Наманганлик ўқувчилар яратган IT маҳсулотлари АҚШ ва Европа мамлакатларига экспорт қилинмоқда

14:32 02 Март 2023 Жамият
727 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларида замонавий ахборот технологияларини ўқитишнинг изчил йўлга қўйилиши ёшларнинг айни соҳага қизиқишини орттириш ва бу орқали жаҳонга чиқишларида муҳим омил бўлаётир. Айниқса, Наманган шаҳридаги таълим даргоҳлари ўқувчилари орасида IT ва «креатив индустрия»га ҳамоҳанг график дизайн, дастурлар ва сайтлар яратиш, уларни такомиллаштириш устида ишлаётган иқтидор эгалари кўплаб топилади.

Улардан бири - 34-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Азизбек Ёқубжонов икки йилдан буён график дизайн ҳамда 3D-моделинг билан профессионал даражада шуғулланиб яхшигина муваффақиятга эришмоқда. Ҳозирга қадар 300 дан ортиқ лойиҳалар бўйича иш олиб борган Азизбекнинг яратган уй проектлари, замонавий жисмларнинг 3D моделлари айни пайтгача АҚШ, Россия, Қозоғистон сингари давлатларга сотилган. Доимий профессионал фаолият ва ўз устида тинимсиз ишлаш натижасида у айни пайтда ойига ўртача 500 АҚШ доллари миқдорида даромад топмоқда.

— Проектларни яратиш иш кўламига қараб бир кундан бир ҳафтагача вақт талаб қилади, — дейди А. Ёқубжонов. — Лойиҳалар ижросида Германия ва Япония билан ҳамкорлик қилаётган “UNITED IT CLUBS«да ўзим сингари ёшлар билан биргаликдаги изланишларимиз натижасини бераётир.

Яна бир ёш IT устаси Шоҳрух Ортиқмашрабов 6-умумтаълим мактабида сабоқ олади. Ҳозирда “FLUGGI IT” ўқув марказида график дизайн билан шуғулланаётган иқтидор эгаси 50 дан ортиқ муаллифлик лойиҳаларини АҚШ ва Европа мамлакатларига реализация қилган. У график дизайн, дастурлаш ва маркетинг йўналишларида иш олиб боради. Шоҳрухнинг ўқув марказида тенгдошлари билан биргаликда жамоавий тарзда тайёрлаган лойиҳаларининг ҳар бири 25 АҚШ долларидан 3000 АҚШ долларигача баҳоланмоқда. Улар орасида бир қатор хорижий компанияларнинг логотип ва баннерлари, юртимиздаги нуфузли брендларнинг веб-сайтлари бор. Мазкур лойиҳаларни тайёрлаш мураккаблиги ва қамровига кўра уч кундан олти ойгача бўлган муддатни талаб қилади. Ш. Ортиқмашрабов ва унинг дўстларига шу кунларда веб- сайтлар дизайни ҳамда логотиплар тайёрлаш бўйича АҚШ ва Аргентина давлатларидан таклифлар келиб тушмоқда.

Маълумот учун, Наманган вилоятида IT соҳасида фаолият олиб бораётган 130 дан ортиқ субъектлар томонидан ўтган йилнинг ўзида 26,2 миллиард сўмлик дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилиб, хизматлар кўрсатилди. IT – Рark резидентлари томонидан амалга оширилган экспорт хажми 515 минг АҚШ долларидан ортди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?