«Мўйноққа мадад» веломарафон иштирокчилари Самарқандда

14:05 28 Май 2021 Спорт
710 0

Бугун «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафони Самарқанд вилоятида ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамиз, балки глобал даражадаги экологик офат марказига айлангани, шу сабабдан кейинги йилларда Оролбўйи ҳудудида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилаётганлигини таъкидлашди.

Мазкур экологик хайрия веломарафони ҳам ушбу эзгу ишларнинг узвий давоми. Веломарафонни ўтказишдан асосий мақсад Оролбўйи ҳудудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар ва фаол фуқароларнинг ихтиёрийлик асосида хайрия ва ҳомийлик маблағларини жалб этишдан иборат.

Веломарафон иштирокчилари 55 километр масофани босиб ўтди. Тажрибали веломарафончилар қаторида самарқандлик велопойгачилар ҳамда ҳаваскорлар иштирок этди. Кўтаринки руҳда ўтказилган тадбирда иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

— Бу спорт тури билан тўрт йилдан буён шуғулланганим бугунги мусобақада асқатди,  — дейди ургутлик велоспортчи Орзумурод Эрназаров. — Насиб қилса, Мўйноққача бормоқчиман.

Самарқандда веломарафон эртага ҳам давом этади. Иштирокчилар 50 километр масофани босиб ўтади. Шундан сўнг «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафони иштирокчилари Навоий вилояти томон йўл олади.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер