Мисрлик ёзувчи ва таржимон Муҳаммад ал-Жибали “Ўткан кунлар” романини араб тилига таржима қилмоқда

16:37 30 Июль 2023 Дунё
1209 0

Фото: «Дунё» АА

Мисрнинг “Айн Шамс” университети профессори, ёзувчи, таржимон Муҳаммад ал-Жибали Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини араб тилига таржима қилишга киришди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, жорий йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини бевосита кузатган Муҳаммад ал-Жибали Тошкентда бўлгани чоғида Абдулла Қодирий уй музейида бўлиб, ёзувчининг набиралари билан ушрашган, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида суҳбатлар ўтказган, ўзбек маданияти ва тарихи билан яқиндан танишган эди.

Ўзбекистон заминида кечган учрашув ва суҳбатлар мисрлик профессорда ўзбек халқи ва адабиётига бўлган меҳрини янада кучайтирганига шубҳа йўқ – шундай сўнг у “Ўткан кунлар” романини илк маротаба араб тилига ўгиришга аҳд қилди.

Муҳаммад ал-Жибалининг айтишича, ниҳоятда бой адабий меросга эга ўзбек адабиёти дурдоналари хорижий тилларга таржима қилинмагани уни ажаблантирган. Профессор “Ўткан кунлар” романининг араб тилига таржима қилиниши, нафақат Миср, балки бутун араб дунёсида илиқ кутиб олинишига ишонч билдирди. Бу ўзбек маданияти, минтақа тарихи, ўзбекона одоб-аҳлоқ билан Яқин Шарқ халқларини яқиндан танитишга мисли кўрилмаган даражада ҳисса қўшади.

Мутахассиснинг ишонч билан қайд этишича, араб тилининг синонимларга ниҳоятда бойлиги, ҳар бир ҳаракат ва ҳолатни турли усулларда тасвирлаш хусусияти, халқларимизнинг маданий-маънавий жиҳатдан яқинлиги романнинг ушбу таржимаси бошқа хорижий тиллардаги таржималаридан сезиларли даражада сифатли бўлишига ва бадиий гўзалликни сақлаб қолишга имкон беради.

Романдаги ўзбекона руҳни акс эттириш, таржима сифатини ошириш мақсадида таржима муаллифига мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси маданий масалалар бўйича атташеси Отабек Алимов ҳозирги пайтда Қоҳирада истиқомат қилётган юртдошимиз Ҳусан Абдумажидов, тақдир тақозоси билан болалик чоғларидан буён Саудия Арабистонида яшаб таҳсил олган ватандошимиз, ёзувчи ва таржимон Саид Маҳмуд Косоний ва бошқа ҳамюртларимиз кўмаклашмоқда. Асардаги баъзи араб имлосида (эски ўзбек ёзуви) битилган атамаларни асл ҳолида сақлаб қолиш учун романнинг илк нусхаси Абдулла Қодирийнинг набиралари томонидан тақдим этилди.

“Ўткан кунлар”нинг араб тилига таржимаси романнинг 100 йиллиги арафасида 2024 йили тайёр бўлиши ва минтақадаги энг йирик ва нуфузли 55-Қоҳира халқаро китоб ярмаркасида тақдим этилиши режалаштирилмоқда.

Қайд этиш жоизки, роман 1920 йиллар бошида ёзилган бўлиб, 1922 йил илк бор “Инқилоб” журналида чоп этилган, 1926 йилда тилимизга мослаштирилган араб ёзувида, алоҳида китоб ҳолида нашр қилинган. 1926 йилдаги цензура дахл қилмаган асл нашрига асосланган илк тўлиқ нашри Тошкентда  кирилл алифбосида 1994 йили чоп этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер