Наманганда салкам 80 млн рублни чегарадан ноқонуний ўтказмоқчи бўлган эркак қамалди

11:25 24 Май 2024 Жамият
296 0

Фото: Видеодан кадр

Қарийб 80 млн рублни Қирғизистонга ноқонуний ўтказмоқчи бўлган наманганлик эркакка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди

Қайд этилишича, 2023 йилнинг декабрида Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-буқа тумани билан чегарадош бўлган Янгиқўрғон туманидаги «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Наманган шаҳрида яшовчи 34 ёшли фуқаро бошқарувидаги Lacetti тўхтатилиб кўздан кечирилганида машина салонида 3 дона полиэтилен қопларга жойлаштирилган жами 79 млн 994 минг 900 Россия рубли борлиги аниқланган. Пуллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Аниқланишича, эркак валюта қимматликларини чегарадан ўтказиб бериши эвазига маълум миқдорда хизмат ҳақи олиши керак бўлган ва бундай ноқонуний ҳаракатни муқаддам 4 маротаба амалга оширган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан ушбу шахс Жиноят кодексининг 25, 28, 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?