Мирзо Улуғбек издошлари Самарқандда
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Юртимизда буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонланмоқда. Президентимизнинг шу йил 12 сентябрда қабул қилинган қарорида Мирзо Улуғбек илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, халқаро илмий конференция ва форумлар, кўргазмалар, маданий тадбирлар ўтказиш белгиланганди.
Бугун Самарқанд шаҳрида «Мирзо Улуғбек – буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби» мавзусида халқаро конференция бошланди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мазкур анжуман қатнашчилари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонасида бўлиб, улуғ аллома ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Шундан сўнг Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида конференция ўз ишини бошлади. Унда юртимизнинг таниқли илм-фан намояндалари, ўнга яқин давлатдан йигирмадан ортиқ олимлар иштирок этмоқда.
Конференция дастуридан Мирзо Улуғбекнинг астрономия илми ривожига қўшган ҳиссаси, яратган асарларига оид сўнгги тадқиқотлар натижалари, илмий янгиликлар, ўша давр илмий ва маданий ҳаётига доир ҳамда улуғ аллома шогирдларининг фаолиятига бағишланган маърузалар, тақдимотлар ўрин олган.

Анжуман давомида Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» ва «Тўрт улус тарихи» номли асарларининг бир неча тилдаги янги нашрлари тақдимоти ўтказилади.
Самарқанд давлат университетида хорижлик олимлар томонидан маърузалар ўқилиши, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг