Наманганда тест синовларини топшириш жараёни шаффоф ўтмоқда

15:27 01 Август 2023 Жамият
682 0

Фото: “Халқ сўзи”

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг замонавий биноси бугун эрта тонгда олий ўқув юртларига кириш истагида рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг дастлабки гуруҳи учун ўз эшикларини очди.

Бу ерда бир вақтнинг ўзида 1200 киши тест топшириш имконияти яратилган бўлиб, кузатув-назорат тизими ишлаб турибди. Ота-оналар учун алоҳида кутиш жойлари ҳозирланган. Жараёнлар 360 даражали юқори мегапикселли камераларда назорат қилинади. Тест синовлари бориши билан “Тест 2023. Uz” портали орқали дунёнинг исталган нуқтасида туриб танишиш мумкин.

Айтиш лозимки, абитуриентлар билимини баҳолашнинг ҳал қилувчи босқичи бўлган ушбу жараённинг шаффофлиги, ундан жамоатчиликнинг бохабарлигини таъминлаш мақсадида бино атрофига замонавий мониторлар ўрнатилган. Юздан ортиқ назоратчилар кузатувларга жалб этилган. Бундан ташқари Наманган муҳандислик-педагогика институти педагог-психолог ва ўқитувчиларидан иборат 20 нафар кўнгиллилар абитуриентларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга тезкор жавоб қайтаришяпти.

— Қизим Гулсанам Эргашева тест синовини топширяпти, – дейди Наманган вилояти Поп туманидан келган Каромат Азимова. – Ҳар ҳолда, бир неча йиллар аввалгидан фарқли равишда фарзандларимизнинг ўз кучи, билими билан олий ўқув юртига киришига ишонамиз. Қолаверса бугун биз учун алоҳида кутиш жойларини ташкил этилгани, катта экранларда жонли эфирларни улангани жуда яхши бўлибди. Салқинда фарзандларимизни дуо қилиб ўтирибмиз.

Маълумот ўрнида, наманганлик абитуриентлар учун тест синовлари ўтказишга мўлжалланган яна бир иншоот — вилоят марказидаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасининг катта залида ҳам масъулиятли жараён қизғин давом этмоқда.

                                                                    Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?