Наманганлик педагоглар Малайзияда STEM бўйича халқаро ўқув-тажриба дастурида иштирок этмоқда

10:44 11 Декабрь 2025 Жамият
295 0

Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими тизимига қарашли муассасаларнинг 25 нафар ходими Малайзиянинг Субанг Жая шаҳрида ўтказилаётган ўқув-тажриба дастурида иштирок этмоқда. Дастур Унимас университети ҳамда унинг қошидаги Kuala Lumpur Learning Centre базасида ташкил этилган.

Таълим сафари доирасида иштирокчилар учун STEM таълимига ихтисослашган йўналишлар бўйича маҳорат дарслари, амалий машғулотлар, университет профессор-ўқитувчилари билан тажриба алмашув жараёнлари, шунингдек, қатор таълим масканларига ташрифлар режалаштирилган.

Хизмат сафари жараёнида Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хайрулло Абдураҳмонов ҳамда марказ директори доктор Вонг Сей Но ўртасида учрашув ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорлик, қўшма лойиҳалар ва соҳадаги тажриба алмашув йўналишлари муҳокама қилинди.

— Тажриба алмашувнинг дастлабки босқичида Саварак ва Малайзия Миллий университетлари ҳамда Sunway халқаро мактаби фаолияти билан танишдик, ушбу муассасалардаги машғулотларда қатнашдик, — дейди Тўрақўрғон туманидаги 58-умумтаълим мактаби директори Бобуржон Ҳақбердиев. — Хорижий мутахассислар ўтган маҳорат дарслари педагогик технологиянинг кўплаб амалий жиҳатларини янада чуқур ўзлаштиришимизга ёрдам берди.

Маълумот учун, 15 декабрга қадар давом этувчи ушбу ўқув амалиётининг асосий мақсади Наманган вилоятида STEM йўналишини ривожлантириш, педагогларни замонавий илмий-амалий ёндашувлар билан таништириш ҳамда халқаро тажрибани маҳаллий таълим жараёнига босқичма-босқич татбиқ этишдан иборат.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?