчи ходим ҳамда уларга 98та махсус техникалар бириктирилди.

— Шу кунга қадар режадаги уйларнинг 90 фоизида таъмирлаш ишлари якунланиб, йўналтирилган маблағларнинг 17,6 млрд.сўми ўзлаштирилди, — дейди Навоий вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Эркин Камолов. — Хусусан, уйларнинг том ва ертўла ҳамда фасад қисми, ички муҳандислик тармоқларида мавсумга тайёрлаш ишлари тўлиқ бажарилиб, айни кунларда кириш йўлаклари, фрамуга ойна ромлари ва энергия тежамкор сенсор лампалар ўрнатиш, электр тақсимловчи шитларни таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Шулар баробарида 764 дона газ тақсимлаш пунктларини тафтиш қилиш, 74,2 км газ қувурларини босим остида синаш, 233,1 км ер ости газ қувурларини текшириш 112,1 км газ қувурларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилди.

Аҳолининг куз-қиш мавсумида бевосита кайфиятини белгиловчи омиллардан бири бу хонадон ва ижтимоий соҳа объектларида ҳароратнинг барқарорлигидир. Шу мақсадларда вилоят бўйича жорий йилда 2 та соғлиқни сақлаш муассасаларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда мазкур объектларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, жорий таъмирлаш режалаштирилган 16 та мактаб ҳамда 9 та мактабгача таълим муассасаларининг барчаси, 5 та соғлиқни сақлаш муассасаларидан 2 таси мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Вилоятнинг автоном иссиқлик таъминотига эга ижтимоий соҳа муассасаларига 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсуми учун жами 30,0 минг тонна кўмир жамғарилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 28,1 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди. Суюлтирилган газ таъминотида истеъмолчиларга куз-қиш мавсумида жами 8,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, белгиланган график асосида октябрь ойидан бошлаб суюлтирилган газ етказиб берилиши кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер