Мисрда адолат тарозисини яратган аллома
Фото: Архив сурат
Бутун дунёда буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша юқори бўлган. Хорижий мамлакатларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ҳамда бадиий асарлар яратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан улуғ алломаларимиз, азиз-авлиёларимиз қадамжоларини обод қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Миллий маънавий меросимизни тиклаш ва асраб-авайлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Буюк боболаримиз тафаккури маҳсули бўлган тарих, адабиёт, санъат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, кимё, астрономия, меъморлик, дин ва бошқа соҳаларга оид минглаб ноёб қўлёзмалар бебаҳо бойлигимиздир. Президентимиз таъбири билан айтганда, бундай бой меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади. Дунё саҳнида ўзбек миллатининг борлигини билдирадиган буюк бобокалонларимиз, улуғ алломаларимиз бисёр. Биз ўз олдимизга учинчи Ренессансни барпо этиш мақсадини қўйган эканмиз, аждодларимиз меросини ўрганишдан чарчамаслигимиз, бу меросни ёшларимизга тарғиб этишга астойдил бел боғлашимиз керак.
Шарқда — «Ҳосиб», ғарбда — «Алфраганус»
Бу муборак замин не-не буюкларга бешик бўлмаган дейсиз?! Ана шундай аждодларимиздан бири — Ўрта асрларда яшаган Марказий осиёлик олимлар орасида буюк астроном, математик ва географ Аҳмад Фарғоний салмоқли ўрин эгаллайди. Алломанинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир Фарғонийдир. Шарқда «Ҳосиб» (математик) деган лақаб олган. Тарихий манбаларга кўра, Фарғоний 798 йилда Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган. Илм йўлида Бағдодга боради ва ўша ерда яшайди. У ерда Марказий осиёлик ватандошлари Муҳаммад Хоразмий, Аббос ибн Саид Жавҳарий ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий билан биргаликда мураккаб тушунчаларни айнан ифодалайдиган араб терминологиясини яратади.
Аҳмад Фарғоний халифа ал-Маъмун даврида Бағдодда Шаммосия деган жойда ва Дамашққа яқин Касиюн тоғидаги расадхоналарда, буюк алломанинг ўзи раҳбарлигида қурилган Бағдод расадхонасида кўпгина кашфиётлар қилди, 812 йилги қуёш тутилишини олдиндан ҳисоблади, Ернинг думалоқлигини исботлади.
Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам бўлганига қарамай, Ўрта асрларда Шарқда унинг номи машҳур бўлган. Академик М. Хайруллаевнинг таъкидлашича, Ибн ан-Надим (Х аср), Ибн ал-Қифтий (XII-XIII асрлар), Абул Фараж Бар Эбрей (XIII аср), Ҳожи Халифа (ХVII аср) каби Шарқ олимлари уни ўз асарларида эслаб ўтган.
Фарғонада туғилган олим кейинчалик Бағдод шаҳрига кўчиб ўтиб, Бағдод илмий мактаби — «Байт ул-ҳикма» («Донишмандлар уйи»)да ижод қилади. У 832-833 йиллари Сурия шимолидаги Синжор саҳросида Ер меридианининг бир даражаси узунлигини ўлчашда қатнашади.
Аҳмад Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги энг сўнгги ва аниқ хабар 861 йил билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, у шу йили Қоҳира яқинидаги Роуд оролида нилометрни, яъни Нил дарёси суви сатҳини белгиловчи ускунани ясаган. Бироқ Фарғоний қандай қилиб ва қандай шароитда Мисрга бориб қолгани ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. Олимнинг асосий астрономик асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» XII асрда лотин тилига икки марта ва XIII асрда Европанинг бошқа тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи «Алфраганус» шаклида ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Алломанинг бу китоби асрлар давомида Европа университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади. Аҳмад Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда нашр этилган бўлиб, у энг қадимги чоп қилинган китоблардан ҳисобланади. 1669 йили машҳур нидерланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус асарнинг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан бирга нашр этганидан сўнг Фарғоний ва унинг асарининг Европадаги шуҳрати янада ортди. Аллома номини Данте (XV аср) ва Шиллер (XVIII аср) ҳам ўз асарларида қайд этган.
Ҳозирги кунда Фарғонийнинг бизгача етиб келган асарларининг ҳаммаси астрономияга алоқадор бўлиб, дунёнинг Берлин, Лондон, Париж, Теҳрон, Қоҳира каби шаҳарларидаги музейларда, илмий марказларда сақланмоқда. Жумладан, «Астурлоб ясаш ҳақида китоб» қўлёзмаси ва нусхалари Берлин, Лондон, Машҳад, Париж ва Теҳрон кутубхоналарида, «Астурлоб билан амал қилиш ҳақида китоб» қўлёзмаси Рампурда (Ҳиндистон), «Фарғоний жадваллари» қўлёзмаси Патнада (Ҳиндистон), «Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола» қўлёзмаси Қоҳирада, «Етти иқлимни ҳисоблаш ҳақида»ги қўлёзмалари Гота ва Қоҳирада, «Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб» — қўлёзмалари Ҳалаб ва Қоҳирада сақланади.
Таъкидлаш жоизки, алломанинг асарлари Европа Уйғониш давридаги ва ундан кейинги даврдаги маданият ривожида сезиларли роль ўйнади. Аҳмад Фарғоний бутун дунёда Ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олим сифатида ифтихор билан тилга олинади ва ўрганилади.
Фарғоний номи ва илмий меросига ўз юрти Ўзбекистонда алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан қаралиб, уларни ўрганишга алоҳида аҳамият берилмоқда. 1998 йилда алломанинг 1200 йиллик таваллуд санаси катта тантаналар билан нишонланди.
Минг йилдан зиёд фойдаланилган иншоот сири
Маълумки, Аҳмад Фарғоний, аввало, коинот илмининг буюк олими. Лекин у Фустат (замонавий Қоҳиранинг тарихий маркази)га келиб яшай бошлагач, аҳолига нисбатан қўлланилаётган солиқ адолатсизлигидан изтироб чекар, уни ислоҳ қилиш чораларини излар эди. Тўрт минг километр узунликдаги Нил Миср халқи учун ҳаёт-мамот дарёси эди. Мамлакат ҳудудининг атиги олти фоизидагина деҳқончилик қилиш, бирон егулик етиштириш мумкин бўлган. Бу ҳам Нил туфайли. Қолган қисми қумлик бўлиб, дарё суви етиб бормас эди. Ана шу олти фоиз сувли ер халқни боқиб келган. Ҳозир ҳам шундай. Аммо ўшанда Нил сув сатҳи тизгинсиз бўлган. Яъни бир йил сув сатҳи кўтарилса, қирғоқдаги деҳқон ерларини сув босиб, ҳосили нобуд бўларди. Ва аксинча, сув сатҳи пасайиб кетса, қирғоқдан узоқроқдаги ерлар қурғоқчиликка учрарди. Шунга қарамай, давлат солиқчилари ҳар икки ҳолатда ҳам ер эгаларидан бирдек солиқ талаб қилган.
Аҳмад Фарғоний юлдузлар ҳаракатини узлуксиз кузатиш баробарида Нил дарёси сатҳидаги ўзгаришни дарёдан узоқ-яқинлигига қараб, ерлар ҳосилдорлиги жадвалини тузади ва шу тартибда солиқ тизимини яратади. Олимнинг Нил дарёси оролларидан бири — Роуд «бурни»га қурган «Миқёси Нил» ускунаси Мисрда янгича солиқ миқдорига асос солди. Ва таъбир жоиз бўлса, Аҳмад Фарғоний Мисрда минг йилдан зиёд даврда адолат тарозисини ушлаб турди. Шу боис мисрликлар бугун ҳам буюк инсон сиймоси қаршисида ҳамиша таъзимда.
Буюк аждодимиз сув сатҳи кўрсаткичига нисбатан деҳқоннинг ери дарёдан неча чақирим наридалигига қараб қанча солиқ тўлаши лозимлигини математик формулалар асосида аниқ ҳисоб-китоб билан белгилаб берган. Шундай қилиб, сув сатҳи кўтарилса, ери дарёга яқин деҳқонлар камроқ, ери дарёдан олисроқдаги деҳқонлар кўпроқ ва аксинча, сув сатҳи одатдагидан пастлаб кетса, дарёга ери яқин деҳқон кўпроқ, ери узоқроқдаги деҳқон эса камроқ солиқ тўлаган. Аслида бу оддий қоидага ўхшайди. Аммо унда ҳозирги ўлчам бирлигидаги бир метр ўзгарса ҳам солиқ миқдори ўзгарадиган жадвални яратиш, дарҳақиқат, арабларнинг ўзлари айтганидек, буюк кашфиёт ёки ҳақиқий адолат тарозиси бўлган. Ва орадан минг йилдан зиёд вақт ўтибдики, араблар ҳамон аллома номини чексиз ҳурмат билан тилга олади. Шунинг учун ҳам Аҳмад Фарғоний яратган «Миқёси Нил» ҳамон ишчи ҳолатда сақлаб келинган. Миср пирамидалари ва Сфинксни, экспонатлари кўп Қоҳира музейини кўргани келган беш иқлим сайёҳлари бу ерга ҳам қадам ранжида қилиб, бобомиз руҳи олдида бош эгади.
Самовий ҳаракатлар ва иқлимлар назарияси
«Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби»нинг иқлимлар назариясига кўра баён қилинган географик бўлими диққатга сазовордир. Географик бўлим (9-боб) бундай аталган: «Ердаги маълум мамлакатлар ва шаҳарларнинг номлари ва ҳар бир иқлимдаги нарсалар ҳақида». Бундан сўнг етти иқлимнинг ҳаммаси улардаги мамлакатлар вилоят ва шаҳарлари билан бирга тавсифланади. Унинг иқлимлар тавсифида 3, 4, 5, 6 ва 7-иқлимларнинг тавсифи алоҳида эътиборлидир. Чунки буларда Марказий Осиёнинг ва унга туташ ерларнинг шаҳар ва вилоятлари тавсифланади. «Учинчи иқлим Шарқдан бошланиб, Хитой мамлакатининг шимолидан, сўнг Ҳинд мамлакатидан ва сўнгра Кобул ва Кермон вилоятларидан ўтади. Тўртинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Тибетдан, сўнгра Хуросондан ўтадики, бунда Хўжанд, Усрушона, Фарғона, Самарқанд, Балх, Бухоро, Ҳирот, Амуя, Марварруд, Марв, Сарахс, Туе, Нишопур шаҳарлари бор. Ундан сўнг Журжон, Қумис, Табаристон, Демованд, Қазвин, Даилам, Рай, Исфахондан ўтади. Бешинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатидан бошланади, сўнг Хуросоннинг шимолидан ўтади, унда Тороз шаҳри — савдогарлар шаҳри бор, Навокат (Навкат), Хоразм, Исфижоб (Сайрам), Турар-банд (Ўтрор — ҳозирги Арис) ва Озарбайжон, Арминия (Арманистон) вилояти, Бардаъа (Барда), Нашава (Нахичеван) шаҳарлари бор. Олтинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Яжуж мамлакатидан ўтади, сўнг Хазар мамлакатидан (Шимолий Кавказ ва қуйи Волгабўйи), Журжон (Каспий) денгизининг ўртасидан кесиб ўтади ва Рум (Византия) мамлакатигача боради. Еттинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатининг шимолидан бошланади, сўнг туркий мамлакатлардан (Марказий Осиё), сўнг Журжон денгизининг шимолидан, сўнг Рум денгизини (Қора денгиз) кесиб, сақлаблар (славянлар) мамлакатидан ўтади ва ғарб денгизида (Атлантика) тугайди».
Ушбу парчадан кўринадики, Фарғоний катта кенгликдаги ўлкаларни тавсифлаган бўлса ҳам, ўзининг асл Ватани Мовароуннаҳрни муфассалроқ тавсифлаган. У Яжуж мамлакати деб Шарқдаги афсонавий ерни эмас, балки ҳозирги Мўғулистоннинг шарқи ва Хитойнинг шимоли-шарқига мос келадиган аниқ географик ҳудудни айтган.
Мухтасар айтганда, Ўрта асрлардаги мусулмон мамлакатлари астрономларининг, жумладан, улуғ ватандошимиз Аҳмад Фарғонийнинг фанга қўшган муҳим ҳиссаси шундан иборатки, унинг асарлари асосида йиллар, асрлар ўтиши билан сайёрамиз ўлчамлари, шаҳарларнинг жуғрофий координаталари осмон экватори ва эклиптика орасидаги бурчакни, Қуёш, Ойнинг айланиш даврлари, уларнинг тутилишини, Қуёш, Ой ва сайёралар ҳаракатларини тавсифлашга доир ҳисоблашларга кўпроқ аниқлик киритди. Унинг юксак заковати билан бу ҳаракатларнинг ҳандасавий (геометрик) модели такомиллаштирилди, қўзғалмас юлдузлар ўлчамлари, уларнинг эклиптик координаталарини ҳисоблашга доир қатор муаммолар ҳал этилди, ўнлаб кашфиётлар қилинди. Бундан ташқари, Шарқда мунажжимликка оид башоратларда эклиптика ва горизонтнинг кесишув нуқтасидан келиб чиқиб, одам туғилишини ва бирон ҳодисанинг вақтини айтиб беришган.
Улуғ ватандошимиз яратган ҳар бир асарнинг аҳамияти, унинг турли соҳалар ривожига қўшган ҳиссаси, сермазмун ҳаёти саҳифалари — кўплаб мақолалар, тадқиқотлар, китоблар ёзишга муҳим мавзу, халқимиз учун эса фахр-ифтихор манбаидир.
Оққан дарё оқаверади
Тарихчи олим Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг маълумотига кўра, мусулмон мамлакатлари бўйлаб сафарга чиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги экспедиция аъзолари 1997 йил 5 декабрда Миср Араб Республикасида бўлиб, Аҳмад Фарғоний ҳаётини ўрганишлари натижасида у Мисрнинг Фустат шаҳрида вафот этгани, Мунаттам тоғининг шарқий қисмидан сал нарида жойлашган Имом аш-Шофе қабристонига дафн этилганини аниқлашди. Вақт ўтиши билан унинг қабри йўқолиб кетган. У ердан олиб келинган тупроқ 1998 йилда Фарғона водийсининг Қува шаҳрида барпо этилган рамзий қабрга қўйилди. Зеро, аждодлар закоси барҳаёт, хотираси авлодлар қалбида абадий яшайди.
Президентимизнинг илм-фан, таълимга бераётган юксак эътибори натижасида бугунги кунда ёшларимиз орасида Аҳмад Фарғоний издошлари етишиб чиқмоқда. Хусусан, Фарғона политехника институтида ҳам аждодларига муносиб издош бўладиган талабалар сони кўплаб топилади. Ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ҳаётга татбиқ этиш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида олийгоҳда “UNITEInn” талабалар инновация маркази фаолият юритиб келмоқда. Ушбу марказда бугунги кунга қадар сунъий интеллект, муқобил энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги каби йўналишларда талабаларнинг 78 та лойиҳаси амалга оширилди.
Жумладан, институтнинг иқтидорли талабаси Абдулвосит Хайруллаев томонидан 1-5 кВтли паст айланишда ишловчи шамол генератори яратилди. Ушбу шамол генератори олийгоҳ ҳудудига ўрнатилган бўлиб, бир кунда 12 кВт-соат электр энергияни тежаб қолмоқда. Мазкур генератор шамолдан электр энергиясини олиб, махсус мослама, яъни аккумуляторга йиғади ва инвертор қурилмаси орқали ўзгарувчан ток кўринишида истеъмолчиларни электр токи билан таъминлайди.
Маълумки, қиш мавсумида аҳолининг электр энергия истеъмолининг катта миқдори иситиш, ёзги мавсумда эса совитиш учун сарф бўлади. Ушбу муаммога марказ талабалари томонидан яратилган «Қуёш ҳаво қиздиргич қурилмаси» инновацион ечим сифатида тақдим этилди. Ушбу қурилма самарадорлиги юқори бўлиб, қиш мавсумида иссиқлик учун сарфланувчи электр энергияни 15 — 17 фоиз тежаш имконини беради.
Талаба ва олимлар илмий, инновацион ғояларини амалиётга жорий этиш, шунингдек, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини тизимли йўлга қўйиш мақсадида институтда 17 та марказ ва улар қошида 14 та спин-офф корхонаси фаолият олиб бормоқда. Ўқув-ишлаб чиқариш комплексида инновацион фаолият экотизими яратилган бўлиб, прототиплашнинг тўлиқ занжири, реинжиниринг маркази, механик ишлов бериш цехи, металларни инновацион қуйиш цехи ҳамда метрология марказларини ўз ичига олади. Ушбу экотизим орқали инновацион ғоя лойиҳалаш босқичидан якуний маҳсулот прототипигача яратиш имконияти мавжуд.
Икки буюк тамаддунни бошдан кечирган Ватанимиз бугун ҳам илм-маърифат, фан, таълим жадал ривожланаётган юртга айланиб бормоқда. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қодир бунёдкор авлодни камолга етказмоқда. Зотан, доно халқимиз нақл қилганидек, оққан дарё оқаверади.
Ўктам САЛОМОВ,
Фарғона политехника институти ректори,
техника фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг