Миси чиқмас олтинсўзлар...
Халқ достонларининг пурмаъно тил ва услуби бизга кўплаб сўз ва ибораларнинг нозик қирраларини, маъно шираларини ҳис қилиш имконини берувчи мукаммал тизимдир. Шундай экан, биз ҳам замонавий қидирув дастурлари каби ундан айрим иштибоҳларнинг маъно-матлабини ҳозирги тилимизга хос жумлалар билан таққослаб, муқоясалаб кўрамиз.
“Юсуф билан Аҳмад” достонида Аҳмаднинг соз чалишга бўлган иштиёқини қандай таърифлар эдингиз? Жилла қурса, “мусиқани севар эди” дейсиз-қўясиз. Аммо асрлар чиғиридан ўтган оҳангларнинг товуши бошқача жаранглайди: “…Юсуфбек соз билан суҳбатли киши эрди...”
Ёки тўсатдан бирор нохуш хабар эшитган кишига нисбатан “ранг-қути ўчди”, “капалаги учди”, “тарвузи қўлтиғидан тушди” ибораларини қўллаймиз. Аммо қўрқувнинг турфа даражаси бор ва ўта қўрқиб кетилган ҳолат “Кунтуғмиш” достонида учрайди: “Тўра (Кунтуғмиш) ўн йиллик ўликдан ёмон бўлиб қолди...”
Шунингдек, халқ достонлари тилида айрим сўзлар борки, биз уларнинг маъно-моҳиятини билмаганимиз, билсак-да англамаганимиз сабабидан деярли фойдаланмаймиз.
“Юсуф билан Аҳмад” достонида “Мард йигитга муханнаслик ор бўлур” ибораси бор. Жумлада бизга ёт бўлган ягона сўз – муханнаслик. Алишер Навоий асарлари изоҳли луғатида бу сўзга “ўзини аёлларга ўхшатиб юрувчи”, яъни хунаса дея изоҳ берилади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса – ҳам эркак, ҳам аёллик жинсий белгилари бўлган одам ёки ҳайвонга нисбатан бу сўз қўлланилади. “Балиғингиз эркакми, урғочими?” Афанди вазирнинг макрини тушуниб, жавоб берди: “Хунаса”.
Аввало халқ оғзаки ижоди бизга кўпгина сўзларнинг синонимларини, маънодошларини бера олиши билан ҳам қимматлидир. Биргина “яхши” сўзини достонларда биз билмаган уч-тўрт маънодошларига кўзимиз тушади. Беҳ, авло каби сўзлар шулар жумласидан (Беақл йўлдошдин душмандир беҳроқ. Сендан бой отанинг берган ковуши авло экан-ку?).
Тилимизда “сакрамоқ” феъли кўп ишлатамиз. “Сакраб ўрнидан турди” жумласи қўққисдан, тезда ўрнидан сапчиб туриш маъноларида келади. Достонларда бу сўзнинг “сачраб” шакли кўпроқ ишлатилган ва бу гўзалроқ маъно бўёқдорлигига эга:
Бобожон, деб сачраб ўрнидан туриб,
Бобо Қамбар кўрди Аҳмад ўғлонди...
Сўзлашувда “анжом” сўзини кўпинча ускуна, буюм кўринишида қўллаймиз. Достонларда эса бу сўзнинг бир-бирига ўхшамайдиган маъно жиҳатларига дуч келасиз:
Ўқиб кўриб, қилсин йўлнинг анжомин... (“Юсуф билан Аҳмад”).
Бу ўринда анжом – тадорик, тайёргарликни ифодаласа, бошқа ўринларда яроғ-анжом (қурол-аслаҳа), тўй анжом (тўйга керак бўладиган нарсалар), от-анжом (от буюмлари) каби маъно шаклларини касб этади.
Халқ тилида “фалончи қуюшқондан чиқди” мазмунидаги машҳур иборани эшитгансиз. Бир қарашда “ҳаддидан ошмоқ”, “издан чиқмоқ” маъноларини англатувчи ушбу жумладаги “қуюшқон” нима эканини ҳамма ҳам билавермайди.
Қуюшқон – эгарнинг олдинга силжимаслиги учун от ёки эшакнинг думи остидан айлантириб, эгарга бирлаштириладиган қайиш. Ана шу қайиш бўшаб қолса эгар ўйнаб қолади ва бу от устидаги йўловчи ёки чавандоз учун нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Қуюшқоннинг таранг ва маҳкам туриши эгарнинг мустаҳкам ўрнашишини кафолатлайди. Иборанинг маъниси ҳам шунда.
Яна бир сўз хусусида. Овчилар томонидан кўп ишлатиладиган “хўрак” сўзи форсчада “овқат, озиқ, емиш” маъноларини англатишини биласиз. Бунда сайёд қуш ёки ҳайвонни тузоққа илинтириш учун махсус тайёрланган емиш (хўрак)дан фойдаланади. “Алпомиш” достонида ушбу сўзнинг “долбой” шакли учрайди. Долбой – овчи қушни қўлга келтириш учун унга кўрсатиладиган гўшт, емиш.
Тортиб келдим қуло чўлда оҳу вой,
Долбой келса, талпинади қарчиғай.
“Совға” сўзининг кўплаб синонимлари бор: туҳфа, ҳадя, армуғон. Достонларда эса бу сўзнинг “пешкаш” шаклини учратасиз. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да пешкаш сўзига “кичикларнинг катталарга совғаси, туҳфаси” дея таъриф берилади.
Кел, сенга даламиз, лоламиз пешкаш,
Гиёҳлар ичида аъломиз пешкаш. (Тўра Сулаймон).
Шунингдек, чумчуқ халқ достонларида “сеча” шаклида ишлатилган:
Шум язидлар калласини
Сечадайин узмак биздан... (“Юсуф билан Аҳмад”).
Бир сўз билан айтганда, кундалик ҳаётимиздаги кўплаб сўзларнинг эскича муқобили достонларда ўзига хос тарзда акс этади. Масалан: байроқ – алам, туғ шаклида; байт, шеър – абёт шаклида; узук – нигун, ангуштарин; теварак-атроф – атроф-жониб, дегра-дош; Худо, Тангри – Бирубор; ёш, навқирон – жавон кўринишида ва ҳоказо...
Бундан ташқари, кўпчилик “зимистон” сўзини “зим-зиё тун”, “қоронғулик” деб ўйлайди. Аслида унинг луғавий маъноси “қиш”, “қаҳратон” дегани.
Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,
Дўстлар, ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар. (Фурқат)
Биринчи мисрада зимистон, яъни қиш кетиб, баҳор келганига урғу берилаётганини англасак, сўзнинг асл маъноси очилади.
Яна бир ҳаётий мисол. Достонда: “Ногоҳ бир чўнтиқ эшак минган чўри эшагини халалаб, йўрғалатиб келиберди...” жумласи учрайди. Изоҳли луғатда чўнтиқ сўзининг “майиб”, “жисмоний камчиликка эга бўлган”, “тўмтоқ” маънолари келтирилган. “Хала” сўзи эса ёшлигида чорва боққан кишилар учун яхши таниш. Яъни бу жониворнинг бўйин соҳасидаги ботиқ нуқта бўлиб, халачўп ёрдамида шу ерга тегинилса жониворнинг ҳаракати тезлашади.
“Тезкорлик”, “тез элтувчи” маъноларини англатувчи чопар сўзининг чобуксувор кўринишидаги муқобили борки, бу сўз, айниқса, мумтоз адабиётимизда кўп учрайди. Бу сўз “тез чопувчи”, “илдам” маъноларини англатади.
То тилар чобуксуворим кўнгли чавгон ўйнамоқ.
Кўз қаросин ўйнатур ҳар лаҳза ул мардумни кўр. (Навоий)
Қадимда чопарлар хабар ташувчи сифатида муҳим рол ўйнаган бўлиб, уларнинг хизмати ҳар жабҳада юқори баҳоланар эди. Улар олиб борган хат-хабар ўша даврларда “паём”, “пайғом” кўринишида ишлатилган (Паёмим Бобо Қамбарга айтурсан... (Юсуф билан Аҳмад)).
Гузар нима дегани?
Кундалик ҳаётимизда кўча-гузар сўзларига кўп мурожаат қиламиз. Назаримда, сўзнинг шу маъносигина бизга таниш. Демак, мавзуни барчамиз билган гузардан бошлаймиз:
– Жарчилар: «Ҳар ким Холбекадан хабар берса, балки қошидаги жўраси билан олиб келса, бўйи баробарли зар бераман», – деб кўчама-кўча, гузарма-гузар, маҳаллама-маҳалла чақириб юрибди.
Энди бу сўзнинг иккинчи маъно қиррасига ўтамиз:
– Шунда Моҳибой қор-ёмғирдай қамчи ёғиб турганини ўзи назар-гузар қилмай, акаси Гуркибойнинг қамчи еганига ичи ачиб: – Менинг ёмонлигим учун сен таёқ единг, – деб Гуркибой акасига қараб бир сўз деди...
Ушбу ўринда “назар-гузар” сўзи бирикма ҳолида “писанд қилмаслик”, “парво этмаслик” маъноларини англатмоқда. Бу ибора воҳанинг ёши кексалари тилида ҳамон учраб туради.
Гузар – йўл. Гузарчи – йўловчи. Бу сўз “иш”, “юмуш” маъносида ҳам тилимизда сақланиб қолган:
Баён бер, жон дўстим, мамлакатингни,
Бу ерларга не деб тушди гузаринг?
***
Халқ достонларини мутолаа қилар экансиз, “балдя” сўзи келган ўринларга гувоҳ бўласиз. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да бу сўз «балда» шаклида берилган. Икковининг ҳам маъноси – шаҳар дегани. Шоир Фурқатнинг бир шеъри: “Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда...” мисраси билан бошланади. Бу ерда Кашмир шаҳри назарда тутилмоқда.
“Қара, чоҳга қулаб бўлгансан, валламати ҳам сени қутқаролмайди”. Валламат (баъзан валломат) сўзи ушбу жумлада “баланд поғонадаги одам”, “энг зўри” маъноларини англатаётган бўлиши табиий. Бу сўз аслида валинеъмат – инъом ва эҳсон эгаси маъносини билдиради. “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да бу сўз ижобий ва салбий мундарижали маъно англатиши, бирда сахий, кўнгли очиқ кўринишида келса, бирда бировнинг моли билан катталик қиладиган одам сифатида қўлланилади.
Дарвоқе, наздимизда имзо сўзи яқин ўтмишда пайдо бўлганга ўхшаб кўринса-да, аслида бу сўзнинг тарихи қадимий қулдорлик даврларига бориб тақалади. Хат-саводи бўлмаган қуллар бош бармоқларини рангга теккизиб, қоғоз ёки матога босиш орқали ўз розилигини билдиришган. Халқ достонларида бу сўз қўлбости номи билан келади.
Халқ эпосларида бугунги кунимизда муомалада бўлган ўнлаб сўзларни топишимиз мумкин. Масалан: қозиқ – яккамих, зиндон – тагизамин, чорвадор – элибой, ҳарбий саф – ясов, ёлғон – ўтирик,
Бугунги кунда декан сўзи ҳам ўтмишдаги маъносидан фарқли ҳолда муомалага кирган. Миллий энциклопедияда бу сўзга лотинча ўнбоши, ўнта жангчининг бошлиғи деган маънони билдиради, олий ўқув юртида факультетнинг раҳбари маъносида келади дея таъриф берилган.
Айтганча, халқ тилида пўконидан ел ўтмаган ибораси ҳам борки, уни фаолиятимизда негадир камдан кам ишлатамиз. Бу бирикманинг маъноси – қийинчилик кўрмаган, меҳнати сингмаган. Бунга талай мисоллар келтириш мумкин: Жанг кўрмаган, пўконидан ел ўтмаган, хом сут эмган йигитчадек, мусичаи бегуноҳ бўлиб туришингизни қаранг (С. Кароматов, Олтин қум).
Солдат сўзининг келиб чиқиши ҳам қизиқ. Бу сўз немисча Soldat, италянча soldato – маош, мояна олувчи маъносини англатади. Солдо – пул, танга дегани. Шундан келиб чиқсак, аскар, жангчи, ҳарбий кишиларга тўланадиган маош назарда тутилаётганини англаш мумкин. Достонларда эса “саллот” шакли ҳам учрайди.
Халқ термаларида “суяги қолиб кетмоқ” иборасига ҳам дуч келасизки, бу – вафот этмоқ, дафн қилинмоқ дегани.
– Ҳакимбек эшитиб: – Бу мусофирчиликда суяги қолиб кетмасин, – деб неча марта одам юбориб кўрди. (“Алпомиш”).
Этель Войнич қаламига мансуб “Сўна” романи дунёга машҳур. Хўш, сўна нима дегани? “Алпомиш” достонида сўна – оқ қушнинг бир тури сифатида келтирилади:
Ёри ўлса не ойимлар тул бўлди,
Сўнанинг қўнгани ойдин кўл бўлди.
“Юсуф билан Аҳмад” достонида эркак ўрдак шундай аталса, “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да унга шундай таъриф берилади:
Сўналар – икки қанотлиларга мансуб калта мўйлов ҳашаротлар оиласи. Гавдаси калта ва йўғон, қанотлари кенг ва кучли. Оғиз органлари санчувчи яловчи, умуртқали ҳайвонлар терисини осон тешади. 3000 га яқин тури бор. Одатда, ўрмон, дашт ва чўл минтақаларида кенг тарқалган, сув ҳавзаларига яқинроқ жойларда учрайди.
Анғиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмагай... дея бошланувчи машҳур қўшиқ барчамизга таниш. Нега отларнинг бевақт ўлиши анғизга боғлиқ ҳолда ифодаланяпти? Достонларда бу сўзнинг андиз шаклини кўрамиз. Бу доривор гиёҳ бўлиб, унга яраларни битказувчи кучли малҳам сифатида қаралган. Андиз – қир бетида ўсадиган катта баргли ўсимлик, харш отларни андизни қайнатиб ювадилар, от тузалади, яъни қўтир отнинг харш туки тўкилиб, яра ери тузалиб кетади.
Кундалик ҳаётимизда “қинғир ишларингни хаспўшлашга уринма” каби жумлаларни эшитганмиз. Аммо хаспўш нималиги ҳақида кўпам ўйлаб кўравермаймиз. Хаспўш – ерни ковлаб, устини билдирмаслик учун хас-хашак билан ёпиб қўйилган жой. “Алпомиш”да шундай шундай жумлалар келади:
Англамай хаспўшни босиб олибди,
Хаспўш ўйилиб, кампир юмалаб қолибди.
Кира нима дегани?
Бир қарашда “йўл ҳақи”, “йўлкира” сўзларини транспорт воситалари учун тўлов сифатида ҳар куни ишлатамиз. Аслида бу сўз жуда кўҳна бўлиб, энг қизиғи, ўша пайтларда ҳам “юмуш ҳаққи”, “эваз” маъноларида амалда бўлган.
Холбекани мен кўрсатсам, тўрамжон,
Кирасига не берасан ўзима? (“Кунтуғмиш”)
Ҳукуматнинг ишига аралашма
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳукумат сўзига шундай таъриф берилади: Ҳукумат – бошқариш, бошқарув маҳкамаси. Давлат ҳокимиятининг давлат бошқарувини бевосита амалга оширувчи, фармойиш берувчи ва ижро этувчи органи.
Достонларда қўлланилган ҳукумат ва ҳозирги ҳукумат атамалари ўртасида айрим маъно фарқлари бор. “Кунтуғмиш” да шундай дейилади:
Жаллодлар: – Бу бахти қайтган баччағар, ҳали ҳам аввалги ҳукуматини (катталигини) қилади, ҳали таёқ ўтган йўқ, қаттиқроқ уринг, – деб илгаригидан кўпроқ урди.
Халқ достонларидан бизга катта ҳикматлар хазинаси, мақол ва нақллар қолдики, улар бугунги замонимизда ҳам ўз қамрови ва қайнови билан барчани бирдек маҳлиё эта олади. Биз эса “сўз ҳолина” боқа олсак бас...
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
Журналист, филология фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг