Навоий вилоятида 2 минг 400 дан зиёд хонадонларнинг табиий газ таъминоти яхшиланади
Фото: Халқ сўзи
Навоий вилоятида 162 минг истеъмолчига табиий газ 4 минг 81 км 893 метр юқори, ўрта ва паст босимли газ қувурлари ва 3 минг 47 дона юқори, ўрта босимли газ тақсимлаш пунктлари орқали етказиб берилади.
Бугун асосан «ақлли» ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатиб бўлинган ҳудудларда газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилмоқда. Бунда газ тақсимлаш қурилмаларининг вазифасини замонавий ҳисоблагичлардаги маромлаш мосламалари бажаради. Яъни газ тақсимлаш қутисидан эрталаб босимни тушириб, кечки пайт кўтаришга эндиликда зарурат йўқ.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда вилоятнинг 29 та маҳалласидаги 617 та газ тақсимлаш қурилмалари демонтаж қилиниб, мазкур маҳаллаларнинг газ таъминоти ана шу тахлит сутканинг барча вақтида бир меъёрда барқарорлик касб этмоқда.
— Жорий йилда ҳам «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинган маҳаллаларда газ тақсимлаш пунктларини демонтаж қилиш ва газ таъминотини икки босқичлига ўтказиш ишлари давом этмоқда, — дейди «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали масъул ходими Жайнар Абдуллаев. — Жумладан, ўтган икки ойда Ғозғон шаҳрида 4 та, Хатирчида 5 та, Навбаҳорда 15 та, Қизилтепада 34 та ва Кармана туманида 50 та, жами 108 та қурилма демонтаж қилиниб, янгиси ўрнатилди.
Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизимидаги филиаллар балансида бўлган газ тармоқларини 2022 йилда мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш манзилли дастурига асосан, жорий йилда вилоятдаги газ қувурларининг 7,3 км қисмини реконструкция қилиш ва 2,9 километрини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.
Жумладан, Кармана туманининг «Янги ариқ» маҳалласида 1,1 км, «Азамат» маҳалласида 1,9 км, Навоий шаҳрининг «Ёшлик» маҳалласида 2 км, «Бинокор» маҳалласида 1 км, Хатирчи туманининг «Чечак ота» маҳалласида 1,3 км газ қувурлари реконструкциядан чиқарилиб, Навбаҳор туманининг «Янги ҳаёт» маҳалласида эса жами 2,9 км газ тармоқлари мукаммал таъмирланади.
Ушбу дастурда белгиланган ишларнинг амалга оширилиши натижасида мазкур ҳудудлардаги 2460 та аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти яхшиланишига эришилади.
Таъкидлаш жоиз, табиий газ, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотидаги барқарорлик аҳоли кайфиятини белгиловчи омил бўлиши билан бирга фаровонлик ва ҳудудлар инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг муҳим шарти ҳамдир.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг