Наманганда алиментчи ота қимматга тушди
Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси томонидан фарзандлари моддий таъминотидан бўйин товлаб келган қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда МИБ матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов “Халқ сўзи”га маълум қилди.
Билдирилишича, Чуст туманида яшовчи фуқаро И.С. 2011 йилдаги суд буйруғига кўра 3 нафар вояга етмаган фарзандлар учун алимент тўлаши белгиланган. Бюронинг Чуст туман бўлими иш юритувидаги мазкур ҳужжат юзасидан давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар олиб борилган. Бироқ, ота мажбуриятини унутиб, қарздорликни тўламаган.
Аниқланишича, фуқаро И.С.га нисбатан алимент тўловини тўлашдан бўйин товлагани учун аввал ҳам маъмурий жазо қўлланилган. Унинг алиментдан қарздорлиги эса, жами 56,1 млн сўмни ташкил қилади.
“И.С. МИБ давлат ижрочилари унинг уйига бориб безовта қилганлиги сабабли, бошқа ҳудудга бориб, тоғ бағрида қўй боқишни афзал кўрган ва ўзининг танишларига ижтимоий тармоқлар орқали қайси тоғларда қўй боқаётганини мақтанишга улгурган эди.
Лекин, МИБ ходимлари ҳам анойилардан эмас, тезкор-қидирув ишлари давомида, фуқаро И.С. танишларидан “янги манзил” ҳақида маълумотлар олишди”, дейди МИБ матбуот котиби.
Шундан сўнг, қарздор ота Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри тоғларида чўпонлик қилиб юрган вақтида ушланган.
Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси томонидан фуқаро И.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
ЖКнинг мазкур моддасида икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг