Навбаҳорнинг «Жаннат боғлари»
Фото: Халқ сўзи
Навоий вилоятида Хатирчи ва Навбаҳор туманларининг ер ва иқлим шароитлари мева ва узумчилик учун ниҳоятда қулай. Ушбу ҳудудларда етиштирилган олма, ўрик, нок, шафтоли ва узум ҳамда майизнинг таъми бир умр киши оғзида қолади.
— Жангда ярадор бўлиб госпиталга тушдим, — дея хотирлаган эди Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, хатирчилик Эрназар бобо. — Кўп қон йўқотгансан, деб ҳар куни беш-олти дона майиз беришарди. Таъми ўзимизнинг Учқоранинг майизи. Кейин сўраб-суриштириб охирига етдим, майиз солинган қопларга «Хатирчиликлардан фронтга», деб ёзиб қўйилган экан.
Мана бу хотиралар эса Саудия Арабистонига олма, нок, анор олиб борган журналист ҳамкасбимиз Жонибек Шуҳратовга тегишли.
— Нокдан татиб кўрган мезбонларнинг бармоқлари ширадан бир-бирига ёпишиб қолди, — дейди у. — Анордаям худди шундай бўлди. Ҳайратдан ёқа ушлаган араблар «Агар шулар Ўзбекистондан бўлса, сен жаннатдан келибсан», дейишди.
Вилоятнинг Навбаҳор тумани «Қоражон» қишлоғида “Paradise Garden” («Жаннат боғлари») МЧЖига асос солинганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Корхона фаолияти учун 30 гектарлик боғ майдони ажратилиб, Италиянинг “Dela Tof Fala” ҳамда Корея Республикасининг “Beahd” компаниясида ишлаб чиқарилган технологиялар ўрнатилди. Ушбу ускуналарда турли мевалар ювилиб, юз фоиз табиий шарбат сиқиб олинади ва пастеризация қилиниб (озиқ-овқат ва ичимликларнинг яроқлилигини узайтириш учун иссиқлик билан ишлов бериш жараёни — таҳр) “Dovil Pak” пакетларига «Сок Востока» бренди билан қадоқланади.
— Маҳсулотимизнинг 70 фоизи Россия, Беларус ва Қозоғистон ҳамда Корея Республикасига экспорт қилинади, — дейди МЧЖ раҳбари Шавкат Турдиев. — Шу тариқа Европа стандартларига тўла мос шарбатларимиз «Сок Востока» номи билан савдога чиқарилмоқда.
Корхона ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш мақсадида Италия ва Словения давлатларининг шарбат машинасозлиги корхоналари билан янги технология хариди бўйича шартнома тузди. Ишлаб чиқариш қувватининг оширилиши корхона экспорт географияси ва ҳозирча 33 кишилик меҳнат жамоаси сафининг кенгайишига замин яратиши тайин.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг