Ўзбекистоннинг қатъий позицияси БМТ самарадорлиги ва нуфузини амалда кўтаришга қаратилган

10:48 11 Октябр 2025 Сиёсат
188 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўтган 80 йил давомида халқаро майдонда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида беқиёс ишларни амалга оширди. Бугун ҳам ушбу тузилма миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва инсонпарварлик ғояларининг рамзига айланган.

Яқинда БМТнинг юбилей сессиясида мамлакатимиз Президенти бугунги дунё манзарасига ҳаққоний баҳо берди. Таъкидланганидек, инсоният ҳозир шиддат билан ўзгараётган, мураккаб ва зиддиятларга тўла глобал давр остонасида турибди. Янги, хавотирли геосиёсий воқелик шаклланмоқда. Халқаро институтлар таъсири ҳамда нуфузи сўнмоқда, дунёда қарама-қаршиликлар, низо ва қуролли тўқнашувлар сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга, технологик ва ижтимоий тенгсизлик тобора кучаймоқда, иқтисодий ҳамда гуманитар инқироз кўлами кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбари юксак минбарда туриб, жаҳон ҳамжамиятини ҳамжиҳатлик ва масъулиятга чорлар экан, тинчлик ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида ягона ҳаракат зарурлигини яна бир бор эслатди.

Бугун халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарур. Айни шу мақсадда Юртбошимиз БМТ фаолияти ва келажагига янгича ёндашувни илгари суриб, ташкилотни глобал мулоқотнинг асосий платформаси сифатида сақлаб қолишга қаратилган “БМТ-80” ташаббуси, Келажак учун пактга қатъий содиқлик саъй-ҳаракатини юксак баҳолаб, дунё хавфсизлигининг асосий таянчи ҳисобланган Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш таклифини илгари сурди. Бу ташаббус, аввало, замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш ҳамда ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг қатъий позицияси шундан иборатки, ҳар қандай ислоҳот ёки ташаббус, энг аввало, БМТнинг самарадорлиги ва нуфузини амалда кўтаришга қаратилмоғи лозим. Бундан чиқариладиган хулоса шуки, дунё бугун адолатга муҳтож. Глобал адолатни таъминлаши керак бўлган халқаро институтлар, афсуски, кўп ҳолларда бефарқлик ҳамда таъсирсизлик домида қолмоқда. Ҳолбуки, инсониятнинг тинчлиги, озодлиги ва тараққиётининг асосий мезони — адолатдир. Сайёрамизда ҳақиқий барқарорликни таъминлаш учун умид ҳамда ишонч уйғотувчи, дунёвий адолат тизимига эҳтиёж бор.

Ўзгараётган дунёнинг янги муаммолари

БМТ глобал тинчликнинг таъминловчиси сифатида ташкил этилгандан бери халқаро муносабатларнинг мураккаб оламида муҳим роль ўйнаб келаётир. Бироқ вақт ўтиши билан дунё ўзгарди, янги муаммолар пайдо бўлди. Шу сабабли, БМТни ислоҳ қилиш чақириқлари тобора кучайиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараённинг тарафдори экани бежиз эмас.

Биринчидан, глобал сиёсат ўзгарди. БМТ 1945 йилда, Иккинчи жаҳон урушидан кейин ташкил этилган. Ўша даврдаги геосиёсий вазият ҳозиргидан тубдан фарқ қиларди. Дунё икки қутбли эди, колониал империялар мавжуд эди. Ҳозир эса дунё кўп қутбли, янги иқтисодий ва сиёсий марказлар пайдо бўлди. БМТнинг тузилмаси эса ҳамон ўша давр талабларига жавоб берадигандек.

Иккинчидан, Хавфсизлик Кенгаши номутаносиб. БМТ ХКнинг доимий аъзолари — АҚШ, Россия, Хитой, Франция ва Буюк Британия вето ҳуқуқига эга. Бу уларга исталган қарорни блоклаш имконини беради. Кўпчилик давлатлар буни адолатсизлик, деб ҳисоблайди. Чунки бу бешта давлат дунё аҳолисининг катта қисмини ёки глобал иқтисодиётнинг асосий қисмини ифода этмайди. Бундан ташқари, Африка, Лотин Америкаси каби минтақалардан ХКда доимий вакиллар йўқ.

Учинчидан, иқлим ўзгариши, пандемиялар, киберхавфсизлик, террорчилик каби янги глобал муаммолар пайдо бўлиб, БМТнинг эски тузилмасига катта босим ўтказмоқда. Яъни халқаро тартиб кўплаб муаммолар билан юзма-юз келмоқда.

Хуллас, дунё сиёсатидаги мураккаб вазият давом этяпти. Ер юзининг катта қисмида уруш ҳамда адолатсизликлар ҳукм сураётир. Катта сиёсий марказлар ўз миллий манфаатларига алоқаси бўлмаган масалаларга эътибор қаратмаяпти. Фуқаролик урушларида минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Террор бутун дунёга хавф соладиган даражага етди. Дунё улкан миграция тўлқини билан дуч келмоқда. Бугун дунёда 260 миллионга яқин қочоқлар, ўз юртидан айрилган 80 миллиондан ортиқ кишилар ва 25 миллионга яқин муҳожирлар мавжуд. Бу рақам иқтисодий воситалар билан биргаликда очарчилик, қурғоқчилик, ички урушлар, террор ҳужумлари ва сиёсий мавҳумликлар каби сабаблар туфайли кундан-кунга ортиб бораётгани ачинарли. Инсонлар фақат яхши иш, янада яхши ҳаёт стандарти учун эмас, тирик қолиш, қоринларини тўйдириш, фарзандларига бир тишлам нон топиш илинжида кўчиб кетишга мажбур. Афсуски, бу илинж сафари баъзан ўлим билан якун топяпти.

Тўртинчидан, ривожланаётган мамлакатларнинг роли ва таъсири глобал сиёсатда ортиб бормоқда. Улар БМТда ўзларининг манфаатлари ва нуқтаи назарлари етарлича ифода этилмаётганидан норози. Улар БМТнинг қарор қабул қилиш жараёнларида кўпроқ иштирок этишни хоҳлашади.

Бешинчидан, БМТ низомида у “Асосий мақсади адолат ва хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий тенгликни барча мамлакатларда жорий қилишни таъминлашдан иборат” бўлган ташкилот сифатида тавсифланишига қарамай, буни амалга оширишда чорасиз қолмоқда.

Тузилмага кенгроқ ваколатлар берилиши лозим

Ўзбекистон фикрича, БМТнинг глобал тинчликка, барқарорликка ҳисса қўшадиган, янада фаол, шаффоф, тезкор ваколат, қобилияти юксак ва ҳисоб бера оладиган тузилмага айланиши учун БМТ Бош котибига янада кенгроқ ваколатлар берилиши лозим. Кўплаб тўқнашувлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда беш доимий аъзо давлатдан бири тасдиқламаган ҳар қандай қарор Хавфсизлик Кенгашидан мутлақо ўтмайди. Бу ҳолат инқирозлар ечимини кечиктирмоқда, янада кўп фожиаларнинг рўй беришига олиб келмоқда. Исроил — Фаластин ёки Украина — Россия можароси бўйича овозга қўйилаётган резолюцияларнинг у ёки бу доимий аъзолардан бирининг вето ҳуқуқидан фойдаланиб блокланаётгани фикримизнинг яққол исботидир.

Қитъа миқёсида олганда, Хавфсизлик Кенгашининг ҳозирги асосий аъзолари Европа, Америка ва Осиё қитъаларидан. Диний қатлам жиҳатидан қаралганда эса Кенгашнинг доимий аъзолари деярли насронийлардан иборат. Дунёда йирик диний қатлам ҳисобланган мусулмонлар ва сон жиҳатдан йирик диний гуруҳлар Кенгашда ваколатга эга эмас.

Дунё аҳолисининг учдан бирини ташкил этадиган, 57 аъзони бирлаштирадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг бу муҳим тузилмада ҳеч қандай ваколати йўқ. Икки йиллик муддатга сайланадиган муваққат аъзоларнинг эса Хавфсизлик Кенгаши қарорларида таъсири айтарли сезилмайди. Демакки, фақат ХКдан ўрин олган давлатларнинг эмас, балки барча қитъа, минтақа халқларининг овози эшитиладиган ташкилот барпо этилсагина дунё тинчлиги ва хавфсизлигига ҳисса қўшиш мумкин.

БМТни ислоҳ қилиш чақириқларининг кучайиши глобал сиёсатнинг ўзгариши, ХКнинг номутаносиблиги, янги глобал муаммолар, ривожланаётган мамлакатларнинг овози ҳамда БМТнинг самарасизлиги каби омиллар билан боғлиқ. Ўзбекистон каби давлатларнинг бу жараённи қўллаб-қувватлаши БМТнинг келажаги ва дунёдаги роли учун муҳим аҳамиятга эга.

Тараққиётни таъминлаш йўлидаги ишончли қадамлар

Яна бир нарсани ёддан чиқармаслик керак. Қанчалар танқид қилинмасин, Ўзбекистон БМТга ўзининг ислоҳотларини амалга ошириш, муаммоларини ечишда муҳим тузилма сифатида қарайди.

БМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар Ўзбекистонга иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам ва инвестициялар жалб этишда кўмаклашмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг 2030 йилгача бўлган кун тартиби доирасидаги Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишга содиқдир. БРМга эришишга қаратилган лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаш, камбағалликни камайтириш ҳамда ижтимоий тенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. БМТнинг савдони ривожлантириш бўйича дастурлари Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига интеграциялашувини қўллаб-қувватлайди, экспорт салоҳиятини оширишга ёрдам беради.

БМТнинг Соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳаларида катта ёрдам кўрсатади. ЮНЕСКО Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, илм-фанни ривожлантириш, маданий меросни сақлаш ҳамда тарғиб қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистонда қочқинлар ва бошпана изловчиларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди.

Умуман, БМТ билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожланишни тезлаштириш ҳамда ижтимоий соҳада ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳамкорлик мамлакатнинг халқаро нуфузини кўтаради ҳамда глобал муаммолар ечимида фаол қатнашишга имкон яратади. Ўзбекистон БМТ билан конструктив муносабатларни давом эттириш, ташкилотнинг мақсад ва принципларига содиқ қолиш орқали ўз тараққиётини таъминлаш йўлида ишончли қадамлар ташламоқда.

Обиджон ҲАМИДОВ

Бухоро давлат университети ректори,

профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?