Мумтоз наволар сеҳрига ошуфта Регистон

16:17 29 Август 2024 Жамият
109 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». «Шарқ тароналари» ХIII халқаро мусиқа фестивали доирасида ўтказилган «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда 32 та давлатдан 50 нафардан зиёд мусиқашунос, маданиятшунос ва санъатшунос олимлар, нуфузли олий таълим муассасалари масъуллари ва илмий-ижодий марказлар раҳбарлари иштирок этди.

Анжуманда мусиқий мерос, мусиқа маданияти, миллий ва замонавий мусиқа санъатшунослиги муаммолари, бугунги кундаги ўзбек миллий мусиқа санъати тарғиботи ҳамда дунё ҳамжамияти эътиборини ўзбек мусиқа маданиятига жалб қилишнинг инновацион усуллари мавзусида маърузалар тингланди.

Хитой, Франция, Россия, Германия, Гамбия, Уммон ва Иордания давлатларидаги олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Шунингдек, конференция материаллари тўплами тақдимоти ҳамда ўзбек мусиқа ва мақом санъати, мусиқий мерос тарихи ҳамда тадқиқига оид китоблар кўргазмаси, маҳорат дарслари, давра суҳбати ташкил этилиб, якунда резолюция қабул қилинди.

Унга кўра, Шарқ халқлари мусиқа санъати анъаналарини асраш ва ривожлантириш, ўзбек миллий мусиқа ва мақом санъатини янада кенг тарғиб қилиш, инсоний қадриятларни тараннум этадиган санъат байрамлари, адабий давралар, ижодий танловлар уюштириш, бу маънавий-маърифий тадбирларга мактаб яратган санъаткорларни таклиф қилиш, халқаро миқёсда илмий-ижодий алоқалар доирасини кенгайтириш каби қатор вазифалар белгилаб олинди.

Анжуман якунида иштирокчиларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

28 август куни Регистон майдонидаги асосий саҳнага юртдошларимиз Шерзод Мардонов, Асқар Темиров ҳамда Миршод Қувондиқов жуфтлиги чиқди. Шунингдек, Франция, Мали, Россия, Венгрия, Япония, Тожикистон, Қирғизистон, Ливия, Арманистон, Индонезия, Покистон, Хитой, Миср, Колумбия ҳамда Нигерия мамлакатлари вакиллари ўз маҳоратини намойиш этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди.

— Самарқандга саёҳат учун келгандим, — дейди хитойлик Пан Ҳонг Йи. — Халқаро фестиваль ўтказилаётганини, турли давлат мусиқалари ижро этилаётганини эшитиб хурсанд бўлдим. Фестиваль менда ажойиб таассурот қолдирмоқда. Ушбу майдонда туриб, мусиқа дурдоналарини тинглаш имконига эга бўлганимдан мамнунман.

Фестиваль қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнадан ташқари Самарқанд шаҳри ва бир қатор туманларда ҳам ўз концерт дастурларини намойиш этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?