Навоий армони
Фото: Архив сурат
Алишер Навоий... Бу ўлмас сўз санъаткорининг ижодини ўрганиш ҳамиша кўнгиллар уйини равшан қилиб, қалбларга муҳаббат ва ҳаловат бағишлайди, инсонни эзгулик, поклик, комиллик сари етаклайди. Бу зот нафақат асарлари, бунёдкорлик ва эзгуликка йўғрилган ҳаёти ҳамда фаолияти билан ҳам барча замонларда ибрат тимсоли бўла олади.
Шу боис асрлар давомида жаҳон аҳли улуғ шоирнинг кўнгил оламини, ижодий меросини, ҳаётини ўқиб-ўрганмоқда. Шоиру ёзувчилар, илм-фан намояндалари улуғ устод ҳақида илмий, бадиий асарлар яратмоқда.
Қуйида тақдим қилинаётган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон қаламига мансуб ҳикоятда ҳам Алишер Навоийнинг сўнгги кунлари, кўнгил тубида қолган армони ҳақида сўз боради.
Шаҳзода Мўмин мирзо ўлдирилган ҳижрий тўққиз юз учинчи йилнинг сафар ойида – 1497 сананинг эрта баҳорида Машҳаддан Ҳиротга қaйтаётганда шафқатсиз қатл хабарини эшитган Мир Алишер бағоят қаттиқ қайғурди ва унга пешвоз чиққан ёру биродарларига надомат билан: «Бир вақтлар Шайх Мажидиддин Бағдодийнинг ўлдирилиши оқибатда Чингизхон босқинидан Мовароуннаҳр ва Хуросон қандай қирғинбаротга учраган бўлса, Мўмин мирзонинг ўлдирилиши оқибати ҳам худди шундай фалокатлардан дарак берадур», – деб айтди.
Мир Алишер бундай қабиҳона қотиллик – бобонинг ўз набирасини ўлдиришга фатво бериши салтанат инқирозининг ибтидоси эканига ишора қилганини пайқаган Султон Ҳусайн Бойқаро қаттиқ ғазабланди. Аммо ғазабини ичига ютди.
Султон Ҳусайн бу машъум воқеадан сўнг қарийб ярим асрлик қадрдони бўлмиш Мир Алишер салтанат ишларидан бутунлай четлашишга, бир умрлик орзусини амалга оширишга аҳд қилганидан бехабар эди. У, бу ҳақда эшитганда ҳам жиддий эътибор бермади, илло, Мир Алишер бундай қарорларни олдин ҳам қилган, аммо унинг бошига ташвиш тушганда ҳеч қачон қараб ўтирмаган, хонанишинликни тарк этиб албатта кўмакка келган. Шоядким, бу гал ҳам шундай бўлгай... Қолаверса, Мир Алишерни подшоҳ хонадонига ипсиз боғлаб қўйган бир куч бор эдики, у ҳам бўлса, Султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга кечган болалигу ёшлик ёди эди.
У, ўттиз йилдирки, салтанат остонасида тупроқ бўлди. Дўсти ўтирган тахт тинчини кўзлади. Ота авлоди қарийб бир аср мобайнида садоқат билан хизмат қилган темурийлар равнақи йўлида қўлига қилич олишгача борди. Бу хизматлари эвазига подшоҳ унга кўп илтифотлар қилди, олий мартабалар берди. Баъзан ўз назаридан четлатди, аммо яна ҳузурига чорлади.
Подшоҳга дўст кишининг душмани кўп бўлади. Ўттиз йилдир-ки, бу душманлар уни ёмон кўрадилар, унга туҳмат қиладилар, бўҳтон ёғдирадилар. Аммо у пушаймонлик чекмайди, зеро, пушаймонлигидан суд йўқтур. Йўқ, йўқ, у пушаймон эмас, чеккан заҳматларидан рози. Илло, у ҳар вақт кўнгилни Тангри таоло ёдидан ғофил, мусулмонлар додидан отил қилмади. Дўстлар фикридан ва душманлар макридан бепарво бўлмади.
Мана шу заҳматлари туфайли мамлакатда осойишталик қарор топди. Мир Алишер сабаб Султон Ҳусайн Бойқаро саройида аҳли фазл ва беназир инсонлар йиғилдилар. Мана энди фархунда замон бугунга келиб – подшоҳ ҳам, ўзи ҳам қариганда шикаста бўладиганга ўхшайди. У умр бўйи дўстини адолатли подшоҳ бўлишга даъват қилди. Зулм ва адолатсизлик боис обод жойлар вайрон, кабутар ошёнлари бойқушга макон бўлишини англатди. Подшоҳлар эса зулм ва адолатсизлик қилишга кўпроқ мойил бўладилар. Ноҳақ қон тўкмоқлик уларнинг ҳунари, муддао, токи жони бор одам ундан қўрқсин. Подшоҳларнинг номаъқулчилиги ўзларига яхши кўринади. Қорани оқ деса, – маъқулламаган гуноҳкор, қора демаганларнинг эса рўзғори қаро бўлади. Подшоҳларга тўғри сўзни айтганларнинг жони хатарда, эзгуликка ундаганларни жаллоднинг қиличи кутади. Аммо у дўст сифатида ҳам, вазир сифатида ҳам подшоҳ қошида тўғри сўзлашдан чўчимади. Инчунин, подшоҳнинг вазири ҳам ёмон, иймонсиз бўлса фуқаронинг ҳолига вой.
Мир Алишер порсо ва покдоман киши эди. Улуғ мартабалар кўрган бўлсада, уларнинг ҳавасига учмади, тариқатга содиқ қолди. Султон Ҳусайн мирзонинг ўзи бир гал унинг порсолиги ва таҳоратини бузмаслиги ҳақида гапирган ва «Бу ҳазрат дунёга келиб ҳаёт хилъатини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теггизмаганлар, футаввот ва жўмардлик ёқаси лаъли тугмасини хотинлар ҳавою ҳавасига тутқизмаганлар», — деб айтганди.
Мир Алишер ёшлигидан бошлаб, Машҳадда ва Самарқандда сабоқ олганида ҳам, ҳамиша дарвешлар суҳбатини ихтиёр этди, ҳидоят йўлида раҳнамо машойихлар илмини ўрганди ва ҳар доим бу покдамонлар гуруҳига ихлос ва муридлик қадами ила мулозаматда бўлди. Астробод воқеалари туфайли подшоҳ билан ўрталарида тушган рахна сабаб саройдан четлашганда ҳам салтанат ишидан этак йиғиштириб, ибодат ва риёзат аҳли билан бирла бўлди, шу мақсадда Роботи Суҳайлда хонанишинлик қилди. Фақирлик ва фано йўлидан кетишга мойил эди, лекин, орадан кўп вақт ўтмай, подшоҳ уни яна саройга чорлади. Мир Алишер аввалида «Мен йўлим фақирликда» деб кўнмади. Охири бир куни подшоҳ бутун сарой аҳли қошида «Салтанат ишини тартибга солиш сизнинг раъйингизга қараб қолди. Келинг, дўстим, қарорсиз қаламингиздан мамлакат барқарор бўлсин», деб айтди. Ниҳоят «Бир соатлик адолат олтмиш йиллик ибодатдан афзал», деган сўзга амал қилиб Мир Алишер кўнишга мажбур бўлди.
У узоқ вақт салтанат ташвишлари билан банд бўлса ҳам, аммо ҳеч қачон пок ва улуғ Аллоҳ таолони унутмади, айилботар сўзлар билан дарвешлар дилини ранжитмади, ҳар бир ишда ихлос ва имонни касб этди. Шу сабабдан ҳам салтанат ишкалини тузатиш борасида подшоҳга маслаҳат берганда, имонни ўртага қўйиб сўйлади. Яратган инояти боис ёшларга шафқат, дўстларга карам, катталарга иззат кўрсатиш йўриғига риоя қилди.
Унга подшоҳ кўп ер-сув инъом қилди. Аммо у бойишни ҳаёлига ҳам келтирмади, ўз мулкидан тушган даромаддан хайрли бинолар тиклаш, мадрасалар аҳволини яхшилаш, маърифий китоблардан нусха кўчириш, илму толибларга нафақа белгилаш, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга, ва ҳатто зарурат туғилганда подшоҳга, лашкарга сарфлади. Мир Алишернинг бир кунлик даромади ўн саккиз минг шоҳруҳий динор эди ва у ана шу даромаднинг ҳаммасини саховат ва ҳиммат эҳсонига айлантиришга уринди.
У ҳеч қачон Ҳақдан қўрқишни эсдан чиқармади, бошига машаққатлар тушганда, сабр ва чидам билан Аллоҳга сиғинди. Бошқаларни ҳам шунга даъват этди. Шу йўлда машойиху сўфийлар зикрида ва сулук йўллари баёнида «Насойим ул-Муҳаббат», «Лисон ут-тайр» китобларини битди. Фуқарою дарвишлар, ғарибу мусофирлар ғамида турли мавзеларда хонақоҳлар, роботлар, ҳовузлар, ҳаммомлар ва кўприклар тиклади. Биргина «Холисия» хонақоҳида ҳар куни мингдан зиёд мискинга томоқ тарқатилади, ҳар йили муҳтожларга икки мингга яқин пўстин, чакмон, кўйлак-иштон, тақия ва ковуш улашилади. Бунақа хонақоҳлар эса неча-неча…
Бундан икки йил муқаддам Нишопурга борганида, машойихлар, шу жумладан ўзи эътиқод қўйган Шайх Фаридиддин Аттор мозори харобга айланганини кўриб, таъмирлашни буюрди, шайх қабри устида янги хонақоҳ тиклатди. Ҳиротдаги Марғани боғида маҳобатли бир масжид бино қилиб, ўз замонининг атоқли қориларидан Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни имомликка тайинлади ва ўзи ҳам у ерда беш вақт намозга ҳозир бўлди.
Мир Алишер Марвдан дорулсалтанатга қайтаётиб, йўл бўйи ўйлагани тўғри чиқди. Мамлакатда Бадиуззамон мирзо исёнидан сўнг бошланган осойишталик узоқ чўзилмади, бор-йўғи бир йилга етмай барҳам топди. Бу сафар Султон Ҳусайн мирзонинг бошқа бир ўғли – шаҳзода Абулмуҳсин мирзо ғавғо бошлади. Султон Ҳусайн қўшин билан яна Марв томон отланди.
Бу воқеадан бир мунча вақт аввал Мир Алишер подшоҳга қайта-қайта мурожаат қилиб, Каъба тавофига ижозат олишга муваффақ бўлган эди.
Султон қўшини дорулсалтанани тарк этгач, Мир Алишер муборак сафарга чиқиш мавриди келганини, инчунин, энди бу салтанатда тинчлик, дунё ғавғоларидан холилик ҳеч қачон насиб этмаслиги билди. Шу сабаб фурсатни ғанимат билиб йўлга чиқди ва бир неча кунлардан кейин Машҳадга етди. Шаҳарга яқинлашиб қолганда, яна бир карра подшоҳнинг ҳол-аҳволини суриштирмоқ, қолаверса, ижозатни тағин ҳам мустаҳкамламоқ ниятида мавлоно Абдулҳай Табибни Султон Ҳусайн Бойқаро ҳузурига – Марвга жўнатди. Ўзи бўлса бир кезлар Имом Рози мақбараси ёнида етим ва қашшоқларга томоқ улашиш учун тиклатган ғалвурхонада қўним топиб, жавоб кутди. Орадан кўп ўтмай, Мавлоно Абулҳай исёнчи шаҳзода билан жанг қилиб юрган Султон Ҳусайн мирзо қошидан етиб келди ва подшоҳ мактубини топширди.
Мактубни олган куни Мир Алишер машҳад улуғлари ва йўлдошлари билан маслаҳатлашди. Улар салтанатнинг осойишталиги учун Мир Алишернинг Ҳажга боришини кечиктиришни лозим кўрдилар. Бунинг устига мавлоно Абдулҳай шаҳзода Абу Муҳсин мирзо отаси билан сулҳ тузиш учун Мир Алишернинг ўртада вакил бўлишини шарт қилиб қўйганини айтди. Подшоҳ бу гапни қоғозга ишонмай, мавлонодан айттириб юборган эди. Оқибатда Мир Алишер Марвга қараб жўнади. У тушган карвон Машҳад билан Марвнинг ўртасида жойлашган Сарахс кентига етганда, уни туғишган иниси Дарвишали кутиб олди. Эртаси куни Султон Ҳусайннинг ҳам шу манзилга яқинлашаётгани маълум бўлди. Подшоҳ билан шоир Бозорғонтепа ўлангида суҳбат қурдилар. Подшоҳ мактубида битган сўзларни яна, қайта такрорлади. Мир Алишер индамай тинглади ва подшоҳ сўзини тугатгач шундай деди:
– Аъло ҳазрат, бир пайтлар мен подшолик ишларини шуғулланишдан қўл тортадиган бўлсам, Шайх Нажмиддин Кубро мозори ёки Хожа Абдуллоҳ Ансорий мақбараси остонасининг жўрубкаши бўламан, деб айтган эдилар.
– Шундай Алишербек. – деди Султон Ҳусайн мирзо хомуш тортиб, қарийб йигирма йил бурун айтган гапини дўсти унутмаганига, унинг қувваи ҳофизасига таҳсин ўқиган подшоҳ бирдан сергак тортди ва Мир Алишер муддаосини билиш ниятида гапнинг давомини кутди. – Ўша сўзларингиз сизга муяссар бўлмоғи бундан сўнг ҳам мушкул. Аммо шу ниятга етмоқни истаган маҳрамингизга Ҳижоз сафарига жўнашга ижозат бермайсиз. Неча бор рухсат тиладим, ҳатто сўнгги марта рағбат қилганингизда ҳам кўнглингиздан хоҳиш аломатини туймаган эдим. Шу боис гарчи ихтиёр тегган бўлсада, сизнинг қошингизга яна одам юбордим, яна мактуб битиб, мени йўлдан қайтардингиз.
Подшоҳнинг бесаранжомланганини кўриб, Мир Алишер, буёғини эшитинг, дегандек, қўлини кўксига қўйди. – Бу гапларни айтишдан мақсад, аъло ҳазратга таъна сўзини арз қилиш эмас. Илло, тилаганингиздек, мактуб битишингиздан мурод сафарни ман этиш экан, деган хаёлга борганим йўқ. Бу гапларни айтишдан мақсад яна ижозат тилаш. Агар рухсат берсалар, қолган ҳаётимни Хожа Абдуллоҳ Ансорий мозори остонасини супуришга сарфласам. Яна мени салтанат ишларидан холи этсангиз, бундай масъулиятдан озод бўлсам. Нетайки, қарилик ҳам худонинг инояти экан, сўнгакларим мўрт, кўзларим бенур, кўнгил эса фароғат тилайдур…
– Қаридим, деманг, Алишербек, – деди Султон Ҳусайн. – Мендан уч йил ёшсиз. Мен қаридим десам бўлар. Аммо, қарангки, қўлимда қилич, чопқиллашиб юрурман. Сиз бўлсангиз…
– Қаридим, аъло ҳазрат, қаридим, – деди Мир Алишер, – олдинги қувватим йўқ. Ҳижоз сафари ҳам сўнгги сафарим бўлмоғини бўйнимга олган эдим.
– Мабодо сиз Хуросонда қолар экансиз, ҳар қандай илтимосингизни бажармоқ мен учун фарз, – деди подшоҳ. Чунки, биламизки, сиз бу мулкни тарк этсангиз, мен ёлғиз қолурман. Мени ёлғиз қолдирмангиз. Ёшликда, куч-ғайрат борида ёнимда бўлдингиз, энди қариганда, бир-биримизни тарк этсак, қандоқ бўлур?
Суҳбат сўнгида Султон Ҳусайн Бойқаро кекса шоир устига олтин тугмали, авраси зарбоф қора қундузи пўстин ва яна бир неча қимматбаҳо тўнлар ёпди. Бир неча кундан сўнг Мир Алишер ота ила ўғилни яраштириш ишларини адо этгач, подшоҳнинг ижозати билан дорулсалтанага йўл олди.
У Ҳиротга шаъбон ойининг ўрталарида етиб келди. Маликулшуаронинг қайтаётганидан хабар топган пойтахт аҳлининг қувончи беҳад, шаҳар дарвозасидан то Унциягача тумонат одам пешвоз чиққан эди.
Қайтганига бир ҳафта бўлар-бўлмас Мир Алишер Хож Ансорий мозори пойида катта йиғин қилиб, шаҳар улуғларини чорлади ва улардан қутлуғ даргоҳ жўрубкаши бўлишдек, мўътабар вазифа учун фотиҳа беришларини тилади. «Мен мундин сўнг дарвишлик ва гўшанишинлик бодасида истиқомат қилишни ихтиёр этдим», – деди у.
Ўша куни шундай улуғ мажлис бўлдики, салтанат бошида турган Муборизиддин Муҳаммад Валибек каби амирлар мозорда йиғилган уламолар хизматида оёқда қолдилар. Етмиш қўй, йигирма беш от сўйилди ва ўттиз ботмон қанд ва яна чандон ноз-неъматлар ўртага тортилди. Мажлис сўнгида машойихлар Мир Алишерга фотиҳа бердилар.
Ўша мажлисдан кўп вақт ўтмай Мир Алишерни дорулсалтанатга жўнатиб, шер овлаш ҳавасида Мозандарон томонга йўлланган подшоҳдан фармон келди. Фармон салтанат пойтахтида ҳукм юргизган Амир Валибек номига битилиб, унда тез орада Ҳирот ва унинг атрофидаги аҳолидан зарур харажатлар учун юз минг динор ундириш буюрилган эди. Амир Валибек талаб қилинган маблағнинг ярмини шаҳар ён-теварагидаги деҳқонлардан ундириб, қолганини пойтахт нуфуси гарданига юклашни мўлжаллади.
Аммо Амир Валибек ҳеч бир ишга Мир Алишер фикрисиз ва маслаҳатисиз дахл қилмас эди. Шу сабаб ўз мўлжалини шоирга маълум қолди. Мир Алишер «Бу фурсатда халқ устига ўринсиз солиқ солишни олий даражали Соҳибқирон давлатига муносиб кўрмайман» – деди ва ўша куниёқ мазкур маблағни ўзининг даромадидан тўлади. Унинг бу саховатини эшитиб, шаҳар аҳли улуғ кишиларни вакил қилиб юбордилар. Шоир вакилларнинг миннатдорчилигини қабул қиларкан, «Ҳаж сафари азимати ила чиққан йўлидан қайтарилдим. Аммо бу йўлдан қайтганим ила элимга карам қилиш йўлидадурман», – деди ва сўзини баёт билан тугатди:
Хуш улким, анга лутф бирла худо,
Улуснинг қабулини қилди ато…
Мир Алишер Ансория мозорининг шарқ томонида бир ҳонақох қурилишини бошлади, чор-тароф ободончилиги хаёлида бўлди. Холи қолган кезлари гоҳ Хожанинг қаламига мансуб «Илоҳийнома» рисоласини мутолаа қилар, гоҳ «Вақфия»ни қоралаш ила банд бўларди. Аммо салтанатдаги нотинчлик бу улуғ ва савоб ишларга андармон Ансория жўрубкашига ором бермасди. Подшоҳ деярли пойтахтда бўлмас, дамба-дам кўтарилаётган исёнларни даф этиш билан овора эди. У қўрқиб қолган, шу қўрқув боис ҳатто энг яқин кишиларига ҳам шубҳа билан қарарди. Кутилмаганда у Мир Алишернинг иниси Дарвишалини Балх ҳокимлигидан бўшатди. Кетма-кет Астрабод воқеаларидан сўнг дарвешлик ридосини кийган тоғаваччаси Мир Ҳайдар подшоҳга нисбатан хиёнатда – Қундуз ҳукмдори Хусравшоҳни Ҳирий устига босқин қилишга чорлашда айбланиб ўлдирилди. Бундан дарак топган Мир Алишер ич-ичидан ўртанди, ўз мулозимларини юбориб, Ҳайдарнинг жасадини келтириб Чашмаи Моҳиёна дафн эттирди.
