Наманганда модалар фестивалига старт берилди

14:49 11 Декабрь 2020 Жамият
3618 0

Ким қандай кийинишни истайди,  миллий либосларнинг қадриятларимиздаги ўрни қай  даражада, замонавий мода  тушунчасининг моҳияти нимада? Наманганда миллий ва замонавий либослар уйғунлиги тарғиботига бағишлаб ўтказилаётган «Нафосат-2020» фестивали кун  тартибидан ўрин  олган дастур тадбирлари  иштирокчилари айни мавзудаги  саволларига жавоб олдилар.  

Фестиваль доирасида ташкил этилган анжуманнинг биринчи куни бўлиб ўтган  миллий ва замонавий андозаларни чизиш бўйича «Ёш дизайнерлар» танловида Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик технология ва муҳандислик қурилиш институтининг 19 нафар иқтидорли талабаси ўз маҳоратини  намойиш этди, Наманган ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқувчилари  эса  модалар кўргазмасини уюштирди. Вилоят туманларидан ташриф буюрган тикувчи ва дизайнерлар ҳам ўз маҳсулотларини кўргазмага қўйишди.

Бугун  вилоят марказидаги «Шодиёна» тантаналар мажмуасида фестиваль даcтуридан ўрин олган навбатдаги тадбирлар давом этди. Унда Андижондаги “Samo,” Фарғона вилоятидан  “Molto caldo”, Наманган шаҳридаги   “Ideal”,   “Vakkoni”  брендлари  вакиллари ўз маҳсулотлари тақдимотини ўтказдилар. Наманганлик ёш дизайнер Муниса Зокирова ҳам ўзи тайёрлаган миллий либослар модели билан иштирокчиларни таништирди.

«Миллий либослар-миллат зийнати, қадриятларимизнинг ажралмас бўлаги эканлиги фестивалда яна бир бор исботини топди. Анжуманда ўз чизмалари, миллийлик ва замонавийликни мужассамлаштирган либослари  билан  қатнашган иқтидорли дизайнерларнинг изланиш  ва интилишлари  томошабинларнинг юксак баҳосига сазовор бўлгани  халқимиз кийиниш маданиятига асло  бефарқ эмаслигини кўрсатди. Анжуман давомида айни  йўналишдаги тарғиботни  янада кучайтириш, миллий брендларимизни халқаро миқёсга олиб чиқиш йўл-йўриқлари белгилаб олинди», дейди Олий Мажлис сенати ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев.

Адрасдан тикилган бежирим кўйлаклар, Чуст дўпписи, кишининг эгнида ярашиб турадиган костюм шим ва бошқа кийимлар моделини яратган дизайнер, чокини қўлдан чиқарган чеварларнинг касбига меҳри, баракали меҳнатидан. Наманганда эса бу сингари маҳорат эгалари кўплаб топилади. Улардан бири - вилоят марказининг Бобуршох маҳалласида яшовчи Феруза Турсунова фестивалда аёллар учун тиккан келинлар кўйлаги, талаба қизлар либослари, мавсумий кийимлари билан кўпчиликни ҳайратга солди. Косонсойлик   Муслима Тошпўлатованинг  келинлар учун безакли кўйлаклар, нимча ва бош кийимларидан иборат  15 дан зиёд либослар тўплами ҳам эътиборни тортди.

Фестивалда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан  «Ёшлар  модаси, анъаналар ва замонавий йўналишлар» мавзусида ижтимоий сўровнома  ўтказилди.  Ўзбек аёллари учун миллий модани шакллантириш ва кийиниш маданияти  мавзуйидаги давра суҳбатлари иштирокчилар фаоллиги билан ўзига хос мазмун касб этди.

Эртага фестиваль тадбирлари давом этади. Иштирокчилар «Идеал текстиль-Орзу» ва «Узтекс-Наманган» ишлаб чиқариш корхоналари, «Истиқлол дизайн» ўқув марказига ташриф буюрадилар. “Ideal” бренди мутахассислари томонидан ёш дизайнерлар учун маҳорат дарслари ташкил қилинади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. 

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?