MMA ассоциацияси раиси Ҳабиб Нурмагомедов билан учрашув ўтказди

11:57 15 Октябр 2025 Спорт
225 0

Фото: ИИВ

ММА юлдузи, собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Аралаш жанг санъати фаолияти билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Нурмагомедовнинг ташрифи Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси таклифига мувофиқ ташкил этилган. Меҳмонни уюшманинг расмий манзилгоҳи Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Жар» спорт мажмуасида Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси раиси Азиз Ташпулатов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси раҳбарияти, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари ҳамда спортчилар кутиб олган.

Фото: ИИВ

Тадбир жараёнида Ўзбекистонда мазкур спорт соҳасини янада ривожлантириш, аралаш жанг санъатини оммалаштириш ва халқаро тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинган.

Ҳабиб Нурмагомедов учрашув чоғида ўз тажрибасидан келиб чиқиб, спортчиларни профессионал тайёрлаш бўйича тавсиялар бериб, Ўзбекистонда спорт салоҳияти юқори эканини алоҳида таъкидлаган.

«Ҳозирги кунда Ўзбекистон бокс спортида дунёда етакчилик қилиб, энг кўп олтин медалларни қўлга киритаётган давлат сифатида тимсолланиб келмоқда. Ишонаманки, агар ўзбекистонлик ёшларга бошқа спорт турларида, хусусан аралаш жанг санъатида шароит яратилиб, тўғри йўналиш берилса, яқин келажакда дунё саҳнасида кучли спортчилар орасида етакчилик қилишади», деган у.

Учрашувда аралаш жанг санъати бўйича ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, халқаро мусобақалар ўтказиш ҳамда соҳа йўналишида мураббий ва ҳакамлар малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш каби ташаббуслар режалаштирилган.

Фото: ИИВ

Шунингдек, Нурмагомедов ёш спортчилар билан учрашув ўтказиб, уларга мотивацион, ташаббусга ундовчи нутқ сўзлаган ва шахсий тажрибаси билан ўртоқлашган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?