Муфтий Жанубий Кореядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан учрашди

23:27 22 Апрель 2024 Жамият
522 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги чуқур тарихий ришталар, Шарқ халқларига хос бўлган ўхшаш менталитет, анъаналар ва маънавий қадриятлар ўзаро чамбарчас боғлаб туради. Айниқса, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқалари натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, ҳар бир соҳа бўйича ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Жумладан, диний-маърифий ҳамкорлик йўналишида самарали мулоқот ва алоқалар фаол давом эттирилмоқда.

Айни эзгу мақсадни кўзлаган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ушбу мамлакатда бўлди. Даставвал муфтий Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси президенти Хванг Бёнг Ха-Аҳмад ва Жанубий Корея мусулмонлари жамоати бош имоми Ли Жу Хва-Абдураҳмон Ли билан учрашув ўтказди.

Самимий мулоқотда Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, Ўзбекистондаги сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, диний жабҳадаги янгиланишлар, диний идоралар ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, маросим иштирокчиларига Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди ва журнал, газета каби тарқатма материаллар берилди.

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси ўртасида англашув Меморандуми имзоланди. Mазкур ҳужжат асосида диний соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, диний таълим ва имом-хатиблар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, ёт ғояларга биргаликда қарши курашиш ва ҳамкорликда анжуманлар ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, Жанубий Кореяда меҳнат мигрантлари кўп жойлашган ҳудудлардаги жоме масжидларда ўзбекистонлик имом-хатиблар иштирокида мунтазам маърифий суҳбатлар ташкил этиш имкониятлари яратилади.

Сафар давомида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар Жанубий Кореяда яшаб, таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошлар билан бир қатор учрашувлар ташкил этди. Ушбу мамлакат пойтахтидаги Сеул марказий жоме масжиди ва Кимхе шаҳридаги «Ал-Бухорий» масжидида бўлиб ўтган мулоқотларда ватандошларимизга диёримизда амалга оширилаётган диний-маърифий жабҳадаги янгиланишларни сўзлаш баробарида бугунги мураккаб даврда турли таҳдидлардан ўзларини ҳимоя этишлари, ўзга юрт қонун-қоидаларига амал қилишлари таъкидлаб ўтилди. Суҳбат асносида ватандошларимизнинг мурожаат ва таклифлари ҳам тингланиб, маърифий адабиётлар тақдим этилди.

Ўз навбатида ҳамюртларимиз мана шундай эътибор ва ғамхўрликларни амалга оширишга ташаббус кўрсатаётган Президентимиздан чексиз миннатдор эканликларини билдирди. Шу билан бирга, мазкур файзли суҳбатлар Ватанни соғинган қалбларга таскин бўлганини, айниқса, келгусида илм ўрганиб, тажриба ҳосил қилгач, албатта, юртга қайтиб, жонажон Ватанимиз тараққиёти йўлида хизмат қилишларини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?