Бу фожиали воқеалар Мир Алишер кўнглида ҳали сўниб улгурмаган ҳажга бориш, пайғамбар қабрини тавоф қилиш хаёлини қайта кучайтирди. У яна Султон Ҳусайн Бойқарога мурожаат қилиб, истижоза тилади. Подшоҳ бу мурожаатга ундаган сабабларни билсада, ўзини билмаганга олиб, гоҳ рухсат берар, гоҳ Ансорияга ташриф буюриб, сафарга ошиқмасликни илтимос қиларди. Бу ҳол бир неча марта такрорлангач, Мир Алишернинг қарори араз ва ранж боис бўлмай, балки қатъият туфайли эканини билгач, подшоҳ ижозат берди ва йўл фармонини марҳамат қилишини айтди. Мир Алишер бир неча кундан сўнг фармон битилганини эшитди. Аммо подшоҳ «Бироз сабр қилинг, замон нотинч, йўллар хатарли», деган баҳоналар ила йўл фармонини беришни ҳар гал кечиктирарди.
Чиндан замон нотинч эди. Дарё нариёғида – Мовароуннаҳрда даштлик ўзбеклар хони Шайбоқхон кетма-кет ғалабалар қозониб, кучга тўлиб келарди. Бундай рақиб олдида темурий ҳукмдорлар бирлашиш ўрнига бир-бирининг гўштини ейиш билан овора. Шаҳзода Абулмуҳсин мирзо ўзбеклар билан Қоракўлда жанг қилиб, енгилиб келганидан бери Султон Ҳусайн мирзонинг кўнгли ҳам алағда.
Мир Алишер шу кунларда Соҳибқирон Амир темур пойтахти – Самарқанди бемонандни қўлга киритиш учун Шайбоқхон билан жанг қилиб юрган Султон Абдусаиднинг эвараси Бобур мирзо ҳақида кўп ҳикоялар эшитди. Самарқандда бўлганида кўп марҳаматлар кўрсатган Аҳмад Ҳожибекдек покдоман бир киши шу мирзонинг тарафида бўлиб, бундан бир неча муддат аввал жангда шаҳид кетганини билиб ўкинди, ёш мирзога худодан иноятлар тилади. Хусусан, ёш мирзо битган туркона байтлар оғизма-оғиз кўчиб, унинг қулоғига ҳам етгач, ихлоси яна ошди. Ғазал пири бўлмиш Мир Алишер бу байтларда жобажо маҳзунлик ва диловарликни туйиб, таҳсинлар ўқиди. Меҳри жўшиб, бир гал ярим тунгача ўтириб, Бобур мирзога мактуб битди ва ўзининг содиқ кишиси орқали Самарқандга жўнатди. Мактуб эгасига етдими, билмайди. У ҳар гал ёш мирзо ҳақида ўйларкан, кўксига илиқлик югурарди.
Ниҳоят, баҳор сўнгида қишда битилган йўл фармони қўлга етди. Фармоннинг мухтасар мазмуни мана бундай эди:
«Мир Алишер Султон Ҳусайн хонадонига яқин турган эмукдош, бу давлатнинг асосий таянчи ва султоннинг энг яқин ва содиқ дўсти ҳамда доимий суҳбатдошидир. Шу кунларда у киши ҳажга бориш истагини билдириб, подшоҳдан жўнашга рухсат сўраган. Агарчи бир неча бор бу ниятни билдириб илтимос қилинса ҳам ҳар гал фуқаролар манфаатига боғлиқ сабаблар кўрсатилиб, илтимос амалга ошмай тўхтатилар эди. Бу гал Амирнинг хотирини сақлаб ижозат бериб, ҳукм жорий қилинганки, ҳажга юришда у киши қайси жойга борса, ҳар ерда ҳамма катта-кичик зўр эҳтиром ила кутиб олиб, кузатсинлар. Хатарли манзилларда ўзига ва ҳамроҳларига йўл кўрсатиб, бекатдан-бекатга тинч ва саломат ўтказиб қўйсинлар. Ҳамма амирлар, доруғалар, аён ва ашроф, барча шаҳзодалар ва умум аҳоли бу ҳукм ижросидан чекинмасинлар. Ушбу фармон подшоҳ амри ила 905 йил, зул-қаъда ойининг бешинчисида ёзилган».
Фармон қўлга тегиши билан бошланган тайёргарлик кўп ўтмай яна тўхтади. Чунки, ёз бошлангани туфайли ҳарорат кучайиб, бепоён саҳрою даштлар орқали ўтадиган йўл ғоятда машаққатли бўлиши ойдинлашди. Сафар куз бошигача кечиктирилди. Тақдир тақозоси билан воқеалар яна қайта такрорлана бошлади. Айни шу ёз кунлари – муҳаррам ойининг бошида (1500 йил июлида) подшоҳнинг кичик ўғилларидан бири – Муҳаммад Ҳусайн мирзо отасига қарши кўтарилди. Кекса подшоҳ яна дорулсалтанатни тарк этиб, шаҳзода устига – Астрободга юриш қилди.
Сал илгарироқ Султон Ҳусайн Бойқаро Мир Алишерни ўз қошига чорлади. Шоир қабулхонага ташриф буюрганда, подшоҳ Амир Валибек билан суҳбатлашиб ўтирарди.
– Яна Астрободда исён, – деди подшоҳ, – яна фарзанд исёни…
– Астробод ҳам, фарзандингиз ҳам кўзингиздан йироқ, шул сабаб қўрқувни унутарлар, – деди Амир Валибек.
– Йўқ, жаноб Валибек, улар меҳрни, оқибатни унутарлар, – деди қатъият билан шоир.
Улар узоқ кенгашди. Подшоҳ, Мир Алишерга ҳаж сафарига рухсат ва йўл фармонини берганини унутгандек, суҳбат ниҳоясида дорулсалтанат ихтиёрини дўсти ва Амир Валибекка қолдиражагини маълум қилди. Мир Алишер бунга жавобан ҳеч нима демади. Подшоҳ мактабдош дўстининг кўзларига қарамасликка ҳаракат қилиб хайрлашди.
Дастлабки кунлар Мир Алишер тадбиркор Амир Валибек билан бирга бўлди, саройдаги машваратларда қатнашди. Аммо бир ҳафтадан сўнг қўли ишга бормай қолди. Подшоҳ илтимоси ёдида бўлсада, Мир Алишернинг ортиқ тоқати қолмаганди. У Ҳижоз сафарига тайёргарликни тезлаштирди. Подшоҳ Ҳиротни тарк этганидан икки ҳафта ўтар-ўтмас – муҳаррам ойининг охирида йўлга тушдилар. Бироқ шаҳардан чиққан карвон йўлини ташвишли хабар тўсди. Отасининг Астробод тарафдалигидан фойдаланиб, салтанат тахтини эгаллаш орзусида юрган Бадиуззамон мирзо Ҳирот устига қўшин бошлаб келаётганмиш. Лак-лак навкар Хуросон аҳлига хавф солаётганидан ташвишга тушган кекса шоир яна орқага қайтди. Зеро, у мабодо пойтахт Бадиуззамон қўлига ўтгудайин бўлса, салтанат парчаланишга юз тутишини чуқур фаҳмлар эди. У чоршанба куни чиқиб кетган шаҳарга пайшанба куни қайтиб кирди.
Эртаси куни масжиди жомеъда жума намозидан сўнг таниқли машойиху уламолар ва Ҳирот шаҳри аёнлари, ашрофу раислари Мир Алишерни ўртага олдилар.
– Сизнинг файз-баракали зотингиз Хуросон мулки дахлсизлигининг сабаби ва фуқаро осойишталигининг боисидир, – деб гапни узоқдан бошлади шайхулислом. – Бизнинг барчамиз сизга муборак сафарга фатво берган эдик. Ва илло, бугун салтанат ва фуқаро хотиржамлиги ҳақи виждонингиздан Макка азиматини бир муддат кечиктиришга фатво тилашингизни ўтинамиз.
– Соҳибқирон сизу менга дорулсалтанатни омонатга қолдирган эдилар. Сабр қилинг, подшоҳ ҳазратлари қайтсинлар, омонатларини эсон-омон топширайлик, сўнг яна муборак йўлга отланурсиз, – деди куни билан мудофаа тайёрлигига бош-қош бўлиб, бақириқ-чақириқдан овози бўғилиб қолган Амир Валибек.
– Нотинч фуқарога бош бўлинг, – деди Амир Қивомиддин Мозандароний, – бу хайрли иш савобини етмиш пою-пиёда ҳаждан ортуқ кўрсинлар. Илло, ўзлари айтганларидек:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай…
Мир Алишер даврадагилар сўзини индамай тинглади. Ўртада сукут чўккач, секин бош кўтариб, маъюс овозда сўзлади.
– Ҳаммангизга маълумдирки, узоқ муддатдан буён Макка азимати орзусидаман. Бу ният ҳазрати Махдуми Нуран (Абдураҳмон Жомий) Каъбани тавоф этиб қайтган кундан хотирамга тинчлик бермайдир…
У шундай дедию, кўз ўнгида бундай бир неча йиллар аввал пиру устози сафардан қайтган дамлар жонланди. Ўшанда Мир Алишернинг бошига оғир кунлар тушган, биродари Дарвишали подшоҳга қарши исён кўтаргани сабаб жазога тортилган ва ҳукмдор билан шоир ўртасидаги яқинлик омонат бўлиб қолган эди. Шу боис шоир неча марта азм қилган иши – салтанат ташвишидан этак йиғиштиришга аҳдланди. Худди ўша кунлар бу ҳақда эшитган устози суриштириб қолди.
– Бир гап эшитдим, боиси не эрур?
– Инсон жинси суҳбатидан бездим, ҳазрат, боиси шулдир, – деди Мир Алишер.
Жомий унга бир муддат ўйчан боқдида:
– Сиз инсон деб кимларни хаёл қилдингиз, қани, уларни бизга кўрсатингчи? – деди.
Ўшанда сарой ҳаётидан четлатгани учун танбеҳ кутган Мир Алишер бу гапни эшитиб, хотиржам бўлган эди. Мана, саккиз йилдан ошдики, устози йўқ, дўсти йўқ. Мана, саккиз йилдирки, унинг дил рағбатини тинглайдиган инсон йўқ…
Унинг гурунг асносида бирдан қаттиқ хаёл суриб қолишига ўрганган даврадагилар сукут сақлашарди. Мир Алишернинг бу одати Ҳирийдаги ҳар бир кишига маълум эди. Шогирди бўлмиш Хондамирнинг «Амир бундай дамларда бизни заминда қолдириб, самовотдагилар билан суҳбат қурадилар», деган сўзи машҳур эди.
Мир Алишернинг қайтиб ерга тушганини сезган даврадагилар бир-бирларига қараб олишди. Шоир гапни келган жойидан бошлади:
– Ҳа, бу ният ҳазрати Маҳдуми Нуран муборак сафардан қайтган дамдан хотирамга тинчлик бермайдир. Аммо ҳар сафар шу мақсад томонга йўналиш ниятида ҳозирлик кўра бошласам, Соҳибқирон монеъ бўлдилар. Ҳар сафар бу монедан ранжимай, бўйнимни эгдим. Бул сафар ўзлари йўл фармоники бердилар, ўзимиз ҳам сафар тадорики учун катта маблағ сарфладик...
Шундай бўлсада, «Мўминлар қалбига шодлик киритиш бутун инсонлар ибодатидан хайрлидир», деган сўз мулоҳазаси билан сиздек улуғлар илтимосини қабул қилурмиз ва фуқаролар манфаати учун бу навбат ҳам ўзимизни бу истакдан қайтарурмиз.
Даврадагилар хурсанд бўлиб дуо ва ҳамду сано айтишга оғиз очдилар. Сўнг пойтахт мудофаасини уюштириш борасида зарур тадбирлар маслаҳати бўлди. Энг аввало Бадиуззамон мирзо ҳузурига элчи жўнатиш маъқул деб топилди.
Эртаси куни элчи йўлга чиқди. Бадиуззамон мирзо элчига «Агар отамиз Соҳибқирон Султон Балх вилояти ва Амударёдан Мурғобгача бўлган жойларни менинг илигимга топширсалар, номимиз хутбада тилга олинса, қўлимизга қилич тутмасмиз», — деди. Алалоқибат подшоҳ Мир Алишер берган маслаҳатга қулоқ солиб, Бадиуззамон тилаган вилоятларни беришга мажбур бўлди. Салтанатнинг деярли ярми илигига ўтган Бадиуззамон мирзо энди қарийб подшоҳ эди, хутбада отаси билан бир қаторда унинг номи ҳам ёдлана бошлади.
Аммо ҳали шаҳзода Муҳаммад Ҳусайн мирзо ғавғоси тинчимаган эди. Отаси оғасига қилган марҳаматини ожизлик деб билган шаҳзода ақл жиловини йўқотиб қўйди. Аламзада Султон Ҳусайн Бойқаро яна Астрободга қараб жўнади. Шаҳзода отасининг жуда қаттиқ ғазабга тўлиб келаётганини, на оғаси Бадиуззамон мирзога бўлган аламини ҳам ундан олажагини англаб, отаси ҳузурига элчи жўнатиб, тавба қилди. Сулҳ хабарини эшитган Мир Алишер Навоий ҳам ёш боладек қувонди. Кошки, бу сўнгги исён бўлсаю салтанатда хотиржамлик чўкса. Йўллар тинч, хавф-хатарсиз, шаҳарлар фархунда ва тўқ, фуқаролар ҳамжиҳат бўлса…
Қари шоир ушалмаган орзусини ўйлади. Наҳотки, орзуси армонга айланса? Энди ҳаж азимати қилмоққа сўнгги кунлар баттар ёмонлашган соғлиғи йўл бермаслигини англади. Англадию, Маккага борурмиз, деб умид тизгинини унинг эшигига илганлар, унга ҳамроҳ бўлиш мақсадида тараддуд кўриб юрган фақиру бечораларни ҳаж йўлига чорлаб, бутун харажатни ўз устига олишни билдирди.
Бир неча кундан кейин Ҳиротдан чиққан карвон Нишопур йўли орқали мағриб томон йўналди, карвон бошида йўрғалаб бораётган эшакка минган Хазон лақабли қари дарвеш шаҳар дарвозасидан чиққач, тўхтаб ҳазрати Мир Алишер ҳақига узоқ дуо қилдида, сўнг шоирнинг муборак сафар ишқида битган байтларини иштиёқ билан куйлаб йўлга тушди:
Мениким, бу савдо низор айлади,
Ҳавас илгида беқарор айлади …
Карвонни кузатишга чиққан Мир Алишер шаҳар дарвозасига етдию, ортига қайтди. У гўё шаҳар дарвозасидан чиқса, ўзини тўхтата олмай, карвонга қўшилиб кетадигандек ҳолатда эди. У маҳзун кайфиятда Унцияга қайтди ва «Вақфия»ни варақлаб, кўнгил баёни битилган сатрларни шивирлаб ўқий бошлади.
«Эмдиким ҳаётим гулшанининг баҳори хазонга етишди ва гулшанда очилғон йигитлик гуллари тўкила киришти. Савзаси табиат ҳавоси бурудатидан оқарди ва лоласи қуҳулат совуқ нафасларидан сарғарди, сунбули сероби марғулаларидан тоб кетти ва ниҳоли сарбаланди ажал сарсаридан фано туфроғига йиқилурға етти. Ул ҳазратнинг (яъни Султон Ҳусайн Бойқаронинг) муаббад давлатидан ва раъфе ҳимматидан кўнглумга кечмаган комларга комгор бўлубман ва тушимга кирмаган мақосидга иқтидор топибман. Икки орзу риштасидан ўзгаким, гириҳи кўнглум пардасидин ечилмади ва икки мурод ғунчасидин ўзгаким, тугуни жоним гулшанидин очилмади.
Аммо умидим улдурким, бу икки умидим мевасидин дағи боруманд ва муродим будурким, бу икки муродим гавҳаридин дағи сарбаланд бўлғаймен ва бу орзумандлиғ хор-хорининг тикани кўнглумда синмағай ва бу мурод гавҳарининг ёғини қатрадек туфроққа элтгаймен…
...Бу мазкур бўлғон икки орзудин бири муборак сафардурур...»
Шу сатрга етдию, Мир Алишернинг бўғзига тош тиқилгандек бўлди, беихтиёр кўзлари намланди. Э воҳ, бу орзуси армонга айланди.
Навоий, Каъба зикрин қўйки, бир дайри фано истаб,
Зоҳабно водиял – мақсад, вожадно моҳуван – мақсуд…
Ботн ва аламли ўйга ботган кекса шоир Шайх Мўмин Шерозий ҳақида битилган ривоятни эслади. Эмишким, Исмоил Доббос исмлик киши ҳаж ниятида йўлга чиқиб, Шерозга етмиш. Бир масжидга кирса, Шайх Мўмин Шерозий ҳирқасини ямаб ўтирганмиш. Исмоил Доббос унга салом бериб, ҳол-аҳвол суриштирган экан, Шайх Мўмин. «Не ниятинг бор!»! – деб сўрабди Исмоил Доббос. «Ҳаж ниятим бор!» деб жавоб берибди.
Мўмин яна сўрабди «Онанг борми?». «Онам бор», — дебди Исмоил Доббос. Бу жавобни эшитгач, Шайх Мўмин Шерозий қўлидаги хирқасини четга қўйиб, айтибди: «Онанг ҳузурига бор, унга мулозамат қил!». Бу сўзи суҳбатдошига ёқмаганини пайқаб, яна айтибди: «Сўзим ёқмадими, эй, Исмоил Доббос! Мен эллик маротаба бош ялангу оёқяланг, бирор-бир ҳамроҳсиз ҳаж қилдим. Мана шу ҳажларим савобини сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодлигини менга бер!»
Мир Алишер ҳар гал бу ривоятни эслар экан, кўкси қалқиб кетарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. «Бечора онам тирик бўлсайки, мулозамат қилиб, кўнглини шод этсам», — деб ўйларди у. Аммо ногоҳоний бир фикр дилини равшан этди. «Йўқ, йўқ, менинг онам бор. Онам менга тил ва дил берган туркий халқим, шу улуғ миллатим. Кошки унинг дилини шод этсам, умрим битгунча унинг хизматида бўлсам...»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг