Мирзо Улуғбекнинг пиёласи, Бибихоним масжиди кошинлари — Британия музейида яна нималарни кўриш мумкин?
Мана, салкам бир ойдирки, Лондон шаҳридаги Британия музейида халқаро ўқув дастури гранти асосида малака оширяпмиз. Сафаримиз давомида мазкур музейда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид жуда кўплаб тарихий буюмлар, жиҳозлар сақланаётгани шоҳиди бўлдик.
Бу ерда дунё мамлакатлари маданияти, санъати, тарихига доир ашёлар тўпланган. Унда доимий фаолият кўрсатадиган Амударё хазинаси Британия музейининг энг нодир ашёларидан ҳисобланади. Кўргазмадан олтиндан тайёрланган 170 га яқин турли буюм ўрин олган Масалан, от-аробада ўтирган жангчи шаклидаги ашё Қадимги Месопотамия, Эрон, Ўрта Осиё ҳудудларида кенг тарқалган жанг қилиш услубини тасвирлаб беради. Қадимий саклар, бақтрияликлар ва парфийлар қўллаган ханжар ғилофи жуда нозик ишлангани билан эътиборни тортади .Бу ерда жамланган хазина Ўрта Осиё ва Эрон, хусусан, Бақтрия давлатининг милоддан аввалги 4-5 асрлар тарихини ёритишда муҳим манба ҳисобланади.
Британия музейининг Ал-Бухорий фонди галериясида ҳам Бухоро, Самарқанд ва Хоразм тарихига оид бир қатор ашёлар намойишга қўйилган. Масалан, Хоразмдан топилган кумуш ликопча, Жалолиддин Мангуберди Хоразмшоҳ исми битилган тош, Мирзо Улуғбек Кўрагон номи битилган ва айнан шу аждодимизга тегишли бўлган пиёла, Самарқанддаги Бибихоним масжидидан келтирилган кошинларни учратасиз. Ушбу кўргазманинг иккинчи қисмида янги тарихга оид экспонатлар намойишга қўйилган бўлиб, улар орасида Бухорода тикилган аёллар бош кийими, Самарқандда тайёрланган тиллақошлар мавжуд.
Британия музейи ходимлари бугунги кунда ҳам турли ўлкаларга саёҳат қилиб, замонавий санъат асарлари, этнографик ашёларни тўплашмоқда. Чунки замон тез ўзгармоқда. У ёки бу халқ ҳаётига доир тўпланган жиҳозлар музей экспонатлари қаторидан жой олиб, ўша халқнинг маданиятини дунё аҳлига кўрсатиш йўлида хизмат қилади.
Ўктамали РАВШАНОВ,
Бухоро давлат музей – қўриқхонаси масъул ходими,
Буюк Британия.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг