“Москва энергетика институти” МТУда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди

22:42 12 Январь 2024 Жамият
389 0

Фото: "Халқ сўзи"

Мамлакатимиздаги барча ташкилот ва корхоналарда, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда, таълим-тарбия муассасаларида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Республикамизнинг энергетика тармоғи учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлашга ихтисослашган “Москва энергетика институти” миллий тадқиқот университети(МТУ)да ҳам ушбу сана муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

Фото: "Халқ сўзи"

Олийгоҳга таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Оркестр хизмати алоҳида намунали-кўргазмали оркестр жамоаси тадбир қатнашчилари — меҳмонлар, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшларни байрамона руҳдаги мусиқа садолари билан кутиб олди.

Аввало айтиш керакки, бу тадбир ҳар галгидан умуман ўзгачароқ — расмийликдан холи тарзда, талабалар томонидан тайёрланган сценарий асосида ўтказилгани билан эътиборлидир. Даставвал оркестр томонидан ижро этилган давлат мадҳиясига эҳтиром кўрсатилди.

Театрлаштирилган концерт дастурида талаба ёшлар томонидан ҳарбий мавзуга бағишланган саҳна кўринишлари, рақс ва куй-қўшиқлар ижро этилди, шеърлар ўқилди. Тадбирда сўзга чиққан Ватан ҳимоячилари, фахрий ҳарбийлар мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқаро нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Фото: "Халқ сўзи"

— Президентимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони лойиҳасида кўрсатиб ўтилган еттита устувор йўналишлардан бири мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтиришдан иборат, — дейди “Москва энергетика институти” МТУ ижрочи директори, профессор Ҳожакбар Далиев. — Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Мудофаа доктринаси асосида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳарбий хизматчиларга муносиб иш ва турмуш шароитлари яратиб берилмоқда. Миллий армиямизнинг минтақавий, халқаро рейтинглардаги, ўтказилаётган ҳар хил мусобақалардаги кўрсаткичлари юқориламоқда.

— Миллий, минтақавий ва глобал хавфсизликка қарши ҳар хил таҳдидлар юз бераётган бугунги кунда халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечириши, чегараларимиз бутунлиги ҳамда дахлсизлигини сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз, — дейди физика-математика фанлари доктори, “Москва энергетика институти” миллий тадқиқот университети факультет декани, профессор Баҳром Эгамбердиев. — Бу хавф-хатарлар барчамизни огоҳ бўлишга чорлайди. Шунинг учун Қуролли кучларимизнинг жанговар қобилияти мустаҳкамланмоқда, ислоҳотлар самараси ўлароқ миллий армиямиз ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба бера оладиган даражада такомиллаштирилди ва модернизациялаштирилди. Ёшларимизни Ватанга садоқат, меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш эса биз ўқитувчи ва мураббийларнинг олдида турган асосий вазифалардан биридир.

Фото: "Халқ сўзи"

Тадбир сўнггида талабаларга фидойилик билан сабоқ бераётган профессор-ўқитувчилар жамоасининг бир гуруҳи, шунингдек, “Халқ ва армия — бир тану бир жон” шиори остида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган театрлаштирилган чиқишларни ташкил этган талаба-ёшлар таълим муассасасининг ташаккурнома ҳамда Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Нуруллоҳ Остонов (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер