Мутолаа учун муносиб рағбат

11:20 29 Ноябрь 2024 Жамият
164 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Ёшлар тарбияси, улар дунёқарашини мустаҳкамлаш ва саводхонлигини оширишда китобга ошноликнинг ўрни беқиёс. Бунда мутолаа маданиятини шакллантириш орқали адабиётлар тарғиботини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Айни мақсадда ташкил этилган танловларга тўхталиб ўтсак, жорий йилда “Энг китобхон мактаб”, “Энг фаол китобхон ўқувчи”, “Ижодкор болалар”, “Энг китобхон оила” ва “Энг фаол кутубхоначи” каби йўналишлар бўйича ўтказилган кўрик-танловда Наманган вилоятидан 35653 киши фаол иштирок этди. Улар орасидан 38 нафари танлов шартларига тўла жавоб бериб, якунловчи босқич ғолиблигига эришди.

— Иштирокчилар орасида китобнинг чинакам ихлосмандлари жуда кўп экан, улардан энг кучлиларини аниқлаш осон кечмади, — дейди Муҳаммадшариф Сўфизода номли вилоят болалар кутубхонаси директори Зулҳумор Тўрахўжаева. — Бунда танлов шартларининг ҳар бирига ўта талабчанлик билан ёндашилиб, қатнашчи ўқиб тугатган китобнинг сонигина эмас, балки уни қай даражада уққани, олган сабоқларини ҳаётда қўллай билиши, мутолаа тарғиботи борасидаги изланишларига қатъий эътибор қаратилди.

Танловнинг “Энг фаол китобхон ўқувчи” номинациясида Наманган туманидаги 19-умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олаётган Муслима Турғунпўлатова биринчи ўринни эгаллади. Унинг тақдимотида айни шартлар ижроси бошқалардан юқори эканлиги шундоққина ажралиб турди. Танловнинг “Китобхон оила” йўналишида ғолибликни қўлга киритган Косонсой туманидаги Узунқишлоқ маҳалласида яшовчи Қаюмовлар хонадонининг 500 дан ортиқ адабиётлар жамғармасига эга кутубхонаси бор. Уларни ўқиб чиққан бобо ва буви, ота-она ва икки фарзанд мутолаанинг маънавий самараси нақадар юқори эканлигини амалда исботладилар.

Кеча Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон — ёшлар зиё маскани”да “Китобхонлик” фестивали ўтказилиб, тадбир давомида танлов ғолиб ва совриндорлари тантанали равишда тақдирланди. Уларга махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?