Навоий эркин иқтисодий зоналар сиёсатининг намунасига айланмоқда
Эркин иқтисодий зоналар ҳар бир мамлакатда янги ишлаб чиқариш қувватларини жорий этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, рақобатбардош ҳамда импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилади. Улар, аввало, мамлакат ёки алоҳида ҳудудларни стратегик ривожлантиришга доир вазифаларни — ташқи савдо, умумий иқтисодий, ижтимоий, ҳудудий ва илмий-техник масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадларда 2008 йилда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган бўлиб, унинг 564 гектарлик ҳудуди тўлиқ коммуникация инфратузилмаси билан таъминланган. Яъни, зона 6 кг босимли 2600 м³ газ ва 30 000 мА қувватли электр тармоғи билан таъминланган. Қулай ва жозибадор инвестиция муҳити туфайли бугунги кунга қадар қиймати 587,3 млн. АҚШ долларига тенг (шундан 242,8 млн. доллари хорижий инвестиция ва кредитлар ҳиссасига тўғри келадиган) 69 та лойиҳа амалга оширилиб, натижада 7822 та иш ўрни яратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, эркин иқтисодий зоналар самарадорлигини аниқ ўлчаш анча мураккаб жараён ҳисобланади. Зеро, унинг ижобий таъсири нафақат зонада фаолият юритаётган корхоналар иш самарадорлигига, балки бутун ҳудуд, қўшни вилоятлар, ҳатто мамлакат миқёсидаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига ҳам таъсир кўрсатади. Шунингдек, эркин иқтисодий зоналар фаолияти дарҳол ижтимоий-иқтисодий самара бермайди — у муайян вақт давомида тўпланган тажриба ва инвестицион муҳитнинг барқарорлигига боғлиқ бўлади.
Агар эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатаётган ҳудудларда ишловчиларнинг иш ҳақи ошса, хорижий инвестициялар ҳажми ўсса, ишсизлар сони қисқарса ва бозорда товар ҳамда хизматлар тури кўпайса, бу ҳолат ЭИЗ самарали фаолият юритаётганидан далолат беради.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги тарихий қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Мазкур фармон кучга киргунга қадар, яъни 2008–2018 йиллар давомида қиймати 202,8 млн. доллар бўлган 24 та лойиҳа амалга оширилиб, 3322 та иш ўрни яратилган бўлса, фармон қабул қилинганидан кейин 2019–2025 йиллар давомида қиймати 362,4 млн. долларлик 50 та лойиҳа ишга туширилиб, 4739 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, Навоий эркин иқтисодий зонасининг базавий ҳудудларидан ташқари, хомашё манбаларига яқин ҳудудларда қиймати 265,3 млн. долларлик 18 та лойиҳа амалга оширилиб, натижада яна 2715 та иш ўрни ташкил этилди.
Корхоналар томонидан ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмлари ҳам йил сайин барқарор ўсиб бормоқда. Масалан, 2018 йилда эркин иқтисодий зона иштирокчилари томонидан жами 2 525,7 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилнинг 8 ойи мобайнида бу кўрсаткич 4 282,9 млрд. сўмга етди. Яъни, бу давр мобайнида 1,7 баробарлик ўсишга эришилди.
Худди шундай, экспорт ҳажмлари ҳам сезиларли даражада ортиб борди: агар 2018 йилда уларнинг умумий қиймати 32,3 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг 8 ойлигида бу рақам 105,2 млн. долларга етди. Бу 2018 йилга нисбатан 3,2 баробар кўпдир.
Сўнгги икки йил ичида умумий қиймати 1 963,1 млн. доллар бўлган 22 та янги лойиҳа амалга жорий этилди. Уларнинг 796,8 млн. доллари хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Натижада қарийб 4 000 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Ҳозирги вақтда ушбу лойиҳалар доирасида қурилиш ишлари, асбоб-ускуналарни олиб келиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига мослаштириш ишлари фаол олиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси иштирокчилари учун жуда кенг солиқ ва божхона имтиёзлари белгиланган. Хусусан, иштирокчи мақомини олган корхоналар киритган инвестиция миқдорига қараб (300 минг доллардан 10 млн. ва ундан ортиқ), 3 йилдан 10 йилгача мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик солиғидан озод этилади.
Бундан ташқари, республикада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материалларини инвестиция лойиҳаси доирасида олиб кириш учун божхона тўловларидан озод қилиш тизими амал қилади. Шунингдек, тасдиқланган рўйхат бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналарни олиб киришда ҳам божхона имтиёзлари берилади.
Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича ҳам қулай механизм жорий этилган: ҳисобланган солиқ суммасидан ортиқ бўлган ҚҚС маблағи ЭИЗ иштирокчиларига етти кун ичида соддалаштирилган тартибда қайтариб берилади. Бу жараён Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.
Бугунги глобаллашув даврида иқтисодий муносабатлар шиддат билан ўзгариб, қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар тезкор мослашувни талаб этмоқда. Бу жараёндан эркин иқтисодий зоналар фаолияти ҳам четда қололмайди.
Масалан, “Навоий” ЭИЗ иштирокчилари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида қурилишни лойиҳалаш, хорижда тайёрланган лойиҳаларни Ўзбекистон қурилиш меъёрларига мослаштириш, экология талабларини бажариш ҳамда барча ҳужжатларни қурилиш экспертизасидан ўтказишда муайян тўсиқларга дуч келмоқда. Айниқса, қурилиш соҳасида назорат инспекциясидан рухсат олиш жараёнларининг чўзилиши лойиҳаларнинг белгиланган тармоқ жадвалидан ортда қолишига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан ЭИЗ мутасаддилари лойиҳалаш ишларини қурилиш рухсатномасини олиш билан бир вақтда олиб бориш имкониятини яратиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар.
Бундан ташқари, “Навоий” ЭИЗ дирекцияси акциядорлик жамияти суд органларига турли низолар юзасидан мурожаат қилиш ҳолатлари кўпайганини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига тегишли қўшимчалар киритиб, эркин иқтисодий зоналар дирекцияларини судга мурожаат қилишда давлат божидан озод этиш таклифини билдирган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги ПФ–5719-сонли Фармонига мувофиқ, “Навоий” ЭИЗ ҳудудида бинолар қуриш “Навоий” ЭИЗ дирекцияси АЖ ёки хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин. Кейинчалик ушбу бинолар тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижара ёки сотиб олиш шароитида тақдим этилиши белгиланган.
Мутасаддилар фикрича, “Навоий” ЭИЗдаги бўш ер майдонларида бинолар қуриш учун девелопер компанияларни кенг жалб этиш, уларга иштирокчи мақомини бериш ҳамда мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Албатта, мазкур таклифлар мулоҳазага чорлайди. Бироқ уларнинг амалга оширилиши эркин иқтисодий зоналар фаолиятининг янада такомиллашуви ва самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Муаллиф: Темур ЭШБОЕВ,
Тасвирчи: Темур БАЙБИКОВ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг